ИККИ РОБИЯ: ТАРИХ, ТАҚДИР ВА ТАЛҚИН

 ИККИ РОБИЯ: ТАРИХ, ТАҚДИР ВА ТАЛҚИН

Рустам Жабборов

Ислом оламида машҳур шайхлар, ориф инсонлар ҳақида битилган адабий ва тарихий манбалар, тазкираларда Робия Адавия номи кўп ўринларда зикр этилган. Робия ҳақида даставвал  Фаридиддин Аттор қаламига мансуб “Тазкират ул-авлиё”,  “Мантиқ ут-тайр” асарларида маълумот бериб ўтилади. Кейинчалик  Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий сингари буюк мутафаккирлар бу улуғ аёл ҳақида тўхталиб ўтадилар.

Мумтоз адабиёт, тасаввуф тарихи билан боғлиқ асарларда кўпинча Робия Адавия билан Робия Балхий Қаздорийни адаштириш ҳоллари учрайди. Аслида бу аёллар ким ва улар қандай фарқланади?

    “Жаннатга ўт қўйиб, дўзахни ўчираман!”

Манбаларда Робия Адавия, Робия Қайсия, Робия Бас рия номи билан аталган бу аёл Ироқнинг Басра шаҳрида 713 йилда туғилган. Унинг умри асосан  Басрада ўтган. Камбағал оилада тўртинчи қиз бўлиб туғилган. Зотан Робия араб тилида “тўртинчи” демакдир.

Отасининг ўлимидан сўнг Робиянинг оиласи бошига жуда кўп савдолар тушади. Отасининг қарзлари сабаб Робияни  чўри сифатида сотишган. Кейинчалик художўйлиги, зоҳидларга хос турмуш тарзи, дарвишлар одобига ихлос билан риоя қилгани ва юксак заковати туфайли озодликка чиқарилган.

Ривоятларга кўра, хожаси Робиянинг ярим кечаси Яратганга ибодат қилиб, шундай дуо ўқиётганини эшитади:

“Илоҳо, сенга маълумки, мен кўнглимни тамоман сенга боғладим. Фақат Сен менинг Хожамсан. Аммо нима қилайин, мени ўзимдек бир қулинг  ихтиёрига берибсан. Агар ихтиёрим ўзимда бўлса эди, сенинг тоатингдан ўзга ишга машғул бўлмас эдим”.

Бу муножотни эшитган хожаси кўнгли юмшаб Робияни озод қилади.

Робия бир неча йил саҳрода ёлғизликда кун кечирган, кейин эса яна Басрага қайтиб келган. Робия Адавия Аллоҳни севишдан бошқа жамики нарсаларни рад этган.

Ривоят қилишларича, кунларнинг бирида Робияни бир қўлида машъала, иккинчисида бир челак сув кўтариб кетаётганини кўришган. “”Қаерга кетясан, қўлларингдагини нима қиласан?” деб сўрашганда, “Мен машъала билан жаннатга ўт қўяман, сув билан жаҳаннам ўтини ўтини ўчирмоқчиман” деб жавоб қайтаради. Одамлар “”эсинг жойидами, сен Аллоҳнинг иродасига қарши чиқяпсан, бу амалингдан муддао нима?” деб сўрашади. Шунда Робия “Одамлар фақат Аллоҳнинг жаннатидан тамаъ қилиб, ёки унинг дўзахидан қўрқиб Унга ибодат қилишларини истамайман” дейди.

Дарҳақиқат, Робия жаннатдан умидвор бўлиб ёки дўзахдан қўрқиб бандалик қилишни эмас, балки Оллоҳга таъмасиз тоат-ибодат қилиш тарафдори бўлган. Шу боис, тасаввуф таълимотини тадқиқ қилган кўпгина олимлар бу оқимнинг юзага келишини ҳам бевосита Робия Адавий номи билан боғлашади.

Алишер Навоийнинг “Ҳайратул-аброр” асарида ёзишларича, Иброҳим Адҳам ҳажга йўл олади. Ҳар қадамда тўхтаб, икки ракаат намоз ўқиб, ўн тўрт йил деганда Маккага етиб боради. Аммо, таажжубки, Каъба ўз ўрнида йўқ эди. Ғойибдан овоз келиб, Каъбанинг ўзи уни сидқидилдан тавоф қилиш учун йўлга чиққан Робия Адвиянинг олдига кетганини хабар қилади...

  “Никоҳ вужуд билан бўлади”

Ривоятларда Робия Адавия ўз даврининг етук шайхларидан бири бўлган Ҳасан Басрийнинг садоқатли шогирдларидан бири бўлгани айтилади. Ўз даврининг жуда кўп мард кишилари, ҳатто Басра ҳокими ҳам Робиянинг қўлини сўраб, унинг розилигини олиб бериш учун шайх Ҳасан Басрийга юзланадилар.

