ИИВ томонидан Ўзбекистон ҳудудида “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди

ИИВ томонидан Ўзбекистон ҳудудида “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди

Ички ишлар вазирлиги

2019 йилнинг 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти таъқиқланган “Жиҳотчилар” ДЭОнинг бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилди.

Мавжуд маълумотларга кўра, ушбу шахсларнинг бир неча нафари муқаддам таъкидланган оқим сифатида ноқонуний фаолият билан шуғулланганлиги боис жазо муддатини ўтаб чиққан бўлиб, мамлакатимиз ҳукумати томонидан кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий кўмакка қарамасдан жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, “Жиҳодчилар” ДЭО ғояларини тарқатганлар ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлар. Шунингдек, улар юртимиздаги ёшлар онгини заҳарлаб, ўзларининг ақидапарастлик ғояларини сингдириб, жиноят содир этишга чорлаганлар.

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, “Жиҳодчилар” ДЭО ғояларида кишилар онгидан миллий урф-одатларни йўқ қилиш, қабристон ва зиёратгоҳларга боришни ман этиш, барча қонун-қоидаларни фақат Қуръон ва шариат асосида ўз талқинларида бўлишини таъминлаш ҳамда мавжуд сиёсий тузумни ағдариб ташлаш ва шариатга асосланган давлатни қуриш акс этган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.   

Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраймиз.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Minjust.uz” номли веб-сайтида экстремистик ва террористик ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар эълон қилиб борилаётганлигини маълум қиламиз.

ИИВ Ахборот хизмати