Ўлим. Дафн маросими

Ўлим. Дафн маросими


Ўн биринчи боб.


Фёдор Михайлович табиатан жуда меҳнаткаш одам эди. Назаримда, агар у бойиб кетса ҳам, рўзғор ташвишидан холи бўлса ҳам бўш ўтирмас, янги асарларига тинмай мавзулар топган бўларди.

1881 йил бошига келиб, бизни узоқ вақт қийнаган барча қарзлардан қутилдик, ҳатто “Рус хабарномаси” муҳаррирлари ҳам пул ишлаб олишди (тахминан беш минг). Дарҳол ишга киришишга ҳожат йўқдек туюлди, лекин Фёдор Михайлович дам олишни истамади. “Ёзувчининг кундалиги”ни қайта нашр этишга қарор қилди, чунки сўнгги машаққатли йилларда у Россиядаги сиёсий вазият ҳақида уни безовта қилган кўплаб фикрларни тўплаган ва уларни фақат ўз журналида эркин ифода эта оларди. Қолаверса, “Ёзувчининг кундалиги”нинг 1880 йилдаги ягона сонининг муваффақиятли чиққани кенг ўқувчилар оммаси диққатини тортишига умид уйғотди ва Фёдор Михайлович самимий ғояларини оммалаштиришга жиддий эътибор берди. Фёдор Михайлович икки йил ичида “Ёзувчининг кундалиги”ни нашр этишни мақсад қилганди, кейин “Ака-ука Карамазовлар”нинг иккинчи қисмини ёзишни мўлжаллади ва унда деярли барча собиқ қаҳрамонлар, йигирма йилдан сўнг, деярли бугунги руҳда тасвирланаши лозим эди. Фёдор Михайлович белгилаган ёзилажак роман режаси, унинг суҳбатлари ва эслатмаларида айтганидек, ўта қизиқарли бўлган ва ачинарлиси, бу романни мёзиш ғояси ўта пайтда амалга ошмаган.

“Ёзувчининг кундалиги”га обуна яхши бўлди ва январь ойида етарлича обуначиларимиз бор эди. Фёдор Михайловичда обуначилар қаноатланмагунча обуна пулини ўзиники, деб ҳисобламайдиган яхши одати бор эди, шунинг учун у давлат банкида ўз номига ҳисоб очди, унинг топшириғига кўра обунадан тушган пулни омонатга киритдим. Ушбу вазият туфайли мен обуна пулларини дарҳол абонентларга қайтаришга муваффақ бўлдим.

Январь ойининг биринчи ярмида Фёдор Михайлович ўзини жуда яхши ҳис қилди, танишларини бориб кўрди ва ҳатто кейинги ойнинг бошида графиня С. А. Толстой томонидан уюштирилиши кўзда тутилган уй томошасида қатнашишга рози бўлди. Граф А.К.Толстойнинг трилогиясидан икки-уч саҳнани саҳналаштириш мўлжалланганди, Фёдор Михайлович эса “Иван Грознийнинг ўлими”да зоҳид ролини ижро этишни ўз зиммасига олди.

Унинг уч ой тутқаноқ хуружидан азият чекмагани, қувноқ, жонли қиёфаси барчамизда қишнинг ташвишсиз ўтишига умид уйғотди. Январь ойининг ўрталаридан бошлаб Фёдор Михайлович кундалиги устида ишлашга ўтирди, унда  Земский собори ҳақида фикрлари ва тилакларини баён этмоқчи эди. Мақола мавзуси мазмунига кўра, цензурадан ўтиши қийин эди ва бу Фёдор Михайловични жуда хавотирга соларди. Фақат цензура қўмитасига раиси этиб тайинланган Николай Саввич Абаза унинг ҳавотирини графиня С.А. Толстаядан билиб, Фёдор Михайловичга ташвишланмаслигини айтишни сўради, чунки мақолани унинг ўзи цензурадан ўтказарди. 25 январда мақола тайёр бўлиб ва босмахонага топширилди, энди уни тузатиш, цензурага топшириш ва “Кундалик” сонини ойнинг охирги куни чоп этиш қолди.

25 январь якшанба куни бизникига ташриф буюрувчилар кўп бўлди. Профессор Ор. Ф. Миллер келди ва эримдан Пушкин вафот этган 29 январь куни талабалар учун ўтказиладиган адабий кечада қатнашишини илтимос қилди. “Земский собор” ҳақидаги мақоласининг тақдири қандай бўлишини ва уни бошқасига алмаштириш керакми, йўқми, билмай, Фёдор Михайлович дастлаб кечада иштирок этишдан бош тортди, лекин кейин рози бўлди. Фёдор Михайлович, меҳмонларимиз таъкидлаганидек, жуда соғлом ва қувноқ эди ва бир неча соатдан кейин нима бўлишини ҳеч ким билмасди.

26 январь куни Фёдор Михайлович, одатдагидек, кундузи соат бирда ўрнидан турди ва хонасига кирганимда, менга шу оқшом у билан кичик бир воқеа содир бўлганини айтди: унинг қаламдони полга тушиб, китоб жавонининг остига думалаб кетибди (бу буюмни у жуда қадрлади, чунки қаламдон ёзишдан ташқари, унга тамаки кукунини қоқиш учун қулай эди); қаламдонни олмоқчи бўлиб эгилган Фёдор Михайлович бошқа буюмларни қимирлатиб юборган. Уни олиш чиндан қийин эди ва Фёдор Михайловичнинг узоқ тимирскиланишига тўғри келган, шундан ўпка артерияси тўсатдан ёрилиб, томоғидан қон оқа бошлаган; лекин кам миқдорда қон чиққани учун эрим бу ҳолатга аҳамият бермаган ва мени безовта қилишни ҳам хоҳламаган. Мен қаттиқ ваҳимага тушдим ва Фёдор Михайловичга ҳеч нарса демай, ўғлимиз Пётрни зудлик билан эримни даволаётган доктор Ж. Б. фон Брецелнинг олдига юбордим. Афсуски, у аллақачон касалларни кўришга кетган экан ва фақат соат бешдан кейин келаркан.

Фёдор Михайлович хотиржам бўлиб, болалар билан гаплашиб, ҳазиллашиб, “Янги вақт”ни ўқий бошлади. Тахминан соат учларда бизга жуда меҳрибон ва эримга ҳамдард бўлган, аммо бир камчилиги бор жаноб келди – у билан баҳслашиш ҳар доим қўрқинчли эди. Улар “Кундалик”да чиқадиган мақола ҳақида гаплаша бошладилар; суҳбатдоши ниманидир исботлаша тушди, тунги қон кетишидан бироз хавотирга тушган Фёдор Михайлович унга эътироз билдирди ва ўртада қизғин баҳс бошланди. Мунозарани тўхтатишга уринишларим бесамар кетди, гарчи мен меҳмонга Фёдор Михайлович умуман соғлиги яхши эмаслиги, овозини кўтариб кўп гапириш унинг учун зарарли эканини икки марта айтган бўлсам-да. Ниҳоят, тахминан соат бешларда меҳмон кетди ва биз кечки овқатга чоғланган эдик, туйқусдан Фёдор Михайлович диванга ўтириб қолди, тахминан уч дақиқа жим бўлди ва мен даҳшатга тушдим – эримнинг ияги қонга бўялган, қон соқоли устидан ингичка бўлиб оқиб тушарди. Қичқириб юбордим, болалар ва хизматкорлар югуриб келишди. Фёдор Михайлович эса қўрқмади, аксинча, мени ва йиғлаётган болаларни тинчланишга ундай бошлади; у болаларни ёзув столи олдига олиб борди ва уларга “Ниначи”нинг нусхасини кўрсатди, унда иккита балиқчининг тўрга ўралашиб, сувга тушиб кетгани тасвирланган карикатура бор эди. У ҳатто бу шеърни болаларга ўқиб берди ва шу қадар қувноқ эдики, болалар тинчланишди. Тахминан бир соат тинчгина ўтди ва иккинчи марта чақиртирганимдан сўнг шифокор келди. Шифокор текшириб, беморнинг кўкрак қафасини уриб кўрганида, яна қон кетди, бироқ бу гал шу қадар тез кетдики, Фёдор Михайлович ҳушини йўқотди. Уни ўзига келтиришганда, менга айтган биринчи сўзлари шу бўлди:

– Аня, илтимос, тез руҳонийни дарҳол чақир, мен тавба қилмоқчиман!

Шифокор жиддий хавф йўқлигига ишонтира бошлаган бўлса-да, беморни тинчлантириш учун мен унинг хоҳишини бажардим. Биз Владимирская черкови яқинида яшардик ва таклиф этилган руҳоний Фр. Мегорский, ярим соатдан кейин бизникига келди. Фёдор Михайлович хотиржам ва хушмуомалалик билан руҳонийни қарши олди, улар анча суҳбатлашишди. Руҳоний кетгач, мен Фёдор Михайловични муқаддас сирларни тинглагани билан табриклаш учун болалар эргаштириб хонасига кирганимда, у мени ва болаларнинг тинч-тотув яшашимизни, бир-биримизни севишимизни, менга меҳрини бериб ғамхўрлик қилишларини сўраб дуо қилди. Болалар чиқиб кетишгач, Фёдор Михайлович унга берган бахтим учун менга миннатдорлик билдирди ва агар хафа қилган бўлса, кечиришимни сўради. Бунга жавобан нимадир дейишга қурбим етмай, на тирик, на ўликдек қотиб турардим. Доктор ичкарига кириб, беморни диванга ётқизди, унга заррача ҳаракат қилишни, гаплашишни тақиқлади ва дарҳол иккита шифокорни, танишларидан бири А. А. Пфайферни ва эрим баъзан маслаҳатлашиб турадиган профессор Д. И. Кошлаковни чақиртиришни сўради. Доктор фон Брецелнинг эслатмасидан беморнинг аҳволи оғир эканини англаган Кошлаков тезда етиб келди. Бу сафар беморни текшириш учун безовта қилишмади ва Қошлаков озгина қон (уч марта) оқиб кетгани туфайли, тиқин пайдо бўлиши ва беморнинг аҳволи яхшиланишига умид билдирди. Доктор фон Бретзел тун бўйи вақтини Фёдор Михайловичнинг ёнида бўлди. Мен эрталабга бориб ухлаб қолдим.

27 январь куни хотиржам ўтди: қон кетиш такрорланмади, Фёдор Михайлович, афтидан, тинчланди, кўнгли бироз бироз кўтарилди, болаларни чақиришни сўради ва ҳатто улар билан пичирлаб гаплашди. Кун ярмида у “Кундалик” ҳақида ташвишлана бошлади, Суворин босмахонаси мудири охирги таҳрир нусхасини олиб келди. Фёдор Михайлович хавотирда эди, мен илк саҳифалардаги бир нечта сатрларни қисқартиришни таклиф қилдим, эрим рози бўлди. Саҳифаловчини ярим соат ушлаб қолган бўлсам-да, Фёдор Михайловичга ўқиб берган иккита тузатишдан сўнг, масала ҳал бўлди.

Бу орада Фёдор Михайловичнинг оғир касал экани ҳақидаги хабар бутун шаҳар бўйлаб тарқалди ва соат иккидан кечгача қўнғироқлар тинмади: танишлар ҳам, нотанишлар ҳам унинг соғлигидан хабар олиш учун келишди, ҳамдардлик мактублари, телеграммалар юборилди. Бемор ёнига бировни киритиш тақиқланган, мен эса, унинг аҳволи ҳақида хабар бериш учун икки-уч дақиқага танишларим олдига чиқардим. Фёдор Михайлович умумий эътибор ва ҳамдардликдан жуда мамнун эди, у менга пичирлаб ҳатто меҳр билан битилган бир хатга жавоб ёзишда бир нечта сўзни айтиб турди. Профессор Қўшлаков келиб, аҳвол анча яхшиланганини айтди ва беморни бир ҳафтадан сўнг ётоқдан чиқишига, икки ҳафтадан кейин эса бутунлай тузалиб кетишига ишонтирди. У касал одам имкон қадар кўпроқ ухлаши кераклигини уқтирди; шундай қилиб, ҳаммамиз жуда эрта ухлаб қолдик. Аввалги кечани креслоларда ўтириб ўтказиб, яхши ухлай олмаганим боис бу оқшом менга Фёдор Михайлович ётган диван ёнидан, полга матрас ташаб беришди. Уйқусиз тун ва ташвишлардан чарчаб, дарҳол ухлаб қолдим, кечаси бир неча марта ўрнимдан туриб, тунги чироқ ёруғида азиз беморим тинч ухлаётганини кўрдим. Эрталаб соат еттиларда уйғониб қарасам, эрим менга қараб турган экан.

– Хўш, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз, азизим? – деб сўрадим унга қараб.

– Биласанми, Аня, – деди Фёдор Михайлович пичирлаб, – мен уч соатдан бери ҳушёрман ва бугун ўлишимни англадим.

–Азизим, нега бундай деяпсиз? – дедим даҳшатли хавотирда, – ахир, энди яхшисиз, қон оқмаяпти, Кошлаков айтганидек, тиқин пайдо бўлган. Худо ҳаққи, шубҳаларга бориб ўзингизни қийнаманг, барибир яшайсиз, сизни ишонтириб айтаманки…

– Йўқ, биламан, бугун ўлишим керак. Шам ёқинг, Аня ва менга Муқаддас китобни беринг!

«Евангелие» китоби Фёдор Михайловичга Тоболскда декабристларнинг хотинлари томонидан тақдим этилган, улар назоратчига ёлворишиб китобни ичкарига киритишганди. Қамоқхонага олиб келинган сиёсий жиноятчиларни кўришига имкон берилар, уларнинг ҳар бирига Инжил тақдим этилар – қамоқхонада ўқишга рухсат этилган ягона китоб шу эди. Фёдор Михайлович оғир меҳнатда ўтган тўрт йил давомида бу муқаддас китобдан ажралмаган. Кейинчалик, бу китоб ҳар доим эримнинг столида кўринадиган жойда турар ва у ниманидир ўйлаб ёки нимадандир шубҳаланиб қолса, тасодифан китобнинг дуч келган саҳифасини очиб ўқирди. Ҳозир Фёдор Михайлович китобдан кўнглидан кечган шубҳаларига жавоб топмоқчи эди. Муқаддас китобни унинг ўзи очиб, ўқишимни сўради.

“Йоҳанно уни ушлаб турди ва деди: Мен сизни чўқинтиришим керак, шунга яқинроқ келасизми? Лекин Исо жавобан унга дедики: “Ушламанг, чунки биз буюк солиҳликни шундай бажо келтиришимиз керак”.

– Эшитяпсанми, “ушламанг” деди, бу мен ўламан дегани, – деди эрим ва китобни ёпди.

Фёдор Михайлович вафот этган куни унга совға қилинган китобдаги сўзлари бизнинг ҳаётимизда чуқур маъно ва аҳамиятга эга эди. Эҳтимол, эрим бироз тузалиб кетган тақдирда ҳам, умри узоққа чўзилмасди: 1 мартдаги хабар, яъни подшоҳнинг деҳқонларни озод қилиши Фёдор Михайловични қаттиқ ҳаяжонга солган бўларди: зўрға тузалган артерия бу қувончли хабардан ёрилиб, ўлиб кетарди. 1881 йилнинг январида, жамиятда тинчлик барқарор бўлиб турган бир пайтда, турмуш ўртоғимнинг ўлими “оммавий ҳодиса”га айланди: бу воқеадан хабар топган турли сиёсий қарашлардаги одамлар, жамиятнинг турфа доираларига мансуб кишилар мотам тутдилар. Фёдор Михайловичнинг дафн маросими тантанали ўтиши рус адабиётига бефарқ бўлмаган ўқувчилар ва мухлисларни ўзига жалб қилди ва эримнинг юксак ғоялари янада кенг тарқалди, истеъдоди муносиб баҳоланди.

Саховатли, адолатпарвар подшоҳ вафотидан кейин, эҳтимол, бизнинг оиламизга шоҳона раҳм-шафқат кўрсатилмаган бўлар эди, лекин мен ва эримнинг фарзандларимиз таълим олиши, кейинчалик шоҳ ва ватаннинг фойдали хизматкори бўлишлари ҳақидаги доимий орзуси рўёбга чиқди. Ўзимни йиғидан тўхтата олмадим. Фёдор Михайлович менга тасалли бера бошлади, ширин сўзларни айтди, мен билан бирга яшаган бахтли ҳаёт учун раҳмат деди. У менга болаларни ишониб топширди, уларни доимо севишимни ва ҳимоя қилишимни айтди. Кейин у менга садоқатли эр ўн тўрт йиллик турмушдан кейин хотинига айтадиган сўзларни изҳор қилди:

– Эсингда бўлсин, Аня, мен сени ҳар доим жуда яхши кўрганман ва ҳеч қачон алдамаганман, ҳатто хаёлимда ҳам!

Унинг самимий сўзлари қалбимнинг туб-тубигача етиб борди, лекин ҳаяжон эримнинг соғлиғига зарар етказишидан қўрқиб, хавотирга тушдим. Ўлим ҳақида ўйламасликни, бизни шубҳа-гумонлари билан ранжитмаслигини илтимос қилдим, дам олишини, ухлашни сўрадим. Эрим айтганимга қулоқ солди, гапини тўхтатди, лекин ўлим ҳақидаги ўй уни тарк этмагани, бошқа оламга ўтишдан қўрқмаётгани хотиржам чеҳрасидан билиниб турарди.

Эрталаб соат тўққизларда Фёдор Михайлович қўлимни қўлидан қўймай, хотиржам ухлаб қолди. Ҳар қандай ҳаракат унинг уйқусини бузишидан қўрқиб, қимир этмай ўтирдим. Аммо соат ўн бирларда эрим тўсатдан уйғониб, ёстиқдан бошини кўтарди ва яна қон кета бошлади. Мен бутунлай умидсизликка тушиб қолдим, гарчи қувноқ кўринишга ҳаракат қилсам-да эримни қон кўп кетмаганига ва учинчи куни бўлганидек яна тиқин пайдо бўлишига ишонтирдим. Менинг тинчлантирувчи сўзларимга жавобан Фёдор Михайлович ўлим ҳақидаги башорати ўша куни амалга ошишига буткул ишонгандек, афсусланиб бош чайқади.

Куннинг ўрталарида яна қариндошлар, таниш-билишлар, нотанишлар кела бошлади, яна хат, телеграмма олиб келишди. Фёдор Михайловичнинг ўгай ўғли келди, мен эримнинг касаллиги ҳақида бир кун олдин хат орқали хабар берган эдим. Павел Александрович, албатта, беморнинг олдига кирмоқчи эди, лекин шифокор уни ичкарига киритмади; кейин эшик тирқишидан хонага қарай бошлади. Фёдор Михайлович унинг қараётганини пайқаб, ҳаяжонланиб деди: “Аня, уни менинг олдимга киришига йўл қўйма, у мени ранжитади!”

Бу орада П. А. Исаев қаттиқ хавотирга тушиб, Фёдор Михайловичнинг аҳволини билиш учун келганларга, танишлари ва нотанишларга нотариусни уйга олиб келиш кераклигини айтди. Фёдор Михайлович ўзига тегишли нарсаларни шахсан тасарруф қилиши мумкин эди. Беморни кўргани келган профессор Кошлаков ўгай ўғлидан нотариус олиб келмоқчилигини билиб, бунга қарши чиқди ва беморнинг кучини асраш зарурлигини, бу фақат яқинлашиб келаётган ўлим ҳақидаги фикрларни кучайтириши мумкин, деди. Аслида, бунга ҳожат йўқ эди: Фёдор Михайловичнинг асарларининг адабий ҳуқуқлари менга 1873 йили берилганди. “Рус хабарномаси” таҳририятида қолган беш минг рублдан ташқари, Фёдор Михайловичнинг ҳеч нарсаси йўқ эди, биз, яъни болалар ва мен бу оз миқдордаги пулга меросхўр эдик.

Мен кун бўйи эримни бир дақиқага ҳам тарк этмадим; у қўлимни қўлига олди ва пичирлаб деди: “Бечора... азизим... сенга қолдирган бор нарсам билан... бечора, яшашинг қанчалик қийин бўлади!”

Мен уни тинчлантирдим, тузалиб кетишига умидлантириб тасалли бердим, лекин унинг ўзида бундай умид йўқлиги аниқ эди, оиласини деярли ҳеч вақосиз ташлаб кетаётганини ўйлаб изтироб чекарди. Ахир “Рус хабарномаси” таҳририятида сақланаётган ўша тўрт-беш минг пул бизнинг ягона манбамиз эди.

У бир неча марта пичирлаб: “Болаларни чақиринг” деди. Мен болаларни чорладим, эрим уларга лабларини тутди, болалар уни ўпишди ва шифокорнинг буйруғи билан дарҳол чиқиб кетишди, Фёдор Михайлович ғамгин нигоҳ билан уларни ортидан кузатиб қолди. Ўлимидан икки соат олдин, болалар унинг чақирувига биноан келганларида, Фёдор Михайлович ўғли Федяга Муқаддас китобни беришимни уқтирди.

Кун давомида бизникига жуда кўп одам келди, мен уларнинг ёнига чиқмадим. Аполлон Николаевич Майков келди ва Фёдор Михайлович билан бир муддат гаплашди, эрим унинг саломига пичирлаб жавоб қилди.

Тахминан соат еттиларда меҳмонхона ва ошхонада кўп одамлар йиғилиб, Кошлаковни кутаётган эдик. Тўсатдан, ҳеч қандай сабабсиз, Фёдор Михайлович титраб кетди, бироз қаддини тиклади ва унинг юзи яна қонга беланди. Биз Фёдор Михайловичга муз бўлакларини бера бошладик, аммо қон кетиш тўхтамади. Шу пайт Майков яна рафиқаси билан келди ва меҳрибон Анна Ивановна доктор Н. П. Тчерепнинни чақиришга қарор қилди. Фёдор Михайлович ҳушидан кетган эди, мен ва болалар унинг бош томонига тиз чўкиб йиғлардик, уввос солиб йиғлашдан ўзимизни тиярдик, чунки шифокор одамни тарк этадиган охирги туйғу эшитишдир ва сукунатнинг бузилиши жон бераётганнинг азобини узайтириши мумкин, деб огоҳлантирганди. Эримнинг қўлини қўлимда тутиб, юрак уриши тобора заифлашиб бораётганини пайқадим. Кечқурун соат саккизу ўттиз саккизда Фёдор Михайлович мангуликка чўмди. Етиб келган доктор Н. П. Черепнин унинг юрагининг энг сўнгги уришини қайд этди (кўп йиллар ўтиб Н. П. Черепнин менга бу стетоскопни ёдгорлик сифатида сақлаб қолганини айтди).

Унинг ўлимидан мен ва фарзандларим умидсизликка тушдик: йиғладик, сиқтадик, бир неча сўз айтдик, биз учун азиз, ҳали совиб улгурмаган марҳумнинг юз-қўлларидан ўпдик; буларнинг барчаси менга тушдек туюларди, лекин фақат бир нарсани аниқ англадим: ўша пайтдан бошлаб чексиз бахтга тўла шахсий ҳаётим барҳам топди ва мен абадий руҳан етим бўлиб қолдим. Эримни шунчалар қизғин, фидойилик билан севган, ахлоқий фазилатлари билан бу ажойиб инсоннинг меҳр-муҳаббатидан, дўстлигидан, ҳурматидан ғурурланган мендек аёл учун унинг ўлими оғир жазо эди. Айрилишнинг ўша чинакам даҳшатли лаҳзаларида мен эримнинг ўлимидан кейин омон қололмайдигандек, юрагим ёрилиб кетадигандек ёки ҳозир ақлимдан озадигандек туюларди.

Албатта, деярли ҳар бир инсон ўз умри давомида яқинларини йўқотади, бундай ғамни бошдан кечиради ва бундай айрилиқнинг қайғуси оғирлигини ҳамма билади, тушунади. Лекин аксарият ҳолларда одамлар ўзларининг маънавий қайғуларини оилаларида, қариндош-уруғлари орасида бошдан кечирадилар, ўзларини ташвишга солаётган ҳис-туйғуларини ўзлари хоҳлаганча, уялмасдан, чекланмасдан айтиш имконига эга бўладилар. Менда бундай имкон йўқ эди: қадрдон турмуш ўртоғим кўпчиликнинг кўз ўнгида оламдан ўтди, баъзилари унга қаттиқ меҳр қўйган бўлса, баъзилари ҳам унга, ҳам етим қолган оиламизнинг оғир қайғусига мутлақо бефарқ эди. Йиғлаб ғамимни оширганлар орасида ёзувчи Бол. М. Маркевич ҳам бор эди, у бизникига ҳеч қачон ташриф буюрмаган, аммо ҳозир графиня С. А. Толстаянинг илтимосига биноан Фёдор Михайловичнинг аҳволини билиш учун бирров кириб ўтганди. Маркевични биламан, у турмуш ўртоғим ҳаётининг сўнгги дақиқаларини тасвирлашдан ўзини тиймаслигига ишончим комил эди ва нега севган инсонимнинг ўлими унга чин дилдан садоқатли инсонлар билан, тинчгина рўй бермаганига чин дилдан пушаймон эдим. Менинг гумонларим ўринли эди: эртаси куни Маркевич газетада содир бўлган бу фожеанинг “бадиий” тафсилотини ёзиб чиқарганидан хабар топиб қайғурдим. Икки-уч кундан кейин мақолани ўқиб чиқдим ва ундаги кўп гапларга ишонмадим. Менинг номимдан айтилган гаплар ҳам ўзимники эмасди, улар ўша оғир қайғули лаҳзалардаги менинг характерим ва руҳий кайфиятимга унчалик мос келмас эди.

Аммо меҳрибон Эгам мени тасаллидан дариғ тутмади: ўша мотам оқшомида, тахминан, соат ўнларда укам Иван Григоревич Сниткин келди. У қишлоқдан Москвага иш билан келган ва тасодифан бизни кўргани Петербургга боришга қарор қилган. Эҳтимол, у бирон-бир газетада Фёдор Михайловичнинг касаллиги ҳақида ўқигандир, лекин бу хабарга унчалик аҳамият бермаган, буни эрим билан баъзида содир бўладиган тутқаноқ хуруж қилган, деб ўйлаган. Ўтирган поезд кечиккани боис меҳмонхонада тўхтаб кечқурун бизникига келишга қарор қилган. Кириш эшигига яқинлашиб, хонадонимизнинг барча деразалари ёруғлиги, кираверишда икки-уч шубҳали одамлар турганини кўриб ҳайрон келган. Бу одамлардан бири укамнинг ортисидан зинадан югуриб чиққан ва унга пичирлай бошлаган:

– Жаноб, илтифотли бўлсангиз, илтимос, буюртма менга берилсин...

– Қанақа буюртма? – ҳеч нарсани тушунмай сўраган укам.

– Ҳа, биз гўрковлармиз, тобут масаласини гаплашиб берсангиз.

– Бу ерда кимдир ўлдими? – сўрайди укам шошиб.

– Ҳа, қандайдир ёзувчи, фамилиясини эслай олмадим…

Унинг сўзларидан укамнинг юраги сиқилиб, тепага югуриб чиқиб ва бир неча одамлар гавжум залга кирган. Укам мўйнали кийимларини ечиб, кабинетга шошилиб кирган, у ерда Фёдор Михайловичнинг аста-секин совий бошлаган жасади диванда ётарди.

Мен диван ёнида тиз чўкиб ўтирган эдим, укам йиғлаб кириб келганини кўриб, уни кутиб олишга шошилдим. Биз қучоқлашдик ва мен сўрадим:

 – Ваня, Фёдор Михайловичнинг вафот этганини кимдан билдинг?  

Укам  Санкт-Петербургга энди келганини, Москвада бўлганини ва бу воқеа ҳозиргина хабар топганини айтди. Очиғи, қайғудан ҳам, кутилмаган ўлимдан ҳам (чунки кечагина профессор Кошлаков эримнинг тузалиб кетишига қаттиқ умид боғлаган эди) шу қадар ҳайратда қолдимки, фикрларим чалкашиб кетганди.

Укамнинг шундай қайғули пайтда кириб келишини менга Худонинг чинакам марҳамати деб биламан: суюкли укам ва самимий дўстимнинг шу ердалиги менга қандайдир тасалли бўлса, яна бир тарафи, Фёдор Михайловични дафн этишнинг барча майда, аммо мураккаб юмушларни энди маслаҳатлашадиган, ишониб топширишим мумкин бўлган яқинларим бор эди. Укам туфайли барча ташкилий ишлар мендан соқит бўлди ва қайғули кунларда кўп нохуш ва оғир юмушлардан халос бўлдим.

28 январь оқшоми, шунингдек, кейинги тўрт кунни (29 январь - 1 февраль) қандайдир руҳда ўтказганим хотирамда. Бўлиб ўтган воқеаларнинг аксарияти кўз олдимда аниқ гавдаланади, айримлари эса, хотирамдан ўчиб кетган ва мен бошқа одамларнинг айтганларидан кўп нарсани билиб олдим. Масалан, А. С. Сувориннинг ўша куни кечқурун соат ўн иккида бизникига келганини эслайман, у ҳурмат қиладиган ва яхши кўрадиган эримнинг вафотидан қаттиқ қайғурган.

Эрталаб соат бирда барча зарур тайёргарлик ишлари тугади, азиз марҳумимиз аллақачон дафн майдончасида олиб келинган. Унинг юзи хотиржам, гўё ўлмаганга ўхшар, ухлаб ётган ва тушида қандайдир "буюк ҳақиқат"ни билиб жилмайгандай қиёфада эди.

Ярим тунда бегоналар тарқалишди. Отасининг ўлимидан қаттиқ қайғурган, тун бўйи йиғлаган болаларимни ётқиздим, учаламиз (онам, укам ва мен) марҳумнинг жасади ёнида жим ва ҳаракатсиз қолишимиз мумкин эди. Тақдирга шукрона айтиб, азиз эрим ҳали ҳам ўз оиласи бағрида бўлган кечани эслайман ва мен гувоҳларсиз, тортинмай ва совуққонлик билан ғам-андуҳларимни изҳор этиш, йиғлаш, чин дилдан дуо қилиш имконига эга эдим. Марҳумнинг руҳини безовта қилмай, азиз эримдан рўзғоримизда бўлиб ўтган майда жанжаллар учун кечирим сўраш қулай фурсат эди. Укам билан эрталаб соат тўртгача марҳумнинг тобути ёнида ўтирдик, укам эса эртанги куннинг муқаррар ташвишларга бардош бериш учун куч тўплашим кераклигини айтиб, ухлашга мажбур қилди.

