Хитой Халқ Республикасида рўйхатга олинган янги турдаги короновирус касаллиги тўғрисида маълумот

Хитой Халқ Республикасида рўйхатга олинган янги турдаги короновирус касаллиги тўғрисида маълумот

СЭО агентлиги

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий буюросининг маълумотларига кўра, Хитой Халқ Республикасида короновируснинг янги типи эпидемияси юзага келган.

Хитойнинг Ухан шаҳар Соғлиқни сақлаш қўмитаси 2019 йилнинг декабр ойининг охирида Ухан шахар Хубэй провинциясида номаълум этиологияли пневмония касаллиги тарқалганлигини маълум қилган.

Хитой Халқ Республикасининг ҲТСҚ-2005 Миллий координатори маълумотига кўра 2020 йилнинг 11 январ ҳолатига Ухан шахрида 41 та ҳолатда вирусли пневмония касаллиги аниқланган, улардан бир нафари вафот этган, беморларни 6 нафари соғайиб шифохонадан чиқарилган.

Беморлар билан мулоқатда бўлган 739 нафар, шулардан 419 нафари тиббиёт ходимлари тиббий назоратга олинган. Ҳозирча улар орасида касаллик аломатлари аниқланмаган.

Миллий координаторнинг маълумоти асосида ҲТСҚ-2005 мезонлари бўйича ушбу касалликнинг ҳалқаро миқёсида тарқалиш хавфи хамда халқаро савдо ва сайёҳатларга тўсқинлик йўқлиги маълум қилинган.

Эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра айрим касалланган беморлар маҳаллий денгиз маҳсулотлари савдо бозорларида ишлаганлиги аниқланган.

Беморларнинг кўпчилиги тана ҳароратининг юқорилиги ҳамда нафас олишининг қийинлашишига шикоят қилган. Кўкрак қафасининг рентгенография хулосасига кўра айрим ҳолатларда беморларни ўпкалари шикастланган.

Бугунги кунда касалликни одамдан-одамга юқиши аниқланмаган.

Хитойнинг Ухан шахрининг Соғлиқни сақлаш қўмитаси атипик пневмония (8АК8) ва Яқин-Шарқ респиратор синдроми (МЕК8) касалликлари инкор қилинган.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликни кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан қуйидаги чора – тадбирлар амалга оширилмоқда:

- Давлат чегараси кесишган жойлардаги Санитария – карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий – санитария кўригидан ўтказиш, айниқса Хитой Халқ Республикасидан келаётганларга алоҳида эътибор қаратилмоқда;

- пневмония ва бошқа ўткир респиротор касалликлари аломатлари билан  аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда;

- грипп, ЎРИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморларни шифоҳоналарга ётқизиш учун даволаш – профилактика муассасаларини тайёргарлигини таъминлаш, беморларни даволаш учун дори-дармонлар ва дезинфекцион моддаларни захираси яратилди;

- Хитой Халқ Республикасидан келаётган йўловчиларда, грипп касаллигининг оғир турларига, ЎРИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморлар аниқланганда лаборатория ташхисоти учун намуналар олишни ташкил этиш;

- Агентлик мутахассислари томонидан учувчилар, борт кузатувчилар, темир йўл проводникларини билим савиясини ошириш мақсадида грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларининг клиникаси, лаборатория ташхисоти, профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлари тўғрисида семинарлар ўтказилмоқда.

Касалликларни республикамизга кириб келиши ва кенг тарқалишини олдини олиш бўйича олиб борилаётган чора – тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталик aгентлиги томонидан назоратга олинган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими