ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР: 2021 ЙИЛ НАТИЖАЛАРИ ВА ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАР

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР: 2021 ЙИЛ НАТИЖАЛАРИ ВА ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАР

edu.uz

Охирги йилларда асосий эътибор ёшларимизга олий таълим олиш учун кенг имконият ва шароит яратишга қаратилди. Натижада, ўтган 5 йилда 22 та хорижий ҳамда 21 та нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилиб, олийгоҳлар сони 65 тадан 156 тага етди, олийгоҳларга қабул 3 бараварга ортди.

Ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 28 фоизга оширилди.

Жорий 2021 йилда ҳам самарали ишлар амалга оширилиб, 25 та янги олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиб, давлат олий таълим муассасалари сони 106 тага етди.

2021 йилда 2 та филиал ва 3 та педагогика факультетлари негизида Педагогика институтлари, Тошкент давлат аграр университетининг Нукус ҳамда Термиз филиаллари ҳамда Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали алоҳида институтларга айлантирилди.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети унинг Бухоро ва Қарши филиалларига алоҳида институт мақоми берилди.

Шунингдек “Янги Ўзбекистон” университетининг ташкил этилганлиги бу иқтидорли ёшларимиз учун яратилган алоҳида имкониятдир.

Ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 28 фоизга етказилиб, 170 минг нафардан ортиқ ёшларимиз олий таълимга қабул қилинди. Давлат грантлари 7 250 тага ёки 25 фоизга оширилди.

2022 йилда: Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда ёшларни олий таълим билан қамров даражасини 32 фоизга етказиш мақсадида нодавлат олий таълим муассасалари сонини 25 тадан, жами олийгоҳлар сонини 160 тадан оширамиз.

Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институти, Андижон давлат чет тиллар институти фаолияти йўлга қўйилса, Навоий давлат кончилик институти негизида Навоий политехника университети ташкил этилади.

ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИ ХАЛҚАРО ТАЛАБЛАРГА МОСЛАШТИРИШ

Олий таълим жараёни 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қисман, жорий ўқув йилидан бошлаб тўлиқ кредит-модуль тизимига ўтказилди. Асос сифатида Европанинг ECTS (European Credit Transfer and Accumulation System) тизими қабул қилинди.

Мазкур 2 та стандарт – “Олий таълимнинг Давлат таълим стандарти. Асосий қоидалар” ва “Олий таълимнинг Давлат таълим стандарти. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори” 2021/2022 ўқув йили бошлангунига қадар ЮНЕСКО томонидан жорий этилган “Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси” (ТХСК 2011) ҳамда “ТХСК: Таълим ва касбий тайёрлаш соҳалари” (ТХСК-С 2013) асосида қайта ишлаб чиқилди, тасдиқланди ва Давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ўқув режа ва ўқув дастурлар таянч олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланиши амалиёти бекор қилинди. Олий таълим муассасаларига академик мустақиллик берилиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб барча ўқув режалар ва ўқув дастурлар ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан мустақил ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши тартиби жорий этилди.

Янги стандартлар ва малака талаблари асосида кредит-модуль тизимига мос равишда ОТМлар томонидан 625 та бакалавриат таълим йўналиши ва 634 та магистратура мутахассислиги бўйича ўқув режалар ҳамда 4,7 мингдан зиёд ўқув дастурлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Келгуси йилларда:

Олий таълимнинг меъёрий-услубий тизими халқаро стандартларга мувофиқ жорий этилади ва бунинг натижасида:

мамлакат олий таълим тизими жаҳон таълим маконига тўлиқ интеграция қилинади;

халқаро академик ва илмий мобиллик ҳуқуқий асосга эга бўлиб, кескин кенгаяди;

дипломлар, академик ва илмий даражалар “конвертацияси” учун кенг имкониятлар яратилади;

таълим дастурларини халқаро миқёсда уйғунлаштириш имкониятлари кенгаяди;

мамлакат олий таълим муассасалари халқаро рейтингларда тенгма-тенг иштирок этиши имкониятлари янада ошади;

таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш имкониятлари кенгаяди;

халқаро академик ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш кўлами кенгаяди;

қўшма дастурлар асосида ўқитиш имкониятлари кенгаяди.

2021 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлик ва грант дастурлари доирасида 1345 нафар профессор-ўқитувчилар хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилди. Уларнинг, 579 нафари Европа, 172 нафари Америка, 82 нафари Осиё, 512 нафари МДҲ мамлакатларига юборилди.

