РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Директор ва унинг ўқувчиси билан боғлиқ ҳолат ўрганиб чиқилди

РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Директор ва унинг ўқувчиси билан боғлиқ ҳолат ўрганиб чиқилди

TVIIBB

Куни кеча телеграм мессенжеридаги каналлар орқали “Чиноз тумани 19-таълим мактаби директори 6-синф ўқувчисини аямасдан калтаклади” номи билан видео хабар тарқалган эди.

Ушбу ҳолат Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, вояга етмаган О.Р. ҳақиқатдан ҳам Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган 19-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 6-“а” синф ўқувчиси. Жорий йилнинг 9 октябрь куни ўқувчилар синф хонада ўтирган вақтида мактаб директори Ш.Х.  синф хонасига кириб, технология фани ўқитувчиси йўқлиги сабабли, ўрнига шу соатда математика дарси бўлишини айтган. Шунда, ўқувчи О.Р. нима сабабдан технология дарси бўлмаслигини қўпол равишда, баланд овоз билан сўраган. Барча ўқувчилар олдида мактаб директорига нисбатан қўпол муомала қилганлиги учун мактаб директори ўқувчи билан  алоҳида гаплашиб олиш мақсадида уни қўлидан ушлаб, бошқа хонага олиб кирган ва ундан тушунтириш хати олган.

Ҳолат юзасидан Чиноз тумани  ИИБ  томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб,  вояга етмаган мактаб ўқувчиси О.Р.га олган тан жароҳатлари юзасидан, судга оид тиббий экспертиза тайёрланган. 2019 йил 11  октябрь кундаги суд-тиббий экспертизасининг хулосасисга кўра, вояга етмаган О.Р.га соғлиқни қисқа муддат бузилишига сабаб бўлмаган “Енгил” тан жароҳати ташҳиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан, фуқаро Ш.Х.нинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли, унга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисмига асосан жавобгарлик белгиланган. Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун маъмурий ишлар бўйича Чиноз туман судига юборилган.


Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизмати


Report Page