“УСТОЗЛАР — СИЗГА ТАШАККУР”

“УСТОЗЛАР — СИЗГА ТАШАККУР”

TVIIBB

Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган ИИВ 2-сон Тошкент Академик лицейида “Ўқитувчи ва мураббийлар кунига“ бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Маълумки, юртимизда 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинади.

Аввало, минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зот - ўқитувчи ва мураббийларимизга касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!

Ушбу сана муносабати билан, бугун ИИВ 2-сон Тошкент Академик лицейида “Устозлар — сизга ташаккур” шиори остида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда, ИИО сафида кўп йиллар хизмат қилиб, фахрий мақомга эга бўлган устозлар, профессор - ўқитувчилар, лицей раҳбарияти ва ходимлари, меҳмонлар ҳамда 1000га яқин ўқувчилар иштирок этди.

Кўтарангки кайфиятдаги тадбирнинг асосий қисми, “Бадиий ҳаваскорлик тўгараги” аъзолари ҳамда иштирокчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясини жонли куйлаш билан бошланди.

— Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган юртимиздаги барча инсонларни умумхалқ байрами сифатида нишонланаётган “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман, — дейди лецей директори, подполковник Абдураҳмон Пардиев. — Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз. Сиз, азизларнинг ана шу эзгу мақсадларга эришиш, инсон ҳар томонлама эркин ва фаровон яшайдиган жонажон Ватанимизни яна-да тараққий эттиришга ҳамда ўқувчи-ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган оғир ва машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли меҳнатингизни муносиб қадрлаш учун, биз, давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этишга тайёрмиз.

Тадбир давомида ушбу лицейнинг барча устоз ва мураббийлари раҳбариятнинг пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Шунингдек сўзга чиққанлар, бугунги доруломон кунларга шукроналик билан яшаш, тинчликдек буюк неъматнининг қадрига етишларини таъкидлаб, ватан сархатларида чуқур из қолдириб, ИИО сафида муносиб хизмат қилган, юрт тинчлиги йўлида фидоий меҳнат қилиб ўтган устозларини ёдга олдилар.

Зеро, халқимизда шундай гар бор: Устознинг умри - мангудир, чунки шогирдлар умри унга уланади. Қолаверса, сўнги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан ИИОга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар муносиб бўлишлари ҳамда азалий қадриятимиз “Устоз -шогирт” анъанасини давом эттириб, устозлардан олган билим ва тажрибаларини амалда қўллаш орқали юртимиз дахлсизлигини таъминлаш ва ватан равнақи йўлида ўз ҳиссаларини қўшишларига тилакдошликлари ҳамда қўллаб қувватлашлари билдирдилар.

Баҳодир Колонов раҳбарлигидаги “Бадиий ҳаваскорлик тўгараги” аъзолари томонидан куйланган, устозларни мадҳ этувчи жонли ижродаги куй-қўшиқлар, иштирокчилар кўнглига бирдек манзур бўлиб, юқори кайфият бахш этди.

Тадбир сўнгида ўқувчилар, устоз ва мураббийларга ўз қутлов ва ташаккурларини ноанъанавий тарзда, яъни, бир вақтинг ўзида 100 ортиқ ўқувчилардан ташкил топган “РАҲМАТ” сўзи орқали акс эттирдилар.

Қолаверса, устозларга нафақат ўзбек тилида, балки рус ва қозоқ ҳамда инглиз тилларида ҳам изҳорлар билдиришди.

Охунжон МУСТАФОЕВ,

Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизмати

Report Page