Расмий муносабат. Чирчиқ шаҳридаги ҳолат юзасидан

Расмий муносабат. Чирчиқ шаҳридаги ҳолат юзасидан

Toshkent viloyati IIBB

Жорий йилнинг 30 август куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро мурожаати акс этган видео хабар тарқатилди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади.

2020 йил 11 июнь куни Тошкент вилояти ИИББ, Чирчиқ шаҳар ИИБ ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида, Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 1982 йилда туғилган Г.Б. интернетдаги youtube тармоғи орқали “Сурия давлатида фаолият олиб бораётган террористик ташкилотлар томонидан тайёрланган экстремистик ва террористик руҳдаги видеороликларни доимий кўриб келиши, telegaram тармоғида улар томонидан юритиладиган гуруҳларга аъзо бўлиб, экстремистик, террористик руҳдаги даъватлар акс этган материалларни ўзининг танишларига мунтазам тарқатиб, уларни тарғиб қилиб келганлиги аниқланган.

Фуқаро Г.Б. ва унинг 2003 йилда туғилган қизи Х.У. ИИБга олиб келиниб, улар билан суриштирув ишлари олиб борилганида, фуқаро Г.Б. телефони ҳимоя кодини ошкор қилмасдан, айёрлик қилиб ўзининг жиноий ҳаракатларини фош этувчи ашёвий далилларни яширишга уринган.

Фуқаро Г.Б. га мазкур иш юзасидан жалб қилинган адвокат томонидан ҳолатга ойдинлик киритиш учун телефон ҳимоя кодини очиб бериши тавсия қилганда аёл буни рад этган. Шундан сўнг, фуқаро Г.Б.нинг жиноий ҳаракатларини фош этиш ҳамда у томонидан телефон аппарати хотирасида сақлаб, танишлари орасида тарқатиб келинган Сурия давлатидаги террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилувчи видеороликларни тарқатиб келган бошқа шахсларга оид маълумотларни ўчириб ташланишига йўл қўймаслик мақсадида, фуқаро Г.Б. Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 224-моддаси тартибида бир суткага ушланиб ИИБда олиб қолинган ва унинг қизи Х.У. уйига қўйиб юборилган.

Яна шуни алоҳида қайд этиш жоизки, фуқаро Г.Б. ўзининг мурожаатида келтириб ўтган ҳолатлар, яъни унинг кийиниши, хусусан рўмолига ходимлар томонидан эътироз билдирилгани тўғрисида гапириб ўтган. Аммо, ушбу вазиятда тадбир иштирокчилари томонидан аёлнинг ўзи, унинг рўмоли ёки шахсига нисбатан бирор бир ноқонуний ҳаракат, ортиқча эътироз билдирилмаган.

Аксинча, ходимлар томонидан уни аёл эканлиги ва 3 нафар фарзанди борлигини инобатга олиниб телефон аппаратининг ҳимоя кодини очиб берилганидан сўнг унинг хотирасида мавжуд бўлган ашёвий далиллар расмийлаштириб олинган ва уйига қўйиб юборилган.

Фуқаро Г.Б ички ишлар биносидан чиқиб кетаётган вақтида у билан суҳбат олиб борган ходимларга нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилган.

Орадан кўп вақт ўтмай ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгач фуқаро Г.Б ўзининг қилмишларини яшириш мақсадида интернет тармоғи орқали гўёки ўзини таҳқирланган аёл қиёфасида кўрсатиб видео мурожаат тарқатган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасида, Г.Б. га тегишли бўлган телефон аппаратлари хотирасидаги маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғирилганлиги, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тарқатиш ва сақлаш таъқиқланиши кўрсатиб ўтилган.

Мазкур ҳолат юзасидан, фуқаро Г.Б. га нисбатан 2020 йил 30 июнь куни Чирчиқ шаҳар ИИБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Фуқаронинг оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатлар инобатга олиниб, унга муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақидаги «тилхат» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шу ўринда фуқаролардан, журналист, блогер ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан, тўғридан-тўғри ички ишлар тизимини обрўсизлантиришга қаратилган, текширилмаган ёки бир томонлама ўрганилган ахборот ва хабарларни тарқатмасликларини, бу каби ҳолатларда расмий манбалар орқали ҳолатга аниқлик киритишларини ва олинган маълумотларни холис етказишларини сўраймиз.

ИИББ Ахборот хизмати


Report Page