Худоёрхон ўрдаси

Худоёрхон ўрдаси


Тарихий фотосурат

Худоёрхон саройи — 1863-1873 йилларда барпо этилган бўлиб, Худоёрхон Қўқон хони ўзига сарой-қўрғон қурдиради, у ўрда деб номланиб, Бухоро равоғига қарама-қарши қад ростлаган. Худоёрхон ўрдаси ўрнида Амир Умархон ўрдаси бўлган. Ушбу гўзал иншоот 1842 йилдаги уруш натижасида Бухоро амири Насруллохон томонидан вайрон этилган.
Саййид Муҳаммад Худоёрхон тахтга ўтиргач, «Жаҳоноро» саройида истиқомат қилган. Сарой эскириб қолганлиги туфайли янги ўрда қурдириш фикрига тушади. Бу ишга 1865 йилдагина кириша олади. Умархон хотирасини ёдга олиб, янги ўрдани Умархон ўрдаси харобалари ўрнига қуришни мўлжаллайди.

Собиқ тузум даврида ўрда таъмирталаб кўринишга келиб қолган эди

Сўнгги Қўқон хони Худоёрхон томонидан қурилган мазкур тарихий ёдгорлик дастлаб 3 та қисм ва 114 хонадан иборат бўлган. Ҳозирги кунда фақатгина сўнгги қисми ва 19 та хона сақланиб қолган.

Ўрданинг ички хоналаридан бири

Қурилишнинг асосий қисми 1870 йилда тугалланса-да, айрим безак ишлари бир қанча вақт давом эттирилади. Унинг расман қурилиши 1873 йилда якунланади.
Ўрда биносининг майдони саккиз гектарни эгаллаган. Атрофи қалъа сифатида баланд бинолар, қалин деворлар билан ўралган. Иншоот тўрт таркибий қисмдан иборат бўлган:

1. Ташқи сарой (қалъа).

2. Ўрта сарой.

3. Боғ.

4. Ички сарой.

Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдаси

Ҳар бир қисмнинг шарқ томонга қараган ва бир ўқ йўналиши устида жойлашган ўз дарвозаси бор эди. Биринчи дарвоза ҳозирги боғнинг рамзий дарвозаси ўрнида бўлган. Ўрданинг безак ишларида халқ меьморчилик санъатининг бадиий кулолчилик, наққошлик, ёғоч, ганч ўймакорлиги ва бошқа кўп турларидан фойдаланилгаи. Моҳирлик билан терилган турли ранг ва ҳар хил шаклдаги кошинлар уйғунлиги ҳамда нафислиги Фарғона кулоллик санъати XIX асрда юксак даражага етганлигидан далолат беради.

Тарихий фотосурат

Мазкур бинода 1925 йилда Қўқон шаҳар ўлкашунослик музейи ташкил этилган. 2017 йилдан эса музей «Қўқон маданияти тарихи давлат музейи» мақомини олди.

Мазкур қадимий иншоот сайёҳлар тез-тез ташриф буюрадиган масканга айланган

2019 йил сентябрь ойида мазкур қадимий иншоот қаршисида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган I Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтди.

Қўқон шаҳри мезбонлик қилган I Ҳалқаро Ҳунармандчилик фестивали улкан тайёргарлик ва юқори кайфиятда ўтказилган эди.

t.me/far_archive

Report Page