Олий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2021 йилда 1793 нафар хорижлик мутахассислар ўқув жараёнига жалб қилинган бўлиб, уларнинг 481 нафари Европа, 97 нафари Америка, 263 нафари Осиё, 952 нафари МДҲ мамлакатлари профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари ҳисобланади.

РАҚАМЛИ УНИВЕРСИТЕТ ЛОЙИҲАСИ

Таълим жараёнига олий таълим муассасаларидан олинадиган турли ҳисобот ва маълумотлар сонини кескин камайтириш, уларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш, бошқарув тизимини рақамлаштириш мақсадида Рақамли университет лойиҳаси доирасида “Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими” (HEMIS — Higher Education Management Information Systems) ишлаб чиқилди. Ушбу ахборот тизими “Маъмурий”, “Ўқув”, “Илмий” ва “Молиявий” жараёнларини бошқариш модулларини ўз ичига олади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб барча давлат олий таълим муассасаларида талабалар ўқув варақаси, рейтинг дафтарчаси, академик маълумотнома, дарс жадвали, давомат ва ўзлаштиришга оид маълумотлар, тўлов-контракт шартномалари рақамлаштирилди.

2022 йилда: Олий таълим тизимида “Маъмурий”, “Ўқув”, “Илмий” ва “Молиявий” жараёнларни бошқариш тўлиқ электронлаштирилади.

Таълим жараёнига тегишли бўлган жараёнларни тўлиқ электронлаштириш орқали талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг асосий фаолияти ўқув жараёнига қаратилади. Ўқув жараёнини қоғозда тартибга солиш амалиётидан тўлиқ воз кечилади.

Кейинчалик Рақамли кутубхона тизимини халқаро илмий кутубхона тизимларига интеграция қилиш режалаштирилган.

ИЛМИЙ ФАОЛИЯТНИ ЯХШИЛАШ ВА САЛОҲИЯТНИ ОШИРИШ

Бугунги кунда олий таълим муассасаларида 800 мингга яқин талабаларга 32 228 нафар профессор-ўқитувчилар таълим бермоқда. Шундан илмий даражалилар – 12 686 нафар бўлиб, фан докторлари (DSc)2 657, фан номзодлари (PHD)10 029 нафарни ташкил этади.

Докторлик диссертация ҳимоя кўрсаткичи 3,6 баробарга оширилиб, илмий даражали педагоглар улуши республика бўйича 39 фоизга етказилди.

2021 йилда олий ўқув юртидан кейинги таълимга қабул квотаси 4 бараварга оширилди.

2022 йилда квоталар сони яна қарийб 100 фоизга оширилиб, вазирлик тизимидаги олийгоҳларга докторантура учун 1956 та квота (1218 та PhD, 124 та DSc, мақсадли докторантурага 204 та PhD, 10 та DSc) ҳамда стажёр-тадқиқотчиликка 292 та квота ажратилди.

Ҳозирги кунда 65 та олий таълим муассасаси ва 88 та илмий ташкилотларда (жами 153 та) докторантура фаолияти йўлга қўйилган.

2021 йил 1 декабрь ойи ҳолатига кўра 1405 та диссертация ишлари, жумладан, 182 та фан доктори, 1223 та фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун ҳимоя қилинди.

Давлат илмий-техник дастурлари доирасида 2021 йилда ҳолатига кўра республика олий таълим муассасаларида умумий маблағи 165 млрд 447 минг сўм бўлган 403 та илмий лойиҳа бажарилмоқда.

Шунингдек, 27 та олий таълим муассасасида Жаҳон банки кредити доирасида Академик инновациялар фонди маблағлари (4 млн. АҚШ доллари) ҳисобидан 32 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Республикада 15 та олий таълим муассасасида 39 та илмий лаборатория мавжуд бўлиб, 183 нафар ходим лаборатория хизматларини кўрсатиб келмоқда.

 QS халқаро рейтинг компаниясининг Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий университети ўтган йили 351+ ўрин олган бўлса, 2022 йил учун эълон қилинган рейтингда 100 поғона юқорига кўтарилиб, 251+ ўринни эгаллади.

Бундан ташқари, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети 211+ ўрин билан ўтган йилги натижалардан 40 поғона юқорига кўтарилди.