29 январь куни соат ўн бирларда ўша пайтдаги ички ишлар вазири граф Лорис-Меликов номидан бир жаноб келди. Мулозим таъзия билдириб, марҳум турмуш ўртоғимнинг дафн маросимини ўтказиш учун пул бермоқчи эканини айтди. Қанча эканини билмайман, лекин мен рад этдим. Мен, албатта, барча вазирликларда камбағал оилаларга унинг вафот этган аъзосини дафнига ёрдам бериш одат тусига кирганини ва бундай ёрдам ҳечам камситиш ҳисобланмаслигини билардим. Аммо бу таклифдан хафа бўлдим. Мен амалдордан граф Лорис-Меликовга таклиф қилинган ёрдам учун миннатдор эканимни, лекин буни қабул қила олмаслигимни айтдим, чунки эримни унинг ўзи топган пулига дафн қилишни маънавий бурчим, деб билдим. Қолаверса, мансабдор шахс номидан менга фарзандларимни қайси таълим муассасасига жойлаштирсам, давлат ҳисобидан ўқишга қабул қилинишини маълум қилди. Мен амалдордан ҳимматли таклифи учун графга самимий миннатдорлигимни айтиб қўйишини сўрадим, лекин, шу билан бирга, фарзандларим давлат ҳисобидан эмас, балки ота-онасининг меҳнати эвазига тарбияланиши керак, деган қарорга келдим. Ўз бурчимни бажаришга муваффақ бўлганим энг катта қувончим эди, болаларим кейинчалик отасиининг асарлари нашридан тушган маблағлар ҳисобига таълим олдилар. Ишончим комилки, дафн этиш ва болаларни тарбиялаш учун таклиф этилган ёрдам пулини рад этиб,  эрим истагандай иш тутдим.

Соат ўн бирдан бошлаб, газеталардан Фёдор Михайловичнинг вафот этганидан хабар топиб, унинг тобути олдида ибодат қилиш учун танишлар ва нотанишлар кела бошлашди, улар шунчалик кўп эдики, бир зумда бешта яшаш хонаси зич оломонга тўлди. Хотира маросими бўлгани боис мен ва болалар тобутга яқинлашишга қийналдик.

Сўнгги икки кун ичида эълонларда ёзилган асосий дафн маросимида, (соат бирда ва кечқурун саккизда) ўз хоҳишларига кўра, авлиё собори хорчилари қатнашди. Аммо мен тайинлаган хотира маросимлари билан бирга, ҳар куни турли муассасалардан икки-уч нафар депутат ўз черковининг руҳонийси ва хорчилари билан бирга келиб, марҳум ёзувчининг қабрида хотира маросимини ўтказишга рухсат сўради. Хуллас, мен бир денгиз флоти депутатини эслайман, унинг руҳонийси Фр. архипей денгиз хорининг ашуласини ижро этиб, хотира маросимини ажойиб тарзда ўтказди.

Мен эримнинг хотира маросимида бўлганларнинг исмларини санаб ўтмайман. Фёдор Михайловичга ҳамдард бўлган, унинг истеъдодини юқори баҳолаган адабиётимизнинг барча кўзга кўринган намояндалари бор эди; унга тўғридан-тўғри душман бўлган, бироқ вафотидан хабар топиб, рус адабиёти катта йўқотишга дучор бўлганини англаб ва унинг олижаноб вакилларидан бирига ҳурмат бажо келтирмоқчи бўлганлар ҳам бор эди. Кечки хотира маросимларидан бирида ўша пайтдаги ёш Буюк Герцог Дмитрий Константинович тарбиячиси билан бирга эди, бу йиғилганларни ҳайратда қолдирди.

29 январь куни кўпчилик мендан Фёдор Михайлович қаерга дафн этилишини сўради. Некрасов дафн этилганида, Фёдор Михайлович Новодевичий монастири қабристонини айтганини эслаб, уни ҳам ўша ерда дафн этишга қарор қилдим. П. Гр. Сватковскийдан уни қабрга қўйишини сўрадим, қизим Лилияга жой танлашни ишониб топширдим ва уларни бирга Новодевичийга жўнатдим. (Бечора болаларим! Дафн маросимидан уч кун олдин улар уйда, одамлар билан гавжум хоналарда ўтиришди, дафн маросимларида қатнашишди ва қизим Лилия марҳумнинг кўкрагига қўйилган гулчамбарлардан отасининг мухлисларига гуллар тарқатди.)

Новодевичийга саёҳат пайтида. Комаров келди. У Александр Невский Лавраси номидан эримнинг абадий оромгоҳи учун қабристондаги исталган жойни таклиф қилишимиз мумкинлигини айтди. “Лавра, – деди В. В. Комаров, – православ динини ғайрат билан ҳимоя қилган ёзувчи Достоевскийнинг хоки шу деворлари орасида қолса, бу жойни бепулга беради ва буни шараф деб билади.” Александр Невский Лавраси томонидан таклиф қилинган жой шу қадар шарафли эдики, уни рад этиш иложсиз эди. Айни пайтда, қабр жойини аллақачон Сватковский Новодевичий монастиридан куёвим сотиб олган бўлиши мумкин эди. В.В.Комаровга қандай қарорга келганимни айтолмас ва нима деб жавоб беришни билмасдим. Яхшиямки, куёвим қайтиб келди ва монастир аббеси қизим қабрга танлаган жой билан боғлиқ айрим қийинчиликлар  келиб чиққанини айтди ва шунинг учун жойни сотиб олиш эртага қолдирилди деди. Мен хурсанд бўлдим ва Лавра бирон еридан қабрга жой танлашни таъминлагани сабабли, мен В. В. Комаровдан Тихвин қабристонида, Фёдор Михайлович асарларини жуда яхши кўрган Карамзин ва Жуковский қабрларига яқинроқ ердан жой танлашни сўрадим.  Омадли тасодиф: шоир Жуковский ҳайкали ёнида бўш жой бор экан ва у менинг унутилмас эрим учун абадий қўним топадиган жой сифатида танланди.

