ИБН СИНОНИ ЎРГАНАЙЛИК

ИБН СИНОНИ ЎРГАНАЙЛИК

ИБН СИНО ТАВАЛЛУДИГА 1040 ЙИЛ ТЎЛДИ


Абдужалол Раҳим

2020 йилнинг 16 августида Абу Али ибн Сино таваллудининг 1040 йиллиги жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида, шу жумладан, улуғ аллома ва табиб туғилиб-ўсган Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланди. Тошкентда “Абу Али ибн Сино – Ўзбекистон ғурури ва умумжаҳон мероси” мавзусида халқаро илмий-маърифий видеоконференция ўтказилди. Ибн Сино жамоат фонди томонидан ташкил этилган ушбу тадбир ҳамкор “Узрепорт” телеканали орқали намойиш қилиб борилди.

Халқаро илмий-маърифий видеоконференцияни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари Амрилло Иноятов кириш сўзи билан очди. А.Ш.Иноятов ўз сўзида Бухорода таваллуд топган машҳур аллома ва табиб Абу Али ибн Синонинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда илмий меросининг юртимизда ўрганилиши масалаларига тўхталиб ўтди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров Ибн Синонинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида маъруза қилди.

Видеоконференцияда Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКОнинг таълим қўмитаси аъзоси Амина Атҳер, шунингдек, Ҳиндистон, Туркия, Исроил, Франция давлатларининг вакиллари, юртимизнинг Ибн Синошунос олимлари сўзга чиқдилар.

Халқаро илмий-маърифий видеоконференцияда ёзувчи Абдужалол Раҳим “Ибн Синони ўрганайлик” мавзусида маъруза қилди. Анжуман иштирокчилари ёзувчининг “Абу Али ибн Сино” романи ҳақида фикрлар билдирдилар. Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилова ушбу роман тарихий материаллар асосида ёзилгани ва асар асосида кино яратилса мақсадга мувофиқ бўлишини эътироф этди.

Қуйида ёзувчи Абдужалол Раҳимнинг халқаро видеоконференцияда қилган маърузаси матнини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

ИБН СИНОНИ ЎРГАНАЙЛИК

Улуғ табиб ва аллома Абу Али ибн Сино яшаб, ижод қилган давр билан йигирма биринчи асримизни минг йил ажратиб турибди. Аммо, жаҳон халқлари, шу жумладан, ўзбек халқи фавқулодда қибилият соҳиби бўлган даҳони унутган эмас. Унинг қаламига мансуб “Китоб ал-қонун фи-т-тибб” – “Тиб қонунлари”нинг иккинчи китобида тавсиф ва тасниф этилган мана бу дориворларни ҳар бир ўзбек яхши билади: исмалоқ, мойчечак, садарайҳон, анор, сачратқи, исириқ, қоқигул, бодом, наъматак, ялпиз, чилонжийда, равоч, саримсоқ, аччиқтош, тўтиё... Рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Бу наботот ҳамда унсурлар номини эшитганимизда бувиларимиз, оналаримиз биз хасталанганимизда анор пўстлоғини қайнатиб берганлари, тонгда сачратқи сувига чўмилтирганлари, наъматак ёки чилонжийда қайнатмасини ичирганлари, томоғимизни аччиқтош суви билан чайганлари ёдимизга тушмайдими?

 

*  *  *

Абу Али ибн Сино таълиф қилган “Тиб қонунлари”нинг иккинчи китобида 800 дан ортиқ дори-дармонларга таъриф берилган. Бироқ буларни ҳамма ҳам билавермайди. Ваҳоланки атрофимизни ўраб турган оламдаги ҳар бир гиёҳ, унсур, жонивор ҳаётимиз давомида йўлиқишимиз мумкин бўлган турли хасталикларга шифодир.

“Тиб қонунлари”да ҳатто оддий сувнинг (қарангки, у оддий эмас экан) не-не дардларга шифолиги баён қилинган. “Сув ҳамма қувватларни, яъни ҳазм қилувчи, ҳайдовчи, тортувчи ва тутувчи қувватларни кучайтиради”. “Денгиз суви совуқдан ёрилишларга фойда қилади, тери остида ивиб қолган қонни шимилтиради. Қалтироқ, фалаж, увушиш ва шунга ўхшаш асаб касалликларида иситиб чўмилганда фойда қилади”. “Олтингугуртли сувлар бўғин шишларига, осилиб турган сўгалларга фойда қилади.