Тошкент давлат техника ва Самарқанд давлат университетлари ўтган йилги 351+ ўринни сақлаб туришибди.

2022 йилда: «Scopus», «ScienceDirect», «Web of Science» ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи журналлардаги мақолалар сони 4 000 тага етказилади.

«Scopus», «ScienceDirect», «Web of Science» ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базасига киритилган олий таълим муассасалари илмий журналлар сони 5 тага етказилади.

Олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган «Хирш» индекси (h-индекс) 5 ва ундан юқори бўлган профессор-ўқитувчилар сонини 250 тага етказилади.

Олий таълим муассасаларида докторлик диссертация ҳимоялари сони 2 000 тага етказилади.

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА ТАЛАБА-ЁШЛАРНИ МОДДИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

        Барчамизга маълумки бугунги кунда олий таълимга кириш учун ёшларимизга 20 га яқин имтиёзлар берилган бўлиб, уларнинг асосий қисми давлат гарнти асосида қабул қилинади. Шу билан бирга талабаларга ҳам имтиёзлар ва имкониятлар яратилиб келинмоқда.

2021/2022 ўқув йилида ихтиёрий равишда эмланган (бакалавриат ва магистратура) талабаларга — белгиланган базавий тўлов-контракт миқдорларига нисбатан 10 фоиз чегирма бонуси берилди. Бунда талабалар жорий йилнинг 15 ноябрига қадар (шу куни ҳам) эмланганлик тўғрисидаги сертификатни ўзлари таҳсил олаётган олий таълим муассасасига тақдим этишлари белгиланди.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар учун тўлов-контракт миқдорини тенг улушларда бўлиб, ўқув йили давомида тўрт маротаба тўлаш ҳуқуқи берилди.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилди.

Бунда,

Ҳокимликлар ҳар ўқув йилида 100 нафардан хотин-қизлар учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий тўлов-контракт суммасини тўлаб беради;

молиявий барқарор олий таълим муассасалари 50 нафаргача хотин-қизларни бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бепул ўқитиб беради.

“Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий этилди.

Маълумот учун: республика давлат олий таълим муассасаларига 2021 йилда 385 нафар талаба учун 2,7 млрд.сўм қўшимча маблағ ажратилди.

2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди. Бунда:

ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (270 минг сўм), қолган ҳудудларда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари (135 минг сўм) дан ошмаслиги;

ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатган ва фаол талабалар учун қоплаб берилиши;

олий таълим муассасалари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган бошқа талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин.

Мазкур масалада 2021 йилда давлат бюджетидан жами 72,0 млрд.сўм маблағ ажратилди. 2022 йилда 120,0 млрд.сўм ажратилиши режалаштирилган.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Республикада фаолият кўрсатаётган барча олий таълим ташкилотлари (давлат, нодавлат, хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари)да ва қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тижорат банклари томонидан имтиёзли таълим кредитлари ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилди.

Бунда, таълим кредитини олган талабалар кредит фоизини кредит олган вақтдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ва кредитнинг асосий қарзини эса ўқишнинг тўлиқ курсини тугатганидан сўнг тўлайдилар.

Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибига мувофиқ, талабаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан:

тўлов-контракт асосида таълим олаётган 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўлови давлат бюджети ҳисобидан тўланиши ва стипендиясиз контракт-тўловларини амалга оширилиши белгиланди;

тегишли молия йилида ОТМларда стипендия тўловлари учун режалаштирилган бюджет маблағларига нисбатан 10 фоизи ҳамда тўлов-контракт бўйича режа тушумининг 2 фоизи миқдоридаги маблағлар ҳисобидан Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилди.

ТАЛАБАЛАР ТУРАР ЖОЙЛАРИ

Сўнги йилларда республикада ёшларнинг олий таълим билан қамрови ошиб бориши билан бир қаторда, ётоқхоналарга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.

2020 йилда давлат олий таълим муассасаларида умумий қуввати

60 минг ўринли 228 та талабалар турар жойлари мавжуд бўлиб, эҳтиёжнинг 28 фоизи таъминланган, қўшимча 149 минг ўринли талабалар турар жойига талаб мавжуд эди.

2021 йилда Муҳтарам Президентимизнинг кўрсатмаларига асосан мавжуд талабалар турар жойларидаги яшаш хоналарини оптималлаштириш ва икки ярусли кроватларни жорий этиш орқали қўшимча 20 минг ўрин ташкил этилди.

