Холиқдир ва Раззоқдир

Холиқдир ва Раззоқдир


“Ҳожати бўлмаган ҳолда яратувчидир”. Зеро, муҳтож бўлиш бу нуқсондир. Аллоҳ таоло эса мутлоқ беҳожат Зотдир. Шундай экан Аллоҳ таоло ўз феълларини бирор нарсага муҳтожлигидан қилмайди. У Зот ўз Каломида: إِنَّ اللَّهَ لَغَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ ‎ “Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир”, (Анкабут сураси 6-оят) дея марҳамат қилган.

“Қийинчиликсиз ризқ берувчидир”. Аллоҳ таоло касб ҳамда сабабларсиз махлуқотларига ризқ берувчидир. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳар қандай иродаси биргина амри ила бўлур. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:  إِنَّمَا قَوْلُنَا لِشَيْءٍ إِذَا أَرَدْنَاهُ أَن نَّقُولَ لَهُ كُن فَيَكُونُ “Биз бирор нарсани ирода қилсак, унга айтадиган сўзимиз: «Бўл!» – дейишдир. Бас, (ўша нарса) бўлур”. (Наҳл сураси 40-оят). Аллоҳ таоло комил қудрат соҳиби бўлгани боис У Зотга қийинчилик ва машаққат етмас.

“(Ҳеч кимдан) қўрқмасдан (махлуқотлар) жонини олувчидир”. Яъни Аллоҳ таоло махлуқотларини жонини олувчи ва бу билан У Зотга қўрқув ҳамда ваҳшат етмас. Зеро, махлуқотларнинг бор ва йўқлиги У Зотга нисбатан баробардир. Махлуқотларнинг борлиги У Зотнинг мулкини зиёда этмас, йўқлиги эса У Зотнинг мулкига зиён етказмас. Зеро, Аллоҳ таоло барчадан ғолиб ҳамда барча нарсани бўйсундирувчи ҳамда ёлғиз Ўзи абадий бўлган Зотдир.

“Машаққатсиз қайтар тирилтирувсидир”. Чунки Аллоҳ таоло оламни машаққатсиз, биргина амри ила яратгандир. Бас, шундай экан қайта тирилтиришда ҳам У Зотга машаққат етмас. Зеро, қайтариш пайдо қилишдан осонроқдир. Қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло шунга ишора қилади:

 وَهُوَ الَّذِي يَبْدَأُ الْخَلْقَ ثُمَّ يُعِيدُهُ وَهُوَ أَهْوَنُ عَلَيْهِ ۚ “У илк бор Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат куни) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. У зотга (бу) осонроқдир”. (Рум сураси 27-оят).

أَفَعَيِينَا بِالْخَلْقِ الْأَوَّلِ ۚ بَلْ هُمْ فِي لَبْسٍ مِّنْ خَلْقٍ جَدِيدٍ “Ахир, Биз аввалги яратишга (йўқдан бор қилишга) ожизлик қилдикми? Йўқ, улар эса янги яралишдан шубҳададирлар”. (Қоф сураси 15-оят). Яъни илк яратишдан ожизлик қилмадик, энди қандай қилиб иккинчи бор яратишдан ожиз қолишимиз мумкин?!

يَوْمَ نَطْوِي السَّمَاءَ كَطَيِّ السِّجِلِّ لِلْكُتُبِ ۚ كَمَا بَدَأْنَا أَوَّلَ خَلْقٍ نُّعِيدُهُ ۚ وَعْدًا عَلَيْنَا ۚ إِنَّا كُنَّا فَاعِلِينَ

“У кунда Биз осмонни худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган каби ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша яхлит ҳолига) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта, Биз (шундай) қилувчидирмиз”. (Анбиё сураси 104-оят).

Аллоҳ таоло Қиёматни инкор қилувчиларга Ўз каломида шундай хитоб қилади:

أَوَلَمْ يَرَ الْإِنْسَانُ أَنَّا خَلَقْنَاهُ مِنْ نُطْفَةٍ فَإِذَا هُوَ خَصِيمٌ مُبِينٌ 77 وَضَرَبَ لَنَا مَثَلًا وَنَسِيَ خَلْقَهُ ۖ قَالَ مَنْ يُحْيِي الْعِظَامَ وَهِيَ رَمِيمٌ 78 قُلْ يُحْيِيهَا الَّذِي أَنْشَأَهَا أَوَّلَ مَرَّةٍ ۖ وَهُوَ بِكُلِّ خَلْقٍ عَلِيمٌ 79 الَّذِي جَعَلَ لَكُمْ مِنَ الشَّجَرِ الْأَخْضَرِ نَارًا فَإِذَا أَنْتُمْ مِنْهُ تُوقِدُونَ 80 أَوَلَيْسَ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بِقَادِرٍ عَلَىٰ أَنْ يَخْلُقَ مِثْلَهُمْ ۚ بَلَىٰ وَهُوَ الْخَلَّاقُ الْعَلِيمُ 81

77. Инсон (кофир), Биз уни нутфадан (бир томчи шаҳват сувидан) яратганимизни, энди эса, у бирданига (Ўзимизга) ошкора хусумат қилувчи бўлиб қолганини кўрмадими?!

78. У Бизга: «Чириб кетган суякларни ким ҳам тирилтира олур?»– деб, нақл келтирди-ю, (аммо) ўзининг (қандай) яралганини унутиб қўйди.

79. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У турли хил яратиш(лар)ни билувчидир».

80. У сизлар учун яшил дарахтдан олов пайдо қилган зотдир. Бас, сизлар ўшандан олов ёқурсизлар.

81. Осмонлар ва Ерни яратган зот яна (қайтадан) уларнинг худди ўзидек яратишга қодир эмасми?! Йўқ, (албатта, қодирдир). У Халлоқ (яратувчи) ва Алим (билувчи)дир.


Report Page