ИЛЛЮЗИЯ ВА ҲАҚИҚАТ ОРАСИДА

ИЛЛЮЗИЯ ВА ҲАҚИҚАТ ОРАСИДА


Тилланисо Нурёғду бир нечта шеърий ва ҳикоялар тўплами муаллифи. «Шакл» — унинг илк экспериментал романи. Тилланисонинг ижоди инсон руҳияти, изоляция ва ҳаётдан маъно қидириш каби экзистенциал мавзуларни ўрганади. Унинг ёзиш усули интроспектив, ички муаммолар ва фалсафий саволлар билан тўлдирилган. Асарларидаги персонажлар кимлигини, яшашдан мақсадини излайди, кўпинча ўзларини жамиятдан ажралиб қолган ҳис қилишади. Мутолаа ўқувчига ўз ҳаёти ва дунё ҳақида чуқур фикр юритишга ёрдам беради.

«Шакл»даги бош қаҳрамоннинг ҳаётга муносабати зиддиятли — у бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаётга, ҳам ўлимга интилишини кўрамиз. Бу жиҳатдан Фрейднинг ҳаёт ва ўлим инстинктлари назариясини ёдга оламиз. Қаҳрамон учун ўлим нафақат мағлубият, балки халосиятнинг бир кўриниши бўлиб кўринади. Шу билан бирга, у ўлимни танламайди, чунки у ҳаётдан маъно излаб, унинг ичида ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади. Романда бўшлиқ тушунчаси фалсафий ва психоаналитик жиҳатдан муҳокама қилинади. Қаҳрамоннинг фикрича, инсон бўшлиқда туғилади ва ҳаёти давомида шу бўшлиқни турли шаклларда тўлдиришга ҳаракат қилади. Шакл инсоннинг ҳаётини маънолантириш, уни моддийлаштириш воситаси сифатида келтирилади. Бу ўринда қаҳрамон маъносизликни енгиш учун шакл яратиш муҳимлигини тан олади.

Қаҳрамон атрофидаги замонавий эзотерик таълимотларга ва инсоннинг автоматик (программалаштирилган) мавжудот сифатида қаралишини кескин танқид қилади. Унинг фикрича, бундай қарашлар инсоннинг онги ва иродасини камситади, бу эса унда нафақат кескин исён уйғотади, балки чуқур руҳий изтиробга ҳам олиб келади. Қаҳрамоннинг қўрқувлари, севган инсонини йўқотишдан хавотир олиши ва келажакдан чўчиши асосий эмоционал қуроллардан бири.  

Ушбу роман психологик ички конфликт, қарама-қаршилик ва инсон онгининг мураккабликларини очиб берувчи асар сифатида ўзига хос аҳамиятга эга. Роман бир неча асосий масалаларни кўтаради: инсон ҳис-туйғуларининг чегараси, ижтимоий ва шахсий эркинлик, севги ва нафрат ўртасидаги нозик чегара, шахсий эътиқодларнинг қулашидан кейинги бўшлиқ ва ҳаётнинг абсурдлиги. Онг ўйинлари ва тушлар саҳналари қаҳрамоннинг руҳий деградациясини кўрсатади. У ўзини оддий бир суварак сифатида кўради – бу, Кафка асарларидаги образни эслатади.

Қаҳрамоннинг ҳаётга бўлган эътиқоди аста-секин қулайди. Матнда айтилганидек: «Идеаллар синса, ҳаётдан ҳеч нарса кутмай қўясан.» Бу реалликни қабул қилиш ва ҳаёт мазмунини излаш ўртасидаги ички курашни кўрсатади. Идеалнинг йўқолиши билан бирга инсон ўзининг ҳаётий маъносини йўқотади, бу эса абсурдга олиб келади. Матнда аёлларнинг эрксиз жамиятдаги ҳолати ўта критик тарзда тасвирланади. Бу, нафақат шахсий эркинликнинг йўқлиги, балки аёлларни ўзлигини англашдан маҳрум қилувчи жамиятнинг кенг кўламли муаммоларини акс эттиради. Матнда ҳаётнинг оддий ўйин эканлиги ҳақидаги ғоя кўтарилади.