Шунингдек, Давлат бюджети маблағлари, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида қўшимча 11 минг ўринли 28 та талабалар турар жойлари ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.

Мазкур ислоҳотлар натижасида давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойларининг сони 256 тага етказилиб, 91 минг нафар талабаларни жойлаштириш имконияти яратилди ва ётоқхонага бўлган эҳтиёжнинг 41 фоизи таъминланди. Шунга қарамасдан, ҳозирда қўшимча 132 минг ўринли талабалар турар жойига талаб мавжуд.

Мазкур эҳтиёжни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 563-сон қарорга мувофиқ 2022-2025 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 85 та олий таълим муассасаларида 91,2 минг ўринли 228 та талабалар турар жойлари барпо этиш белгиланди.

Шундан, 2022 йилда давлат-хусусий шериклик асосида 18,8 минг ўринли 47 та талабалар турар жойлари барпо этилади.

Шу билан бир қаторда, олий таълим муассасаларининг ўз маблағлари ҳисобидан 2,1 минг ўринли 5 та талабалар турар жойлари қурилади. Натижада, ётоқхонага бўлган эҳтиёжнинг 47 фоизи таъминланди.

Бугунги кунда қўшимча 132 минг ўринли талабалар турар жойига талаб мавжуд. Мазкур эҳтиёжни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 563-сон қарорга мувофиқ 2022-2025 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 85 та олий таълим муассасаларида 91,2 минг ўринли 228 та талабалар турар жойлари барпо этиш белгиланди.

2022 йилда давлат-хусусий шериклик асосида 18,8 минг ўринли 47 та талабалар турар жойлари барпо этилади.

Талабаларнинг ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатган ва фаол талабалар учун амалга оширилади ҳамда ушбу мақсад учун 2022 йилда 120,0 млрд.сўм ажратилади.

ТЬЮТОРЛАР ФАОЛИЯТИНИ ЖОРИЙ ЭТИЛИШИ

Аввалги тизим бўйича олий таълим муассасаларида талабаларнинг маънавий-ахлоқий тарбия масалалари билан шуғулланадиган мураббийлик институти мавжуд эди. Президент қарори асосида биз уларга мураббийлик қилгани учун ойлик маошининг 25 фоизига бўлган миқдорида устама ҳақ қўшиб берар эдик. Кимдир 5 фоиз, кимдир 10 ёки 15 фоиз берган. Очиғи, қайсидир олий таълим муассасалари 20 фоиздан ҳам ортиқ устама берар эди.

Натижада эса ўзига юклатилган мураббийлик вазифаларини тўлиқ бажара олмас эди. Кимдир “Ахборот ва мураббийлик соати”ни ўта олмаса, бошқаси давоматни назорат қилишга улгурмас эди.

Бунинг оқибатида талабаларнинг ахлоқий тарбиясида айрим муаммолар кўзга ташланиб турарди.

Шуларни инобатга олган ҳолда, муҳтарам Президентимизнинг рухсатлари асосида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан мураббийлик институти ўрнига хориж тажрибасида қўлланилаётган тьюторлик институти жорий қилинди.

Вазирлик томонидан Тьюторликнинг намунавий низоми тасдиқлаб берилди. Тьютор лавозими учун малака талаблари белгиланди.

Низомга кўра, тьюторлар фақат талабалар билан иш олиб боради, дарс бермайди. Ҳар бир талабанинг барча йўналишдаги фаолиятини тўла назоратга олади ва уларнинг психологик портретини шакллантиради. Энг асосийси, талабаларнинг одоб ва ахлоқи билан шуғулланиб, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига эътибор қаратади ва 5 ташаббус доирасидаги клубларга жалб қилади.

97 та ОТМда кундузги ва кечки таълим шаклида шаклда таҳсил олаётган 1-3 курс талабалари сони 402 602 нафарни ташкил этади. ОТМларнинг штатлар жадвали бўйича 2 806 та штат бирлигида “Тьютор” лавозими жорий этилиб барчасига олий маълумотли мутахассислар ишга қабул қилинди.

Давлат олий таълим муассасаларига академик, молиявий ва ташкилий-бошқарувда мустақиллик бериш тўғрисида

Давлат олий таълим муассасаларига академик, молиявий ва ташкилий-бошқарувда мустақиллик бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги қарорлари қабул қилинди.

