Хонободда Наврўз шодиёналари​

Хонободда Наврўз шодиёналари​

t.me/andijonvssb

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида “Юртимга хуш келдинг, эй, сахий Наврўз!” деб номланганбайрам тантаналари бўлиб ўтди.

Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари, Деҳқон бобо, Наврўзой ва миллий либосдаги жарчилар барчани Наврўзи олам билан муборакбод этиб, байрам шодиёналарига чорлади.

Андижон вилоятининг Швейцарияси хисобланадиган Хонобод шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида вилоят корхона ва ташкилотлари, идора-муассасалари, кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, юртимизнинг турли вилоятларидан келган меҳмонлар, хорижлик сайёҳлар иштирок этган байрам сайли барчага хуш кайфият бағишлади.

ХОНОБОД 

Мурод Рахмон шеъри...

Гуллар шаҳри – Хонобод, эллар фахри Хонобод, 

Кўрку латофатингдан диллар шоду, диллар шод. 

Атроф – гўё зар гилам, товланади ям-яшил, 

Гўзал, тоза, покиза – диёрдирсан энг обод... 

Гуллар шаҳри – Хонобод, эллар фахри Хонобод, 

Кўрку латофатингдан диллар шоду, диллар шод. 


Арслонбобни эслатар ажаб дилбар боғларинг, 

Шоҳимардонга ўхшар хушманзара тоғларинг. 

Ҳатто Швейцария деб ҳуснингни мадҳ қиларлар. 

Қалбга ором бахш этар ҳар кун сайр чоғларинг... 

Гуллар шаҳри – Хонобод, эллар фахри Хонобод, 

Кўрку латофатингдан диллар шоду, диллар шод. 


Бирам хушбўй ҳавоси, суви – дардлар давоси, 

Ёқар қизлар ибоси, йигитларин вафоси. 

Хонанда қўшиқ айтса, раққоси хиром этса, 

Юракни забт этмасми найчининг най навоси?! 

Гуллар шаҳри – Хонобод, эллар фахри Хонобод, 

Кўрку латофатингдан диллар шоду, диллар шод. 


Эй, Истиқлол туфайли иқболи кулган маскан, 

Сен – биёбон ўрнида гулистон бўлган маскан. 

Фидойи одамларинг ғайрат-шижоатидан – 

Турмуши тўқ, фаровон, дарёси тўлган маскан, 

Гуллар шаҳри – Хонобод, эллар фахри Хонобод, 

Кўрку латофатингдан диллар шоду, диллар шод. 


Элларга нур таратган энг нурафшон диёрсан, 

Халқи илғор, сардори – марду майдон диёрсан. 

Еру кўки мусаффо, кўнгил очар маконсан. 

Иноқ яшар ҳар миллат, дўстликка кон диёрсан. 

Гуллар шаҳри – Хонобод, эллар фахри Хонобод, 

Кўрку латофатингдан диллар шоду, диллар шод. 


Бир томонда Андижон, Қирғизистон бир ёнда, 

Ҳавас қилар чиройинг тожик, афғон бир ёнда... 

Шундай соф шаҳар аҳли Муродга етсин доим, 

Наки Ўзбекистонда, шуҳрат топсин жаҳонда! 

Гуллар шаҳри – Хонобод, эллар фахри Хонобод, 

Кўрку латофатингдан диллар шоду, диллар шод!


Баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, театр жамоалари, турли ансамбллар, дорбозлар, аскиячилар, спортчиларнинг чиқишлари байрам тантаналарига ўзгача файз киритди.

– Хонтоғ тоғи этагида жойлашган сўлим Хонобод шаҳрида ўтказилган бу йилги Наврўз байрами янада шукуҳли, миллий қадриятларимиз акс этган ҳолда ўтказилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом. – Халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналари, шўх қўшиқ ва лапарлар баҳорни, Наврўзни соғинган дилларга хушнудлик бахш этди.

Президентимиз 2018 йилнинг 19-20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Хонобод шаҳрини янада ривожлантириш юзасидан фикр билдириб, “Хонобод яқин йилларда ҳам республикамизнинг энг гўзал масканларидан бири эди. Энди у ўзининг аввалги шуҳратини қайтариши лозим”, деб таъкидлади.