Асар мураккаб ва кўп қатламли бўлиб, инсон ҳаёти ва ҳис-туйғуларининг нозик, зиддиятли томонларини ўрганади. Унда қўрқув кучли таъсир кўрсатувчи элемент сифатида кўрилган. У инсонни реалликдан узиб, ҳаётни севишга халақит беради. Онгнинг уч қиёфа орқали бўлиниши, улар ўртасидаги ички зиддиятлар асарда марказий ўринни эгаллайди. Г. ўзлигини йўқотиб, бошқалар учун яшаши натижасида ҳаётида бўшлиқни ҳис қилади. Бу бўшлиқ уни руҳий эзилишга олиб келади. Темур образида у ўз ички кучини яратган, аммо бу куч вақт ўтиши билан унга қарши чиқа бошлайди. Бу ҳолат инсоннинг ўз қадрини унутиши ва натижада ўз қиёфасига қарши курашга тушиб қолишини кўрсатади. Г. ўз ҳаётидан бегоналашиб, бошқа одамнинг – Темурнинг ҳаётини яшайди.    

Қаҳрамон ўзини жамиятдан узоқлашган ҳолда кўради ва унинг қоидаларига бўйсунмасликни мақсад қилади. Жамият қоидалари уни руҳий қулликка маҳкум қилганини англаган. Бу руҳий эркинликка интилиш – инсоннинг шахсий қадриятларни қайта тиклашга уринишидир. Қаҳрамон ёшликда идеалларга ишонган, уларга интилган, аммо ҳаётий тажрибалар орқали уларнинг амалда самарасиз эканлигини тушунади. Идеаллар реал ҳаёт билан тўқнашганда парчаланади. Бу ўзи эътиқод қилган китобларга нисбатан тафаккурини ўзгартириши орқали кўринади. «Идеаллар ҳаётдан ўсиб чиқиши керак» деган фикр инсон ҳаётидаги амалийликни муҳим деб ҳисоблайдиган янги ёндашувни кўрсатади.

Қаҳрамон ўзининг болаликдан қолган жамият ва оила таъсирини йўқ қилишга интилади, аммо бу уни янада чуқурроқ бўшлиққа тортади. Бундан озод бўлиш учун янги қадриятлар керак. Унинг Раскольников каби ўз қадриятларини ўлдиришга тайёр эканлиги кўрсатилади. Бу ҳолат инсон руҳиятидаги қайта туғилиш жараёни сифатида кўрилади. Қадриятларни бузиш жараёнида қаҳрамон янги тушунчаларни қабул қилиб, ўзини қайта топишга ҳаракат қилади.

Асарда танани инсоннинг илк «пардаси» сифатида қабул қилиш ғояси бор. Унда қаҳрамон танасини қабул қилиш ва уни тушунишга ҳаракат қилади, бу орқали ўзини ерга ва реал ҳаётга боғлиқлигини ҳис этади. Инсон ўз танасини тушунмас экан, ҳаётни тушуниши қийин. Бу ҳолатда танани қадрлаш ва уни озодликка эришишда бир восита сифатида кўришни таклиф қилади. Қаҳрамоннинг Темур билан муносабати кучли эҳтирослар билан боғланган. Бу ерда муҳаббат фақат ижобий ҳис-туйғулар эмас, балки ўз-ўзини йўқ қилишга мойилликни ҳам акс эттиради.

Асарда энг таъсирли қисмларидан бири қаҳрамоннинг ўз отасига бўлган ҳис-туйғуларини таҳлил қилишидир. Унинг отаси бир вақтнинг ўзида наҳанг, назорат қилувчи шахс ва эркак сифатида талқин қилинади. Бу эса қаҳрамоннинг шахс сифатидаги ривожланишига тўсқинлик қилади. Қаҳрамон отасидан қўрқув туфайли уни худо сифатида тасаввур қилган ва бу қўрқув қарорлари ва шахсий иродасига таъсир қилган. Қаҳрамон онаси ва унинг уйдан кетишини ҳақидаги воқеани эслайди. Онаси ўз санъати учун оиласини қурбон қилган, бу эса қаҳрамоннинг ҳаётидаги биринчи катта йўқотишлардан биридир. Она ва отанинг қарама-қарши образлари орқали матнда истаклар ва ижтимоий вазифалар ўртасидаги мувозанатсизлик мавзуси келтирилган.