Ҳасан Басрий Робияга “сен бу дунёдан тоқ ўтма, тенгингни топиб узатайлик” деганда Робия “ Никоҳ вужуд билан дуруст бўлади, менда эса вужуддан асар қолмаган, йўқ нарсага никоҳ ўқиса бўладими?” деб жавоб қайтаради.

Шунингдек, буюк мутафаккир “Насойим ул-муҳаббат” асарида ҳам Робия Адвия ҳақида тўхталган:

 “Робиаи Адавия  Басра аҳлидин эрди. Суфён Саврий андин масоил сўрар эрди ва анинг мавъизоту дуосиға рағбат кўргузур эрди...” Шундан сўнг Навоий Робия ва Суфён Саврий ўртасидаги мунозаралани келириб ўтади.

Робия Адавия  умрининг сўнгги йилларида Қуддуси шарифга борган ва 801 йилда ўша ерда вафот этган. Айрим манбаларга кўра, у Қуддус яқинидаги Жабал аз-Зайтун тоғида дафн этиган. Робия Адавий ҳақида Миср ва Туркия киноижодкорлари фильмлар суратга олишган

   Ўз қулига дил берган бека

Робия Балхий, Робия бинт Каъб ёки Робия Қаздорий номи билан машҳур бўлган яна бир Робия ҳам борки, у басралик отдошидан тахминан бир асрча кейин милодий Х асрда Сомонийлар даврида яшаган. Асли араб муҳожири оиласида туғилган Робия кейинчалик ўзининг тақводорлиги ва истеъдоди сабаб “Зайнул-араб” (“Араблар зийнати”) деб ном олган.

У араб ва форс тилларида шеърлар битган. Маълумотларга кўра, Робия Балхий ўз даврининг етук шоири Абу Абдуллоҳ Рудакий билан ҳам учрашиб, у билан шеърий мунозаралар олиб борган.

Ривоятларга кўра, Робия ўз оиласидаги Бектош исмли турк ғуломини севиб қолади. Буни билган акаси Хорис ғазабланиб, Робияни ҳаммомга қамаб ўлдиришни буюради. Робиянинг ўлимидан хабар топган Бектош ҳам ўз жонига ҳам қасд қилади. Бу ҳақда XIX  асрда яшаган эронлик адиб ва дипломат Ризоқулихон Ҳидоят ўзининг “Гулистони Эрам” достонини ёзган. Шунингдек, у ҳақда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Робия Балхий” қиссаси ҳам чоп этилган.

 Маълумотларга кўра, Робия Балхий ўзи туғилиб ўсган Балх шаҳрида вафот этган. Унинг қабри ҳозирги Афғонистоннинг Балх шаҳрига яқин Қаздор қасабасидаги Хожа Абу Наср Порсо мақбарасидан ўрин олган.

Робия Балхийдан бир қанча бетакрор ғазал ва рубоийлар еттб келган.

Ҳаргиз рӯзе ба банда парво-т набуд,

В-андешаи ин бедили шайдо-т набуд.

Хўрдем зи ту хуну нахўрди ғами мо,

Дар пои ту мурдему сари мо-т набуд.

(Ҳаргиз бир кун ҳам мен қулингга парво қилмадинг, бу бедил ошиғингга эътибор ҳам бермадинг. Сен туфайли қон ичдик, аммо сен бизнинг ғамимизни емадинг, сенинг оёғинг остида ўлдик, аммо сен бошимиз устида турмадинг...)

Хўш, энди Навоий бир неча ўринда тилга олган Робия бу икки тарихий шахснинг қай бири эди, деган савол туғилади. Албатта, Ҳазрат Навоий ҳар иккала Робиянинг ҳаёти, фаолияти ва уларнинг фарқи ҳақида етарлича маълумотга эга бўлган.

Навоийгача Фаридиддин Аттор Робия Адавиядан ташқари Робия Балхий ва унинг бахтсиз севгиси ҳақида “Илоҳийнома” асарида айтиб ўтган, унинг нозиктабъ шоира эканини ҳам таъкидлаган эди. Албатта, Атторни ўзига устоз деб билган Навоий унинг Робия Балхий ҳақидаги ҳикоясини ҳам ўқиган эди.  Бироқ, Навоий ўз асарларида биринчи Робия - Робияи Адавия ҳақида тўхталиб ўтган холос. Шоир асарларида Робия Балхий ҳаёти ва ижодига бирор ишорани учратмадик.

Бугунги кунда кўпгина мақолаларда, суҳбатларда бу икки Робияни чалкаштириш ҳоллари учрайди. Эҳтимол ҳар иккиси ҳам тасаввуф таълимоти вакиллари бўлгани, деярли бир даврда яшагани учун бундай ҳолни тушуниш мумкиндир. Аммо, ҳақиқат шуки, Робия Адвия ва Робия Балхий Қаздорий бошқа-бошқа аёллар бўлиб, уларнинг ҳар иккиси Шарқ уйғониш даврининг муносиб вакилалари бўлишган. 


Report Page