ИЛМ-МАЪРИФАТЛА ТОПГАЙМИЗ КАМОЛ

ИЛМ-МАЪРИФАТЛА ТОПГАЙМИЗ КАМОЛ


“Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”.

Шавкат Мирзиёев.

Куни кеча мамлакатимиз Президенти Олий Мажлисга ўзининг навбатдаги мурожаатномасини йўллади. Ушбу мурожаатномани халқимиз кўтаринки кайфият билан кутиб олди. Чунки юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кейинги босқичи, ривожланишини белгилаб берган мазкур воқелик юрт равнақига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсоннинг эътиборидан четда қолиши мумкин ҳам эмасди. Қолаверса, ушбу мурожаатноманинг илгаригиларидан фарқи шундаки, у йўлланаётган Парламентнинг таркиби яқиндагина бўлиб ўтган сайловлар натижасида янгиланган эди. Айнан мана шу жиҳат ҳам мурожаатноманинг тарихий қимматини янада оширди, десам муболаға қилмаган бўламан.

Президентимиз ўз мурожаатида 2019 йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижасига атрофлича тўхталиб, мамлакатни 2020 йил ва келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ва вазифаларни белгилаб берди.

Ҳар қандай мамлакатнинг ривожи, энг аввало, илм-фан тараққиётига чамбарчас боғлиқ. Жамият илм-маърифатсиз юқори чўққиларга чиқа олмайди, юксак натижаларни кўзлай олмайди, ривожланмайди, бу – айни ҳақиқат. Юртимизни ривожланган давлатлар қаторида кўришни хоҳласак, бунга фақатгина илм-фан тараққиёти ва инновация билан эриша олишимизни барчамиз яхши англашимиз даркор. Бунинг учун эса билимли, кенг фикр юритадиган, ташаббускор ёшларни тарбияламоғимиз лозим.

Шу сабабли ҳам Президентимиз юртимизда илм-фанни янада ривожлантириш, ёшларни юксак билим, буюк маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошланган ишларни янада жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни таклиф этди. Ушбу таклиф бутун халқимиз томонидан катта мамнуният билан қарши олинди.

Таълим соҳаси вакили сифатида шуни айтишим мумкинки, сўнгги вақтларда юртимизда ушбу соҳага жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдан тортиб, таълим сифатини оширишга қаратилган амалий ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб аталиши ҳам бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми, деб биламан.

Бу нима дегани? Бу, биз – таълим соҳаси ходимларига билдирилган юксак ишонч билан бир қаторда, масъулият ҳамдир. Эндиликда ҳар бир устоз-муаллим ўз устида жиддий иш олиб бориш ҳақида бош қотириши керак. Илгаригидек, дарсга кириб, турли ҳужжатларни тўлдириб, вақтни беҳуда сарфлаб, ўқувчи билан етарлича мулоқот қилмасдан, хўжакўрсинга келиб-кетувчи (афсуски, орамизда шундайлар ҳам бор) ўқитувчиларни вақтнинг ўзи четга суриб қўяди. Бугунги ёшлар аввалгидек эмас. Улар билимга чанқоқ, ўқитувчидан нимадир кутади. У кутган билимни ўқитувчи бера олиши керак.

“2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилиб, 211 таси капитал таъмирланади. Шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади.”

Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, шу билан бирга, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларнинг ойлик маошларини ошириш тизимини жорий этиш ҳақида тўхталар экан, Президентимиз мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш зарурлигига ҳам алоҳида урғу қаратди.

         Ҳозирги кун таълим тизимини ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шундай экан, ҳар бир таълим масканини замонавий компьютер жиҳозлари, Интернет тармоғи билан тўлиқ таъминлаш олдимизда турган вазифаларнинг асосийларидан биридир. Айнан шу ишларни давом эттириш учун Юртбошимиз “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқишни илгари сурди. Бу дастурга мувофиқ, кейинги икки йилда 12 мингта соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги Интернетга уланиши кўзда тутилган.

         Мамлакатимиз раҳбари томонидан таълим тизимига шунчалик эътибор берилаётган экан, биз ҳам, ўз навбатида, бу чақириқларга ҳалол меҳнатимиз билан муносиб жавоб бермоғимиз лозим.

Президентимиз ўз мурожаатномасида нафақат илм-фан, таълим соҳаси, балки жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилиши зарур бўлган устувор йўналишларга атрофлича тўхталиб, асосий вазифаларни белгилаб берди.

         Комил ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу мурожаатнома мамлакатимиз тараққиётида инсон манфаатлари ва қонун устуворлигига таянган, халқимизга янгича куч-ғайрат бағишлаган, аҳолининг келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлаган янги бир босқич бошланганлигини англатади.

Бахтиёр Қаршибоев,

Оҳангарон туман Халқ таълими бўлими мудири.




Report Page