Асарнинг марказидаги яна бир муҳим ғоя иллюзия ва реаллик ўртасидаги чегарани аниқлашдир. Ҳикоя ўқувчини ўзини ҳақиқатни англашга, унинг шахсий иллюзиялари билан рўбарў келишга чорлайди. Темурнинг сўзлари, ҳаракатлари ва қора квадрат ёки қути каби объектлар орқали санъат ва ҳаётнинг ўта мураккаб табиати ҳақида фалсафий саволларни кўндаланг қилади. Асардаги асосий савол – ҳақиқатни қандай англаш мумкин, иллюзияларни аниқлаш учун умр етадими ёки уларни шунчаки қабул қилиш керакми? Бу саволга жавобни ҳар бир ўқувчи ўзича топиши мумкин.

Тушкунликка тушган инсонлар кўпинча дин ёки маънавий эҳтиёжлар орқали ўзларини қайта топишга ҳаракат қиладилар. Қаҳрамоннинг динга мурожаати ҳам унинг маъносизлик ва турғунликка қарши курашида муҳим босқичдир. Аммо у бу мурожаатни ҳам чуқур таҳлил қилади ва бу жараённинг ўзида ёшликнинг баҳс ва изланиш даврига хос бўлган зиддиятларни кўрсатади. Муаллиф ўзи учун муҳим бўлган хотираларни ҳикояга қўшиш орқали содда, бироқ чуқур маъноли тасвирларни яратади.  У одамларни муаммолари учун айбламайди; аксинча, уларнинг қарорлари ва ҳаракатларини тушунишга ҳаракат қилади. Ёшлар ўртасидаги мақсадсизлик ва турғунлик – муаллиф учун асосий масалалардан биридир. Асарда кўплаб эпизодлар ёшлар ҳаётидаги бир қанча умумий масалаларни акс эттиради. Ёшлар учун керак бўлган нарса – ташаббус, яратувчанлик ва мустақил фикрлашга рағбат.

Темур, Валижон ва Дилором образлари реал ҳаёт муаммоларидан қочиш учун яратилган гўё хаёлий дунёнинг қаҳрамонлари. Ҳар бир қаҳрамон маълум бир фазилатни ўзида мужассам этади, аммо бу хаёлий дунё яратишнинг сабаби шахснинг ўз ички муаммоларидан, ёлғизликдан ва ҳиссий танқисликдан келиб чиқади.   

Бу ердаги энг муҳим тушунча – муқаррарлик. Муаллиф ҳаётининг турғунлиги ва муаммоларига нисбатан муқаррарликни қабул қилгани, унинг ички бўшлиғини тўлдиришни бошлашига олиб келади. Муаллифнинг ғазаби, ички бўшлиғи ва ўзига қарши курашиши уни ниҳоят таслимиятга олиб келади, аммо бу таслимият фақатгина вақт ўтиши билан ҳақиқий ўзгаришларни амалга оширишга қодир бўлишига йўл очади. Бу жараён ўзини қабул қилиш ва ўзгаришларни кутишдан иборат. Асар охирида қаҳрамон ўзини оролда бўлгандек ҳис қилади – яъни, ҳеч нарсага боғланмаган, эркин ва қўрқувсиз.

Тилланисонинг ижоди, унинг экзистенциал фикрлари, инсоннинг ички азоблари, иллюзиялар ва ҳақиқат ўртасидаги курашни таҳлил қилишга асосланган. У ўзининг ички ҳис-туйғуларини тушунишга интилади, шу билан бирга ҳаётнинг ноаниқлиги ва келажакка бўлган шубҳаларини ҳам кўрсатади. Унинг ёзувлари иллюзияларни ва реалликни фарқлаш, ўз хоҳишларини ва айбларини англаш, тан олиш ва ўзгаришнинг шаклланишини муҳим масала сифатида тақдим этган. Бу ижодий ёндашув унинг психо-эмоционал жараёнларни тасвирлашга имкон беради.

Хулоса қилиши керакки, ҳар бир шахс ўз ҳаётининг маъносини фақат ўз қаршисида аниқлаштириши мумкин ва бу жараёнда баъзан иллюзиялар ва хато қилиш ҳолатлари туғилиши табиийдир. Тилланисо ижоди инсоннинг ички оламига, аниқроғи тушунарсиз жиҳатларига назар ташлаш, ўзгариш ва ўсишга интилиш, ҳаётнинг ҳақиқий маъносини англашга қаратилган чуқур ва фалсафий қарашларни тақдим этади.

 

Нодира Иброҳимова

 


Report Page