IJFнинг "Мактабларда дзюдо" дастури бўйича онлайн маҳорат сабоқлари ўтказилди
Маълумки, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF)нинг “Мактабларда дзюдо” дастури ташкилотга аъзо барча мамлакатларда амалиётга тадбиқ этиб келиняпти.
Жумладан, Ўзбекисонда ҳам ушбу дастур амалда. Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги аввалдан танлаб олинган умумтаълим мактабларда дзюдо тўгараклари фаолият юритмоқда. Ушбу мактабларда 5-12 ёшли болалар дзюдо орқали ижтимоий, таълимий ва жисмоний кўникмаларни ўрганишяпти.
Бугун Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан Zoom платформаси орқали айнан ушбу мактабларда дзюдо сир-асрорларини ўрганаётган болаларнинг мураббийлари учун маҳорат сабоқлари ташкил этилди. Уни япониялик таниқли мутахассис, терма жамоа мураббийлар штаби аъзоси Томoo Тории олиб борди.
Онлайн тарзда ўтказилган маҳорат сабоқларини Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов кузатиб боришди.
"Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбарияти мураббийлар танлови бўйича жуда тўғри қарорга келган. Илиас Илиадис олимпиада чемпиони, бугунги машғулотни ўтказаётган Тории партер усталарилан ҳисобланади. Уларнинг саъй-ҳаракатлари ўз меҳнатини беришига ишонаман. Фақат мураббийларимизга таклифим - катталар терма жамоасида қандай услубда машғулот жараёни олиб борилаётган бўлса, буни кадетлар, ёшлар ва бугун биз кўраётган мактаблардаги тўгаракларга ҳам жорий қилиш керак. Шунда ёш дзюдочилар вертикал тарзда катталар терма жамоасига тайёр бўлиб боришади. Кейин бу каби онлайн-машғулотларни вилоятлардаги мураббий ва спортчилар билан ҳам кўпроқ ўтказиш керак. Келаси машғулотга мактабларда шуғулланаётган дзюдочиларнинг ўзларини ҳам жалб қилинглар. Мана бугун мен мураббийларни кўраяпман, аксарияти тажрибали мутахассислар. Сизларга ишончимиз ҳам, умидимиз ҳам катта. Терма жамоамизнинг эртанги куни айнан сизларга боғлиқ. Шу сабабдан ҳам масъулиятни ҳис этиб, онлайн-машғулотдан олган янгиликларни ўз машғулотларингизга тадбиқ этиб боринглар", - деди Р.Шоабдураҳмонов.
Онлайн маҳорат сабоқларини олиб борган япониялик мутахассис бир нечта усулларни амалий тарзда кўрсатиб берди. Режа бўйича онлайн-машғулот уч кун давомида ўтказилади. Эртанги машғулотда бевосита мактабларнинг дзюдо тарбияланувчилари ҳам иштирок этади.
Шу ўринда Томоо Тории иштирокидаги маҳорат сабоқларига мураббийлар томонидан катта қизиқиш билдирилганини айтиш жоиз. Навоий вилояти Қизириқ тумани мураббийи Миршод Жамолов интернет алоқасининг деярли йўқлиги сабаб, ҳатто ўз уйининг томига чиқиб онлайн-машғулотни кузатиб борди. Интернет ишламаяпти деб баҳона қилиб қўйиши ҳам мумкин эди. Мураббийни ҳеч ким бунинг учун уришмасди. Албатта, бу ҳам мураббийларимизнинг ўз касбига фидоийлигидан дарак бериб турибди.
Онлайн-машғулот сўнггида МОҚ президенти айнан шу ҳолатга ҳам алоҳида урғу қаратиб, мураббийга ташаккур изҳор қилди ва интернет масаласида амалий ёрдам кўрсатилишини айтиб ўтди.