“Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали маълум қилади

“Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали маълум қилади



Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрининг “Ҳамдўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси бир қатор масалалар юзасидан ўз норозиликларини билдириб, Андижон шаҳрининг “Ўзбекистон” кўчаси ва “Бобур” шоҳкўчалари кесишмасидаги йўлнинг қатнов қисмини тўсишга уринаётгани тасвирланган видеолавҳалар тарқалди.

Ушбу ҳодиса жорий йилнинг 10 декабрь куни кеч соат 19:20 лар чамаси юз берган бўлиб, воқеа жойига вилоят ҳокими ўринбосари И.Холматов, Андижон шаҳри ҳокими Б.Ҳайдаров, сектор раҳбарлари, “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали мутасаддилари етиб борган. Аҳоли билан учрашув ўтказилиб, уларнинг шикоятлари тингланди. 

Уларнинг газ таъминоти билан боғлиқ саволларига ойдинлик киритиш мақсадида, “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали ва “Andijonshahargaz” газ таъминоти бўлими ходимлари ўрганишлар олиб боришди. 

Таъкидлаш жоизки, шу кунларда Андижон вилоятидаги аҳоли пунктларини табиий газ билан таъминлашда босимнинг кескин пасайиши кузатилмоқда. "Ўзтрансгаз" АЖ томонидан тақдим этилган фоксограмма маълумотига кўра, "Янгиер" компрессор станциясида авария ҳолатлари юзага келганлиги сабабли, Фарғона водийсига газ келтирувчи магистрал газ қувурларида босим пасайиши кузатилган. Шунга кўра, Андижон вилояти, хусусан Андижон шаҳрининг “Ҳамдўстлик” МФЙ ҳудудида ҳам газ таъминотида узилишлар юзага келган. 

Шунингдек, "Кўмакай" газ тақсимлаш шохобчасидаги “Андижон-1” тармоғининг табиий газ етказиб берувчи қувурларида табиий газ босими 17-20 кг/см² дан 3 кг/см² атмосферага қадар пасайиши натижасида, 1,5 мингдан зиёд аҳоли хонадонларининг газ таъминотида ҳам қийинчиликлар вужудга келди. Айни вақтда, аҳоли пунктларидаги газ таъминоти тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

“Hududgaz Andijon” матбуот хизмати

Report Page