"Хизмат"ини 2000 АҚШ долларига баҳолаган талаба энди қонун олдида жавоб беради

"Хизмат"ини 2000 АҚШ долларига баҳолаган талаба энди қонун олдида жавоб беради


Моддий манфаатлари илинжида товламачилик ва таъмагирлик йўлларини танлаб, чўнтак қаппайтиришни мақсад қилган қинғир ниятли “нажот фаришта”лари сабабли жамият тараққиётини банди қилувчи тушов саналмиш коррупция илдизига ҳамон болта урилган эмас.

Хусусан, Самарқанд давлат тиббиёт университети 1-сон “Даволаш” факультети 5-босқич талабаси, 1999 йилда туғилган У.Т. ҳам нафснинг тубсиз домига илинганлардан. У талабаларнинг ишончига кириб, уларни университетдаги “қўли узун танишлари” орқали якуний тест имтиҳонларидан ўтказиб беришни ваъда қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида У.Т. ушбу олийгоҳда таҳсил олувчи маҳаллий фуқародан 4 та фаннинг якуний тест имтиҳонларидан ўтказиб бериш учун 2 000 АҚШ доллари талаб қилганлиги аниқланиб, олдиндан келишилган 1.500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Тезкор суриштирув жараёнларида маълум бўлишича, У.Т. фуқародан олган 2 000 АҚШ долларининг 700 АҚШ долларини ўзида олиб қолиб, қолган 1 300 АҚШ доллар пулни жиноий шериги "Бобур" исмли шахсга беришни режалаштирган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қонунга, қолаверса, инсонларга фириб беришнинг охири хайрли якун топмаслиги бугун умрини панжара ортида ўтказишга мажбур бўлаётган кимсалар тақдиридан маълум. Огоҳ бўлинг!

Report Page