– Давлатимиз раҳбарининг фикрлари бугун ҳаётда ўз ифодасини топмоқда, – дейди Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев. – Ўтган қисқа муддатда шаҳарда улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, 180 ўринли “Хонобод” санаторийси ишга туширилди. Шаҳарнинг энг юқори нуқтаси – Хонтоғда янги чархпалак ўрнатилди, бир километрлик осма йўл (канатный дорога) реконструкция қилиниб, янгича қиёфа касб этди. Умуман, шаҳарда йилига 500 минг киши ҳордиқ чиқариши учун турли кўнгилочар ва дам олиш масканлари қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи капитал таъмирланмоқда, янги-янги аттракционлар ўрнатилмоқда, турли кўнгилочар ва дам олиш объектлари ўзгача қиёфа касб этмоқда. Янги амфитеатр барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Байрам тадбирлари иштирокчилар, айниқса, ёшларга кўтаринкилик ва хуш кайфият улашди.

– Озод ва обод юртимизга фақат байрамлар ярашади, – дейди шаҳрихонлик меҳнат фахрийси Оминахон Юнусова. – Бугунги байрамга фарзандларим, набираларим билан келдик. Кулгу ва аския кечаси, санъаткорларнинг чиқишларидан мириқиб дам олдик. Тинч ва фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин.

Андижон вилоят соғлиқни сақлаш ходимлари, Андижон давлат университети, Андижон машинасозлик, тиббиёт институтлари, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали талабалари, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари инновацион ғоя, лойиҳа ва илмий ишланмалари кўргазмалари орқали ўзларининг билими ва салоҳиятини, эришаётган ютуқларини намойиш этди. Айниқса, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг қўшиқ ва рақслари барчага манзур бўлди. 

– Андижон вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт ходимлари Хонободдаги халк сайлларида фаол иштирок этмоқдалар, шунингдек тиббий хизмат масканлари хам ташкил этилган – дейди Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдурахманов – Бугунги Наврўз шодиёнасидаги тантаналар барчамизга қувонч бағишлади.


Байрам шодиёналарида қўшни Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, Россия, Жанубий Корея, Хитой сингари давлатлардан ҳам меҳмонлар иштирок этди. Хорижлик меҳмонлар Наврўз байрами, халқимизнинг гўзал, ўзига хос миллий удумларидан завқ олганларини изҳор этди.

– Наврўз байрами ҳақида эшитган эдим, – дейди россиялик профессор Михаил Крюшкин. – Байрам тадбирларида бевосита иштирок этиб, ўзбек халқининг бағрикенг, меҳмондўстлигига, миллий қадриятларини юксак улуғлашига яна бир бор амин бўлдим.

– Хорижий инвестор сифатида Андижонда иш олиб бораман, – дейди Избоскан туманидаги “Uzbek ANK Spinning” Жанубий Корея хорижий корхонаси бош директори Джанг Хюн Тэг. – Халқингизнинг Наврўз байрами тантаналарида иштирок этаётганимдан беҳад мамнунман. Ўзбек таомлари, айниқса, Андижон палови менга манзур бўлди. Фурсатдан фойдаланиб айтишим мумкинки, кейинги йилларда юртингиз жадал ривожланиш йўлидан бормоқда. Одамлар юрт равнақи йўлида баҳамжиҳат меҳнат қилмоқда. Албатта, бунинг асосий сабаби юртингиздаги тинчлик-осойишталикдир. Ишонаманки, Ўзбекистон мана шундай тараққиёт, юксалиш йўлидан қатъий боради.

Аскиячиларнинг ичакузди чиқишлари, фольклор этнографик ансамбллар ижросидаги миллий қўшиқ ва рақслардан кўнгиллар шод бўлди.

Миллий таом – палов тайёрлаш бўйича беллашувда 20 дан ортиқ моҳир ошпаз ўз маҳоратини намойиш этди. Палов, сумалак байрам иштирокчилари ва меҳмонларга улашилди.

Юқори кўтаринкилик билан ўтган Наврўз шодиёналари юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, ўзликни англаш, эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Наврўз байрами шодиёналари Андижоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида кўтаринкилик билан давом этмоқда.