Биз буларни ўрганишимиз лозим.

 

*  *  *

Бухорода туғилиб-ўсган даҳо табиб ва аллома ўн олти ёшидан илмий изланишларини бошлаган. Умри давомида 450 дан ортиқ асар ёзди. Булрадан 80 таси фалсафа, илоҳиёт ва тасаввуфга бағишланган, 43 та китоб ва рисола табобатга оид, 19 таси мантиқ, 26 таси руҳшунослик, 23 таси табииёт илмига, 7 асар фалакиётшуносликка, 1 таси математикага, 2 таси кимёга, 9 таси этикага, 4 таси адабиётга, 1 таси мусиқага оид, 8 таси ўз даврининг олимлари билан ёзишмаларидир.

Биз буларни мустақил ҳаётга эндигина қадам қўяётган, бугунги ўн олти ёшли йигит-қизларга етказишимиз, уларнинг онгига сингдиришимиз, бу ҳақда фикрлашга чорлашимиз зарур.

 

*   *  *

Ибн Синони ўрганишни болаликдан бошламоқ керак. Зеро, болаликда ўрганилган илм инсонни фикрлашга ўргатади, хотирасига қўрғошиндек қуйилиб қолади. Ибн Сино бола саломатлиги ҳақидаги фаннинг асосчиларидан бири саналади.

Абу Али ибн Синонинг “Тадбирда йўл қўйилган ҳар хил хатоларга қарши чора кўриш орқали инсон баданига етган турли зарарларни йўқотиш” (“Дафъ ал-мадорр ал-куллия ан-ал-абдон ал-инсония би тадорик анва хата ат-тадбир”) рисоласи Хоразмда, вазир ас-Саҳлийнинг таклифи билан ёзилган. Рисола одамларни кундалик ҳаётларида саломатлик қоидаларига ўргатади.

Бу рисола ҳар бир хонадонда бўлиши фойдадан ҳоли эмас.

 

*  *  *

Ибн Сино бизга қанчалар яқин ва қанчалар йироқ... Яқинлиги – унинг табобати ҳеч қачон унутилган эмас. Йироқлиги шундаки – ҳали биз унинг асарларини чуқурроқ ўрганолган эмасмиз.

Ибн Сино бизга қанчалар яқин ва қанчалар йироқ... Яқинлиги – унинг калта кулоҳ устидан салла ўраган, оқ соқолли, қўлида китоб тутган нуроний қиёфвси ҳар биримизга жуда-жуда таниш. Йироқлиги шундаки, унинг табобат, илм-фанга бағишлаган заҳматли ҳаётини ҳали яхши билмаймиз. Ўзи ва шогирди Абу Убайд Жузжоний ёзган қисқа таржимаи ҳол бор. Одил Ёқубов, Мақсуд Қориев романлари, Азиз Қаюмовнинг “Абу Али ибн Сино” қиссаси, Абдулла Ориповнинг “Ҳаким ва ажал” достони, Людмила Салдадзе, Валерий Воскобойниковларнинг бадиий асарлари...

Булар Ибн Синодек даҳо учун жуда оз, беором ҳаёти ва уммон қадар ижодига нисбатан жуда оз. Унинг ҳаёт йўли шаҳарлар, саҳролар, тоғлар, дарёлар ҳамда табобат ва ижод билан безовта йиллардан иборат. Ана шундай мураккаб шароитларда буюк асарлар яратгани – мўъжиза! Биз бу мўъжизани ҳали очиб беролганимиз йўқ.

 

*  *  *

Мен “Абу Али ибн Сино” романини ёзишга киришганимда, дастлаб у ҳақда маълумотлар ниҳоятда оз туюлди. Асарларини ўқиб, буюк донишманднинг тийнати, ботиний олами, умр кечмишларини яхшироқ тушуна бошладим. Ҳозир романнинг учинчи китобини ёзар эканман, яхши биламанки, мендан кейин ҳам ўнлаб ёзувчилар Ибн Сино ҳақида қисса ва романлар битадилар ҳамда бунинг учун бой ва етарли материал бор. Чунки, улуғ табиб ва алломанинг минг йил аввал ёзган тиббий асарларидаги мукаммаллик ҳайратланарли, фалсафий рисолалари не-не ақл соҳибларини ҳануз ўйга толдирмоқда.

Ибн Сино даҳоси яратган хазина умрбоқийдир.

 

 

 


Report Page