Ушбу қарорларни ишлаб чиқишда 30 нафар мутахассис, жумладан олий таълим муассасалари ректорлари ва Жаҳон Банки экспертлари иштирок этиб, Россия, АҚШ ва Европа давлат олий таълим муассасаларида молиявий, академик ва бошқарув мустақиллик масалалари таҳлил қилинди.

I. Ушбу қарорларда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

1. Республиканинг 35 та етакчи давлат олий таълим муассасаларига 2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақиллик, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб эса академик ва ташкилий-бошқарув соҳаларида мустақиллик берилади.

2. Ушбу олий таълим муассасалари қуйидаги масалаларда мустақил қарорлар қабул қилади:

2.1) академик мустақиллик соҳасида:

а) касбий стандартлар асосида ўқув режалари, ўқув дастурлари, малака талабларини тасдиқлаш ҳамда таълим тили ва шаклини белгилаш;

б) таълим йўналишлари ва мутахассисликлар учун таълим давомийлиги муддатларини белгилаш;

в) тўлов-контракт асосида докторантурада ўқиш қийматини белгилаш ва ўз маблағлари ҳисобидан грант ажратиш орқали докторантурага қабул қилиш;

г) докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш;

д) магистратурада таълимнинг сиртқи, масофавий ва кечки шаклларини, қўш ва амалий малакалар бериш тизимини жорий қилиш;

е) ўзаро келишувлар асосида республикадаги олий таълим муассасалариаро ички академик мобилликни амалга ошириш;

ж) олий таълим муассасаси ва унинг тузилмасидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш;

з) таълим сифатини ички назорат қилиш механизмларини жорий этиш.

2.2) молиявий мустақиллик соҳасида:

а) тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини таълим хизматлари бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бироқ базавий тўлов-контракт қийматининг 3 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш;

б) талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;

в) таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни қўллай оладиган ва илмий изланиш олиб борадиган маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;

г) ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш;

д) хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни тўғридан-тўғри харид қилиш.

2.3) ташкилий-бошқарувдаги мустақиллик соҳасида:

а) таълим сифатини таъминлаган ҳолда, фаолиятининг асосий йўналиши таълим, илм-фан, унинг натижаларини жорий этиш ва тижоратлаштириш билан боғлиқ ташкилотларни ташкил этиш;

б) олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативлардан қатъи назар, муассасанинг тузилмаси ва штатларини мустақил тасдиқлаш;

в) мавжуд қувватларни ҳисобга олган ҳолда, янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларни тўлов-контракт асосида очиш, амалдаги таълим йўналишлари ва мутахассисликларни тугатиш.

3. Молиявий мустақил олий таълим муассасаларида васийлик кенгашлари тугатилиб, таркиби кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат (70 фоиздан кам бўлмаган таркибда) кузатув кенгашлари ташкил этилади.

Кузатув кенгашларига олий таълим муассасаларини бошқаришда қуйидаги ваколатлар берилмоқда:

а) олий таълим муассасасининг стратегик ривожланиш дастурлари, бизнес-режа, даромадлар ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш;

б) тўлов-контракт асосида ўқишга қабул параметрларини белгилаш;

в) ректор ва проректорлар фаолиятини ўрганиш ҳамда ахборотини эшитиш;

г) ходимлар ва профессор-ўқитувчилар самарадорлигини баҳолаш мезонларини (KPI) тасдиқлаш;

д) олий таълим муассасасини ривожлантириш ва молиявий фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилоти кўринишида мақсадли капитал жамғармасини шакллантириш;

е) олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартибини мустақил белгилаш.

4Олий таълим муассасалари фаолиятини рақамлаштириш мақсадида Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Олий таълим жараёнларини бошқариш” ахборот тизими 2 босқичда жорий этилади:

а) биринчи босқичда олий таълим муассасаларининг ўқув, илмий, маъмурий, молия-хўжалик фаолиятини бошқариш рақамлаштирилиб, 35 та ҳисобот ва маълумотлар электрон шаклга ўтказилади (муддат: 2022 йил 1 март);

б) иккинчи босқичда таълим сифатини назорат қилиш тизими жорий этилади ҳамда Таълим инспекцияси томонидан мониторинг масофавий шаклда юритилади (муддат: 2022 йил 1 май).


Report Page