ЙҲҚни бузиб, жаримани ўз вақтида тўламаган ҳайдовчилар диққатига

ЙҲҚни бузиб, жаримани ўз вақтида тўламаган ҳайдовчилар диққатига

Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизмати

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ жорий йилнинг 22-июль кунидан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, жаримани белгиланган муддатда тўламай юрган ҳайдовчиларни аниқлаш ва фоторадарлар орқали қайд қилинган автомашиналарни жарима майдонига жойлаштиришга қаратилган тадбирлар ўтказишни бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ (“Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби”), йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси ушлаб турилади.

Қанча муддатга?

Жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар.

Бу ҳақда жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбари ёзма кўрсатма беради.

Ҳозирги кунда транспорт воситаси эгаларининг манзилларига содир этилган қоидабузарлик юзасидан белгиланган жарималар тўғрисида қарорлар етказилган бўлсада 3.800 дан ортиқ ҳайдовчилар томонидан  жарималар муддати ўтказиб юборилган. 

Жумладан, Чиноз туманида 529 та, Ангрен шаҳрида 504 та, Зангиота туманида 487 та, Янгийўл туманида 435 та, Оҳангарон туманида 261 та, Ўртачирчиқ туманида 224 та, Юқоричирчиқ  177 та, Қибрай туманида 216 та, Олмалиқ шаҳрида 151 та, Бекобод туманида 131 та, Паркент туманида 116 та, Чирчиқ шаҳрида 105 та, Бекобод шаҳрида 104 та, Бўка туманида 95 та, Оққўрғон туманида 68 та, Пискент туманида 60 та, Бўстонлиқ туманида 54 та, Қуйичирчиқ туманида 30 та, Янгийўл шаҳрида 20 та, Тошкент туманида 18 та, Оҳангарон шаҳрида 13 та ҳайдовчилар томонидан белгиланган жарималар муддати ўтказиб юборилган.

Ҳурматли ҳайдовчилар...

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ маълум қилади, вилоят ҳудудида қарздорларни автоматик тарзда аниқловчи “Автокон” комплекслари ишламоқда.

Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси қарздорлиги мавжуд автомашиналарни, қарздорлик тўлиқ тўлангунга қадар жарима майдонига жойлаштириш ишлари жадаллаштирилганлигини маълум қилиб, вилоятимиз фуқароларини ортиқча сарсонгарчиликларсиз содир этган қоидабузарликлари бўйича жарималарни ўз вақтида тўлашлари лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтади.

Вақтида тўланмаган жаримангиз оилангиз билан дам олиш учун кетаётган вақтингизда, сизни тўхтатиб, автомобилингизни жарима майдончасига жойлаштирига сабаб бўлиши мумкин.


 


Report Page