Иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлаш – эзгу мақсад
Ҳуқуқлар, имкониятлар тенглиги, ҳар бир инсон фаровонлигига интилиш давлат ва жамият барқарор ривожланишининг муҳим, устувор мезонларидан ҳисобланади.
Дунёда ҳукм сураётган ғоятда таҳликали ва мураккаб ҳозирги шароитда бу масаланинг қадр-қиммати, аҳамияти янада ортган. Бинобарин, ижтимоий тенгсизлик, аҳоли турли қатламлари ўртасида тафовутлар пайдо бўлиши ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнида муайян муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Иқтисодиётнинг барқарор равнақ топиши учун ҳам давлат ижтимоий адолатни таъминлаши, бошқача айтганда, ижтимоий ҳимоя механизмларининг кенг қамровини ва изчиллилигини кафолатлаши керак.
Кези келганда таъкидлаш ўринлики, Янги Ўзбекистон бугун жаҳон минбарларида ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган ижтимоий давлат сифатида эътироф этилмоқда. Жумладан, ижтимоий давлатга мос бўлган таълим ва тиббиёт соҳаларига алоҳида эътибор қаратилиши, айниқса, сўнгги саккиз йилда бу соҳаларда салмоқли ўзгаришларнинг рўёбга чиқарилиши ўз натижасини бера бошлади. Мисол учун, шу йил январь ҳолатига мамлакатимизда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 74 фоизга етди. Ёшларнинг олий таълимга қамров кўрсаткичи эса 9 фоиздан 42 фоизга кўтарилди.
Аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизматни яқинлаштириш мақсадида тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам, очиғи, бироз қийин кечаётган бўлса-да, аста-секин бўй кўрсатмоқда.
Шу маънода сиёсий партияларимиз ичида алоҳида мавқега эга Халқ демократик партияси бозор иқтисодиётининг ижтимоий самарадорлигини оширишга урғу бериб келаётгани, янги Сайловолди дастурида ҳам бу йўналишда аниқ, ҳаётий ва халқчил таклифларни киритгани замирида бир ҳақиқат турибди. Бу инсонпарварлик, тенглик ғояларини ислоҳотларга чуқур сингдириш, “инсон – жамият – давлат” тамойилига мувофиқ инсон қадрини ҳамма нарсадан устун қўйиш мақсади билан боғлиқдир.
Давлатнинг фаол роли ва иштироки муҳим
Ўзбекистон Халқ демократик партияси иқтисодиётни ижтимоий барқарорликни кўзлаб ривожлантириш муҳим, деб ҳисоблайди.
Аммо, асосий сиёсий рақобатчимиз Либерал демократик партияси Сайловолди дастурида илгари сурилаётган иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш ғояси бизнинг позициямизга мутлақо зид, деб ҳисоблаймиз. Бизнинг фикримизча, иқтисодиётда давлатнинг иштироки бўлиши шарт, давлат тартибга солувчи ва ташаббускорлигидан воз кечмаслиги лозим.
Бундан ташқари, давлатнинг барча мулкини хусусийлаштириш хато бўлади. Масалан, стратегик аҳамиятга эга корхона ва заводларни хорижий инвесторларга ёки бир гуруҳ шахсларнинг инон-ихтиёрига топшириш салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бу давлатнинг бошқарувчилик салоҳиятига ва ижтимоий ҳаётни тартибга солиш механизмига салбий таъсир кўрсатади, деб ўйлаймиз.
Шунингдек, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада давлат фаол иштирок этиши иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Хусусан, энергетика, транспорт ва мудофаа саноати каби стратегик муҳим тармоқлар устидан давлат назорати уларнинг миллий манфаатларга зарар етказиши мумкин бўлган хорижий ёки хусусий манфаатлар назорати остига тушиб қолишига йўл қўймайди.
ХДП фаоллари бозор иқтисодиёти шароитида ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш учун давлатнинг асосий тартибга солувчи ролини кучайтиришни ҳаётий зарурат, дея ҳисоблаб келиши бежиз эмас.
Барқарорлик ва фаровонлик кафолати
Табиийки, ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражасини вужудга келтириш, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизимини йўлга қўйиш, бошқача айтганда, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ қилиш учун давлат бюджети ҳал қилувчи роль ўйнайди. Асосан фуқаролар солиқлари эвазига ҳосил бўладиган давлат бюджетидан самарали фойдаланиш, тежамкорлик ва аниқлик ҳар қачонгидан долзарб тус олган.
Янги Конституциямизда давлат бюджетини шакллантириш, унинг даромад ва харажат қисмларини белгилаш ва ижросини таъминлашда фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш, бу йўналишда жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун ҳуқуқий кафолатлар яратилди.
Юқоридаги барча омилларни, давлатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган бюджетга бевосита боғлиқлигини инобатга олиб, вазирлик ва идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш ёки қонуний белгиланган тартибда жисмоний ва юридик шахсларга жарималар солиш натижасида тушадиган барча тушумларни тўлиқлигича Давлат бюджетига йўналтириш ҳозирги паллада ҳар томонлама тўғри ечим бўлади. Ушбу таклиф давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини самарали уддалашида имкониятларни кенгайтиришга муҳим туртки беради.
Аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимояси ҳақида гап кетганда “Адолат” партияси Сайловолди дастуридаги фуқароларнинг уй-жойли бўлишга оид ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда субсидиялар тизимини такомиллаштириш борасидаги таклиф ўзини оқламайди. Бизнингча, бу борада бошқа самарали иқтисодий ва ижтимоий механизмлар бор. Халқ демократик партияси мазкур йўналишда, масалан, ижтимоий уй-жойлар барпо этишни таклиф қилмоқда. Биз таклиф қилаётган янги механизм эҳтиёжманд, кам даромадли фуқаролар учун янада самаралироқ ҳисобланади.
Ижтимоий тенгсизликка қарши
ХДП даромад ва уларнинг манбаларидан қатъи назар, бойликнинг ҳаддан ташқари концентрациясига адолатли солиқ солиш тизимини жорий қилиш, яъни солиқ ставкаларининг фуқароларнинг даромадларига қараб оширилишини таъминловчи механизмларни ҳаётга татбиқ этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
Бундай чоралар айрим ривожланган мамлакатларда аҳолининг иқтисодий табақалашувининг олдини олишга хизмат қилган. Масалан, АҚШда йиллик даромади 11 минг доллардан кам бўлган фуқароларга 10 фоизли солиқ ставкаси қўлланади, 578 минг доллардан юқори даромадлилар эса 37 фоизга солиқ тўлайди.
Бойликнинг ҳаддан ташқари концентрациясига адолатли солиқ солиш тизими юқори даромад ва бойликка эга бўлган бадавлат шахслар ва компанияларни солиққа тортиш орқали ижтимоий тенгсизликни камайтиришга ёрдам беради.
Ижтимоий сиёсатнинг “тонометри”
Халқаро меҳнат ташкилотининг маълум қилишича, 2024 йилда дунё бўйича ишсизлар сони икки миллионга ошиши ва глобал ишсизлик даражаси ҳозирги 5,1 фоиздан 5,2 фоизга кўтарилиши кутилмоқда. Катта йигирматалик давлатларининг кўпида ихтиёрий даромадлар камаяди ва инфляция натижасида турмуш даражасининг пасайиши қисқа муддатда деярли тикланмайди. Дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам бу масала жуда долзарб.
Халқ демократик партияси бу борада ишсизлик бўйича мажбурий ижтимоий суғурта миллий моделини жорий этишни таклиф этмоқда. Бу шундай тизим бўладики, иш топишда қийнлаётган, турли сабаблар билан иш жойидан айрилган, вақтинча ишсизлар қаторида турган инсонлар манзилли қўллаб-қувватланади. Айни пайтда у фуқароларни боқимандаликка эмас, ижтимоий-иқтисодий фаол бўлишга ундайди.
Иқтисодий тараққиётнинг локомотиви
Инвестициялар иқтисодий тараққиётимизнинг мустаҳкам драйвери ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантириш йўлидаги ислоҳотларни мамнунлик билан қайд этган ҳолда, маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш долзарб эканини ҳам таъкидлаш жоиз. Бу Сайловолди дастуримиздаги муҳим ташаббуслардан биридир.
Содда қилиб айтганда, хорижий инвесторга ҳам, маҳаллий инвесторга ҳам бир кўз билан қаралиши муҳим. Бу экспортбоп саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тармоқлараро кооперацияни чуқурлаштириш ва қўшилган қиймат занжирини ривожлантиришда катта аҳамият касб этади.
Иқтисодиётни ислоҳ қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гап кетганда, Ўзбекистон Экологик партияси сайловолди дастурининг иқтисодиёт соҳасидаги айрим ташаббуслари тадбиркорлар, хусусан фермерлар учун салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, партиянинг “2030 йилга қадар пестицидлардан фойдаланиш ҳажмини 50 фоиз камайтириш” тўғрисидаги таклифи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар учун муайян қийинчиликлар олиб келиши мумкин. Фермер, деҳқонларимиз турли зараркунанда жонзотлар ва ҳашаротлардан ҳамда ўсимликлардан ҳимоя қилиш учун пестицидлар ишлатишга мажбур. Бўлмаса маҳсулот нобуд бўлиши ёки ҳосилга зарар етиши мумкин. Умуман олганда, мазкур таклиф иқтисодий самарадорлиги жиҳатидан Экопартия томонидан чуқур ўйланмасдан кўтариб чиқилган масала, деб ҳисоблаймиз.
Хулоса ўрнида
Сайловолди тарғибот кампанияси қизғин давом этаётган даврда сайловчилар, юртдошларимиз сиёсий партияларнинг дастурий мақсад-ғоялари билан яқиндан танишмоқда, ўрганмоқда, таққосламоқда.
Иқтисодиётимиз ривожининг ҳозирги босқичида ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, ҳар бир инсон орзу-мақсадларига етиши учун шароит ва имконият яратиш, турмуш фаровонлиги бўйича давлатнинг ҳисобдорлигини ошириш долзарб аҳамиятга эгадир.
Партиямиз Сайловолди дастурида бу бўйича аниқ, ҳаётий таклиф-ташаббуслар илгари сурилган.
Иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлиги учун Халқ демократик партиясига ва номзодларига овоз беринг!
Тўлқин Тўрахонов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари