ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ: ЗЎРАВОНЛИК ҲОЛАТЛАРИ БЎЙИЧА МУРОЖААТЛАР ТАҲЛИЛИ

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ: ЗЎРАВОНЛИК ҲОЛАТЛАРИ БЎЙИЧА МУРОЖААТЛАР ТАҲЛИЛИ


(2021 йилнинг январь - март ойлари учун)

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси томонидан 2021 йилнинг январь-март ойлари мобайнида олиб борилган фаолият юзасидан статистик маълумотлар тақдим этилди.

Маълумотномадан кўриниб турибдики январь-март ойлари мобайнида зўравонликка дуч келган шахслар аввалги йилга нисбатан анчагина ортган. Мисол учун, жорий йилнинг январь – март ойларида республикамиз ҳудудларидаги ички ишлар органларига хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари бўйича жами 11 070 та мурожаат келиб тушган.

Шунингдек, 2021 йилнинг бошидан 1 апрельга қадар ички ишлар органларининг “1002” махсус телефонига зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари юзасидан бевосита 765 та қўнғироқ амалга оширилган. Уларнинг барчасида баён этилган муаммолар ижобий ечимини топган

Январь-март ойида келиб тушган жами мурожаатларнинг 2 772 таси 18-30 ёш оралиғидаги, 93 таси эса вояга етмаган шахслар томонидан бўлган.

Маълум бўлишича, содир этилган зўравонлик ҳолатларининг 9 973 таси оилада, 768 таси кўчада, 205 таси жамоат жойида, 100 таси иш жойида ва 24 таси таълим муассасасида содир этилган.

Мурожаатлар сони бўйича (ўтган уч ой ичида) энг юқори ўринни Фарғона вилояти эгаллаган. Фарғоналикларнинг 1 294 нафари зўравонлик ёки тазйиқлардан азият чеккани ҳақида ички ишлар органларига шикоят қилган. Шунингдек, 1 270 та мурожаат билан Қашқадарё вилояти иккинчи, 973 та кўрсаткич билан Қорақалпоғистон Республикаси учинчи ўринга “сазовор” бўлган.

Навоий (480 та), Наманган (491 та) ва Жиззах (569 та) вилоятларида бу борада нисбатан паст кўрсаткичлар қайд этилган.

Мурожаат қилган шахсларнинг 5 209 нафари руҳий, 3 813 нафари жисмоний, 166 нафари иқтисодий, 44 нафари жинсий зўравонлик ҳамда 1 838 нафари зулм ва тазйиқ ўтказишларга учраганини маълум қилган.

 

Жисмоний зўравонлик билан боғлиқ мурожаатларнинг энг кўпи, Қашқадарё (548 та), Сирдарё (540 та) ва Фарғона (412 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Руҳий зўравонлик бўйича мурожаатларда Қорақалпоғистон Республикаси (959 та), Қашқадарё (668 та), Андижон (566 та) январь, февраль, март  ойларида мутлақ “рекорд” қўйганлар.  

Иқтисодий зўравонлик бўйича мурожаатларда Самарқанд вилояти энг етакчи ўринда – 100 та. Тошкент ва Навоий (ҳар бирида 13 тадан), Сурхондарё (12 та) вилоятлари кейинги ўринларни эгаллаган бўлса, Сирдарё, Жиззах, Фарғона вилоятларида бу турдаги зўравонлик ҳодисаси умуман қайд этилмагани диққатга сазовордир.

Жинсий зўравонлик ҳодисалари ҳақидаги мурожаатлар бўйича Тошкент шаҳри биринчи (10 та), Навоий вилояти иккинчи (9 та), Сурхондарё вилояти учинчи (6 та) бўлишган. Шунингдек, жинсий зўравонлик фактлари Самарқанд, Сирдарё, Андижон вилоятларида 4 тадан, Жиззах вилоятида – 3та, Қашқадарё вилоятида – 2 та, Хоразм вилоятида – 1 тадан рўйхатга олинган бўлса, Тошкент, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида умуман қайд этилмаган.

Зулм ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари бўйича Фарғона вилояти (587 та) яна ўзига хос “рекорд” ўрнатган. Иккинчи ўринни эса Наманган вилояти (391 та), учинчи ўринни Хоразм вилояти (260 та) эгаллаган.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2021 йилнинг январь-март ойларида республиканинг барча ҳудудлари бўйича зўравонлик жабрланувчисига айланган жами 11 070 нафар шахснинг барчасига ички ишлар идоралари томонидан “Ҳимоя ордери” расмийлаштириб берилган.

Мазкур ордерларнинг 8 158 таси эри томонидан хотинига, 322 таси қайнона томонидан келинига, 229 таси келини томонидан қайнонасига ҳамда қолган  2 361 таси бошқаларга расмийлаштирилганини кўриш мумкин.

Ҳимоя ордерларини беришга 7 796 ҳолатда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларнинг бевосита мурожаатлари, 2 042 ҳолатда тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш фактларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши, 779 ҳолатда жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари ҳамда 453 ҳолатда давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган материаллар асос бўлиб хизмат қилган.

Таъкидлаш керакки, Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, республикадаги барча Реабилитация ва мослаштириш марказлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа дахлдор ташкилотлар билан гендер тенгликни таъминлаш ва зўравонликка қарши кураш бўйича изчил ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.

 

 


Report Page