ИҚТИСОДИЙ ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДА КАТТА БИР ҚАДАМ! 

ИҚТИСОДИЙ ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДА КАТТА БИР ҚАДАМ! 


Ҳар бир давлатнинг иқтисодий тараққиёти, ижтимоий соҳалар ривожи бевосита унинг илмий ва интеллектуал салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, рақобат кун сайин кучайиб бораётган ҳозирги шароитда амалиётга илмий ҳажмдор, юқори самарали тадқиқотлар, илғор инновацион технологияларни татбиқ этмасдан туриб, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг имкони йўқ. Сир эмаски, янгилик сифатида эътироф этиладиган ихтиролар ўз-ўзидан пайдо бўлавермайди. Бу кўп йиллик илмий изланиш ва фидокорона меҳнатни талаб қиладиган машаққатли жараёнки, халқимиз таъбири билан айтганда, игна билан қудуқ қазишдек гап. 

    Интеллектуал салоҳиятли, ташаббускор ёш олимимиз Қаҳҳоров Отабек Сиддиқовичнинг иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзган “Олий таълим тизимида рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг бошқарув механизмини такомиллаштириш (Бухоро ва Навоий вилоятлари мисолида)” мавзусидаги илмий тадқиқоти хам бугун шундай иқтисодиётимиз ривожи, ютуғи ва муаммолари ечимига кенг йўл очади. “Ҳаммамиз яхши тушунамизки, олдимизда турган кенг кўламли вазифаларни бажариш учун кадрлар билан ишлашнинг бутун тизимини такомиллаштиришга доир бир қатор ишларни албатта амалга оширишимиз керак”, – дейди Юртбошимиз ўз нутқида. Албатта глобаллашиб бораётган дунёда сифатли кадрлар тайёрлаш масаласи ҳар бир давлатнинг келажагини, унинг иқтисодий ривожланишини белгилаб бериши асосий омил эканлиги ҳимоя қилинган бу тадқиқотда янада ойдинлаштирилган.  

     Ёш олимимиз ўз илмий изланишини факультетимиз кенгашидан муваффақиятли олиб чиқиб, 2020 йил 10 ноябрь кунида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳузуридаги фан доктори илмий даражаларини берувчи DSc.03/30.12.2019.I.18.01 рақамли илмий кенгаш асосида 08.00.05 – “Хизмат кўрсатиш тармоқлари иқтисодиёти” ҳамда 08.00.13 - "Менежмент" ихтисосликлари бўйича бир марталик илмий семинар онлайн муҳокамасида жуда қизғин ва баҳсталаб мазмундаги йиғилишда 100% ҳимояга тавсия этилди. Илм йўлида заҳмат чеккан ҳар бир инсон бу меҳнатнинг нақадар оғир, масъулиятли ва шарафли эканини чин кўнгилдан ҳис қилади. Навқирон тадқиқотчимиз ҳам бундай шарафли илм машаққатини ўз бошидан кечирмасдан қолмади. Ниҳоят “2021 йилнинг 26 февраль куни соат 10:00 да Бухоро давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, университет мустақил изланувчиси Қаҳҳоров Отабек Сиддиқовичнинг 08.00.05 – “Хизмат кўрсатиш тармоқлари иқтисодиёти” ҳамда 08.00.13 – "Менежмент" ихтисослигида "Олий таълим тизимида рақобатбардош кадрларни тайёрлашнинг бошқарув механизмини такомиллаштириш (Бухоро ва Навоий вилоятлари мисолида) мавзусида иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрлаган докторлик диссертация иши онлайн ҳимоясига таклиф этамиз”, деган мазмундаги таклифномани ўқиб бутун жамоамиз чин кўнгилдан шодландик.

     Ҳимоя жараёнида ёш олим ўзининг илмий салоҳияти, зукко жавобгирлиги, қатъиятли иқтидори билан диссертацияни 100% муваффақиятли ҳимоя қилди. Ҳимояда расмий ва норасмий тақризчилар ишни қўллаб-қувватлаганлари, шунингдек, касбдошимизнинг мамлакатимизда иқтисодчи олимлар қаторига қўшилаётганлиги, зеҳни ўткир, ақли теран, билими мукаммал, зиёли инсон эканлигини фахрланиб тилга олишди. Ўйлаймизки, ёш олим олиб бораётган илмий тадқиқотини янада такомиллаштириб боради. Бугунги кунда таълим соҳасида долзарб масалаларидан кредит модуль тизимига ўтишда, ёш рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг бошқарув механизмини такомиллаштиришда, мамлакатимиз олий таълим муассасаларини халқаро таълим бозорида рейтингини кўтаришда ўз ҳиссасини қўшиб келади. 

