Хуршида Ибрагимова

Хуршида Ибрагимова


ХУРШИДА ИБРАГИМОВА: “ЖАМИЯТДА ЗЎРАВОНЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ УЧУН АГРЕССОРЛАР БИЛАН ИШЛАШ МАРКАЗЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЗАРУР”

Номи билан инсонларга меҳр улашиб, қийналган, зўравонликка учраган хотин-қизларнинг дардига дармон бўлаётган “Меҳржон” аёллар ва болалар Марказини Фарғона вилоятида билмаган инсонлар кам. Унинг раҳбари Хуршида Ибрагимова ўз меҳнати, жонкуярлиги билан эл назарига тушган инсон. Х.Ибрагимова 2019 йили фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун кўкрак нишони, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра “Соғлом авлод учун” ордени билан, шунингдек маҳаллий хокимликларнинг 10 дан зиёд ташаккурнома ва Фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган. 2022 йили “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан “Меҳржон” аёллар ва болалар Маркази “Йилнинг энг яхши нодавлат нотижорат ташкилоти” номинациясига ғолиби бўлди.

- Хуршидахон, Сиз кўп йиллар давомида қийин вазиятга тушиб қолган аёлларга ёрдам қўлини чўзиб келмоқдасиз. Нега айнан шу йўлни танладингиз? 

- Ташкилотимиз фаолият бошлаганига 15 йил бўлди, шу йиллар давомида 15 000 зиёд одамларга турли йўналишларда (ҳуқуқий, психологик, тиббий, ижтимоий) хизматлар кўрсатдик. Улардан 6 200 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ҳисобланади. 

Аёлларга ёрдам беришга бўлган иштиёқ менга катта опамдан ўтган, десам адашмаган бўламан. У киши шифокор бўлиб, жуда кўп инсонларга беғараз ёрдам кўрсатиб келарди. Энг кўп мурожаат қилган фуқароларнинг 90%дан кўпи ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бор фуқаролар бўлган. Кундан кунга мурожаат қилувчи фуқаролар сони ортиб борган. Мен учун инсон қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун. Ёшлигимда ҳам ўз дугоналарим, танишларимнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интилардим. Шу сабабли мазкур марказни очишни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик. 2005 йилда опам билан биргаликда шу марказга асос солдик. Марказимизни 2007 йилда Фарғона вилояти Адлия бошқармаси томонидан рўйхатдан ўтказдик ва ўз фаолиятимизни Қувасой шаҳридан бошладик. Марказга Фарғона вилоятининг бошқа шаҳар ва туманларидан ҳам борган сари  мурожаатлар сони ортиб бораверди. Вилоят ҳокимлигининг таклифи ва қўллаб-қувватлаши билан ташкилотимиз 2015 йилда қайта рўйхатдан ўтди ва шу вақтдан бошлаб Фарғона вилояти бўйича фаолият олиб бора бошладик. Бунинг натижасида марказ томонидан ижтимоий хизматларни ривожлантириш амалга оширилди.   

- Фаолиятингиз давомида қандай қийинчиликларга дуч келдингиз? Ташкилотнинг қайси йўналишлари бугунги кунда кўмакка муҳтож?

- Жуда кўп давлат ташкилотлари ННТ фаолияти ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасликлари натижасида 2010 йилга қадар иш олиб боришда тўсиқлар бўлган. Ташкилот ходимлари бир ёқадан бош чиқариб, шаҳар, туман ҳокимликларида марказ фаолияти ва унинг мақсади, вазифалари бўйича давра суҳбатлари ташкил қилинган. Қатор ҳамкорлик меморандумлари  имзоланган. Натижада марказ 2011 йилдан бошлаб Фарғона вилояти давлат дастурларини ижросини таъминлашда фаолият олиб бора бошлади.Ташкилотимиз ҳозирги кунда ижтимоий корхона очишни режалаштирмоқда. Бунинг учун ташкилотга ҳозирги кунда 6 та хона керак. Корхонанани ташкил қилиш натижасида 15 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни мунтазам бандлиги таъминлайди ва Марказнинг янада ривожланишига хисса қўшади.

- Хуршидахон, ташкилотингизга аёллар кўпроқ қайси муаммолари билан мурожаат қилишади?                                                     

- Асосан хотин-қизлар ва уларнинг оилалари бизга ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Улар асосан оилада, жамият гендер зўравонликкдан азият ччекканликлари, ҳуқуқлари поймол этилгани, болалар таъминоти бўйича алимент масалалари ва иқтисодий қийинчиликлар юзасидан ўз муаммолари билан мурожаат қилишади. Жуда кўп ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар эса, ишга жойлашишларига кўмак беришни сўраб келишади. Бундан ташқари, ташкилотимизга одам савдосидан жабрланган фуқаролардан ҳам мурожаатлар бўлади. 

- Ўзбекистонда сўнгги йиллари гендер тенгликни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишига қарамай, соҳада камчиликлар ва ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Ўзингизга маълум, 2019 йил 2 сентябрь куни “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинган. Ушбу қонунларда давлат ташкилоти ва ННТлар зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган. Лекин жуда кўп ташкилотлар ўз вазифасини бажармаган ҳолатлар кўп учрамоқда. Жамиятда гендер зўравонликни олдини олишда аввало шу соҳада фаолият олиб бораётган давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш, ҳамкорликда дастурлар, лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш, тарғибот тадбирларини кўпайтириш, тажовузкорлар билан ишлаш марказларини ташкил этиш, ҳудудларда фаолият олиб бораётган реабилитация марказлари фаолиятини такомиллаштириш лозим, деб ўйлайман.  

- Ушбу соҳада кўп йиллар давомида фаолият юритиюб келаётган етакчи аёл сифатида хотин-қизларимизга зўравонликка учрамасликлари учун қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?  

Оилада ва жамиятда хотин қизлар зўравонлик ва тазйиқларга учрамасликлари учун мен қуйидаги фикрларни билдирмоқчиман:

- ўз ҳуқуқларини яхши билиш ва ҳимоя қилиш;

- зўравонликка учраган ҳолатларда ўз вақтида ИИБ ходимларига мурожаат қилиш;

- ёрдам сўраб дарҳол маҳаллий давлат ва нодавлат ташкилотлари билан боғланиш.


Умуман олганда, аёлларимизни зўравонликнинг ҳар қандай кўринишларидан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш ва жамиятимизда гендер тенгликни таъминлашга ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиз ва масъулиятимиза айланиши даркор. Ана шундагина биз кўзлаган мақсадларимизга эриша оламиз.


Наргис Қосимова суҳбатлашди


Report Page