“ИБРАТЛИ ОИЛА” КЎРИК ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ  ЧЕТ ЭЛ САФАРИДА

“ИБРАТЛИ ОИЛА” КЎРИК ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ  ЧЕТ ЭЛ САФАРИДА

@Oilamarkazi

Telegram | Facebook | Instagram | www.oilamarkazi.uz 


“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан жорий йилнинг 22 ноябрь куни оилавий қадриятларни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий-маърифий тадбир – “Ибратли оила” республика кўрик-танлови ғолибларининг тантанали тақдирлаш маросими ўтказилган эди. Кўрик-танлов ғолибларига ва номинацияга эга бўлган оилаларга “Оила” маркази ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилганди. Биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган ғолибларга совғалардан ташқари хорижга саёҳат учун бепул йўлланмалар ҳам берилганди.

Мана, бугун, 18 декабрь куни “Ибратли оила” кўрик-танлови ғолиблари Тошкент вилояти Ангрен шаҳридан Исмоиловалар оиласи, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидан Норматовлар оиласи ҳамда Тошкент шаҳаридан Ражабовлар оиласи Миср Араб Республикасининг Шарм аш-Шайх шаҳрига саёҳат ва дам олиш учун жўнаб кетди.

Қайд этиш лозимки, кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ўтказилди.

Кўрик-танловнинг асосий мақсади – оилани мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишдир.

Ушбу танлов 2018 йил биринчи бор ўтказилганда, унда 14 минг 800 га яқин оилалар иштирок этган бўлса, 2019 йил 70 мингга яқин оилалар иштирок этди.

Оила – мўъжаз Ватан! Демак, фарзандларимиз мана шу муқаддас даргоҳда ўсиб-улғайиши, илм чўққиларини эгаллаши, ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб тарбияланиши лозим. Зеро, фарзандларимизни етук инсон бўлиб вояга етишини истар эканмиз, улар ибратли ва замонавий оилада камол топиши ҳақида қанча ғамхўрлик қилсак ҳам кам.

Тадбир ташкилотчиларининг ишончи комилки, ибратли ва замонавий оилада камол топган фарзандларимиз ҳам Ўзбекистон шаънини улуғлайдиган, эл-юрт фаровонлиги йўлида фидойи инсонлар бўлиб вояга етадилар.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати

Report Page