     Машаққатли меҳнат натижаси бўй кўрсатадиган вақт келди. Ёш олимимизнинг иқтисодиётимиз юксалиши сари ташлаган бу қадами Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг 2021 йил 31 март куни 295/1 сонли баённомасига мувофиқ иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) дипломининг берилиши билан эътироф этилди. Бундай фахрли ютуқ кафедрамиз, факультетимиз, жамоамиз, қолаверса, бутун университетимиз шарафидир. Шундай қувончли, ҳаяжонли дақиқаларда касбдошимиз, раҳбаримиз, университетимиз илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Отабек Сиддиқович Қаҳҳоровни улкан муваффақияти билан чин қалбдан табриклаймиз! Қолаверса, у кишининг илмий маслахатчилари, ҳурматли ректоримиз иқтисодиёт фанлари доктори, профессор О.Х. Хамидовни ҳам самарали меҳнати, чуқур билим ва салоҳиятга эга шогирдлар ютуғи билан муборакбод этамиз. Яна шу ўринда Юртбошимизнинг: “Бугун мен, аввало, таълим-тарбия соҳаси фидойиларига, барча юртдошларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: азиз дўстлар, биродарлар, агар интилсак, астойдил ҳаракат қилсак, ҳар қандай баланд маррани эгаллаш қўлимиздан келади. Биз маърифат борасида, таъбир жоиз бўлса, “илиги тўқ” халқмиз. Илм-фанга интилиш бизнинг қонимизда, бугунги тил билан айтганда, генимизда бор”, – деган даъватлари ҳам ёш олимимизга қаратилган десак, янглишмаган бўламиз. О.С. Қаҳҳоровнинг бундай ютуқларга эришишида, албатта, оталари, устозимиз педагогика фанлари доктори, профессор Қаҳҳоров Сиддиқ Қаҳҳоровичнинг хизматлари чексиздир. Фарзандлар камоли ота-онага қанот бағишлайди. Устозни ҳам фарзандлари эришган илмий зафарлари билан чин қалбдан қутлаймиз. 

    Ёш докторантларимиз, тадқиқотчиларимиз ва изланувчиларимизга ўрнак бўларли ёш олимимиз ҳақида, унинг қатор илмий ютуқларини айтиб ўтишликни жоиз деб билдик. О.С. Қаҳҳоров 2018 йилда иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ўз муддатида диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилган. 2019 йилда доцентлик илмий унвонини қўлга киритди. Илмий фаолияти давомида 100 дан ортиқ илмий ишлари нашр этилган. Жумладан, олимнинг 1 та дарслик, 1 та ўқув қўлланма, 3 та монография, 2 та илмий рисола, 3 та ўқув-услубий қўлланма, 1 та ихтиро учун патент ва 6 та муаллифлик гувоҳномалари, 30 дан ортиқ мақолалари Халқаро миқёсдаги Scopus ва Web of science баъзасига кирувчи нуфузли илмий журналларда, 70 дан ортиқ мақолалари эса Республика миқиёсидаги илмий журналларда чоп этилган.

    Бугунги кунда университетда илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, Иқтисодиёт кафедраси доценти ва “Ёш олимлар кенгаши” раиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Ёшлар академияси” фаоли сифатида ҳам фаолият кўрсатмоқда. Раҳбарлик ва педагогик фаолияти давомида узлуксиз таълим тизими учун белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш борасида университет, вилоят, вазирликда ўтказилган йиғилишларда ўз таклифлари билан мунтазам қатнашиб келади. Университетдаги ўқув, тарбиявий, илмий тадқиқот жараёнини ривожлантириш, меҳнат ва ижро интизомини таъминлаш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларига ўқув-методик ёрдам кўрсатиш, ўқитиш тизимида янги педагогик технологияларни жорий қилишда ташаббускорлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Бундай ташаббускорлик ҳар қандай таҳсин ва эътирофга лойиқ. 

    Ўз мулоҳазаларимизни муҳтарам Президентимизнинг Мурожаатномада келтирилган қуйидаги фикрлари билан якунламоқчимиз: “Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик: биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз. Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз.

Бу йўлда қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин, барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз. Бундай эзгу ишларда бизга Яратганнинг ўзи, буюк аждодларимизнинг пок руҳлари мададкор бўлади, деб ишонаман”. Оллоҳ ўзининг суйган бандасига синов бергани каби уларни халқ ичида азиз ҳам қилиб қўяди. 

  

Университет жамоаси

Report Page