30 январь куни Н. С. Абаза тушдан кейин хотира маросимига келди ва менга Молия вазирининг хатини берди, унда марҳум турмуш ўртоғимнинг рус адабиётига кўрсатган хизматлари учун миннатдорлик сифатида Суверен император менга ҳар йили болалар учун икки минг рубль нафақа тайинлагани ёзилганди. Хатни ўқиб, хушхабар учун Н. С. Абазга самимий миннатдорлик билдирдим ва бундан буён болалар ва менинг таъминланганимиз ҳақидаги хушхабарни айтиб руҳини шод қилиш қилиш учун эримнинг жасади жойлашган хонага кирдим ва  шунда энди унинг бу дунёни тарк этганини эслаб аччиқ йиғладим. (Айтганча, мен учун тушунарсиз бундай унутувчанлик Фёдор Михайлович вафотидан кейин камида икки ой давом этди: унинг кечки овқатни кутиб қолмаслиги учун уйга шошилардим, кейин унга ширинликлар сотиб олардим, эшитган қандайдир янгиликни эримга дарҳол етказишим керак, деб ўйлардим. Албатта, бир дақиқадан сўнг унинг аллақачон вафот этгани ёдимга тушар ва ўзимни жуда ҳам ёмон ҳис қилардим.

Айтишим керакки, ўша икки ярим кунни, унутилмас эримнинг жасади ҳам уйда эканини қандайдир даҳшатга тушиб эслайман. Энг оғриқлиси, бизнинг хонадонимиз бир соат ҳам бегоналардан холи бўлмасди: олд эшикдан одамларнинг зич оқими кириб келарди, орқа эшикдан орқали бошқа хоналаримиздан ўтиб, кабинетгача тақалиб келиб тўхтарди, ҳаво шу даражада дим эдики, кислород етишмас, чироқ ва катта шамлар ўчган. Бегона одамлар биз билан нафақат кундузи, балки кечаси ҳам бирга эди: Фёдор Михайлович қабрида тунни ўтказмоқчи бўлганлар бор эди, бошқалар соатлаб дуо ўқишга бериларди. Шундай қилиб, эсимда қолгани, охирги кечада тобутдаги псалтер олиб ташланишидан олдин, Федор Михайловичнинг истеъдодини жуда қадрлайдиган адютант граф Николай Федорович Гейден дуо ўқиди.

Албатта, буларнинг бари Фёдор Михайлович мухлисларининг самимий қайғусидан, марҳум хотирасига чуқур эҳтиромдан далолат берарди. Мен эримга нисбатан шундай муносабатда бўлган бу одамларга ўз самимий миннатдорлигимни изҳор қилишим мумкин эди. Аммо чин дилдан миннатдор бўлсам-да, жамият азиз эримни мендан тортиб олгани, гарчи унинг атрофида уни севадиганлар борлиги, лекин мен унинг энг яқин кишиси эканлигим учун қалбимда қандайдир бир қизғониш ҳиссини туйдим: у билан ёлғиз қола олмайман. Унинг нурли юзи ва қўлларини қайта-қайта ўпа олмайман, вафотидан кейинги биринчи оқшом бўлгани каби бошимни кўксига қўя олмайман. Бегона одамларнинг борлиги ҳис-туйғуларимни тийишга мажбур қилди, чунки эртаси куни қандайдир гўл мухбир менинг қайғуларимни бемаъни сўзлар билан тасвирлайди. Ўзимни умидсизликка топширишим мумкин бўлган ягона бошпана онам мен билан қолган кичкина хона эди. Чидаб бўлмас ҳолатда хонага бориб, ўзимни ичкаридан қулфлаб, унинг тўшагига ташлаб, нима бўлганини тушунишга ҳаракат қилардим. Аммо хонага қамалиб олганимда ҳам тинч қўйишмади: тақиллатиб, фалон муассасадан депутат келганини ва шахсан менга ҳамдардлик билдирмоқчи эканини айтишди. Ташқарига чиқдим, депутатлик вакили олдиндан чиройли нутқ тайёрлаб, марҳум турмуш ўртоғимнинг рус адабиётидаги хизмати ҳақида гапира бошлади, у тарғиб қилган юксак ғояларни эътироф этди ва бу “катта йўқотиш”, унинг ўлимига Россия матом тутди, деди. Мен жим туриб тингладим, илиқ миннатдорлик билдирдим, хайрлашиб, онамнинг олдига бордим. Ҳа, бир мунча вақт ўтгач, яна бир янги депутат, албатта, мени кўришни ва шахсан менга таъзияларини билдиришни хоҳлайди. Mен ташқарига чиқдим, эримнинг қадри ва “Россия кимни йўқотгани” ҳақида маърузаларни тингладим. Уч кун кўплаб ҳамдардлик маърузаларини тинглаб, ниҳоятда умидсизликка тушиб, ўзимга шундай дедим:

“Худойим, улар мени бунча қийнашди! Россия кимни йўқотганининг энди нима аҳамияти бор? Бу дақиқаларда Россиянинг ўзи мен учун қанчалик аҳамиятли? Кимни йўқотганимни эслайсизми? Ҳаётимнинг шодлиги, фахри ва бахти, қуёшим, худойим бўлган дунёдаги энг яхши инсонни йўқотдим! Менга раҳм қилинг, шахсан менга раҳм қилинг ва ҳозир Россия уни йўқотганини айтманг!”


Report Page