Хелена Фрейзер ва Мунир Мамедзаде вилоят молия бош бошқармасида бўлди
Buxoro.uz“Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” халқаро форуми доирасида Бухоро вилоятида бўлган БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер хоним ҳамда UNICEFнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Адилов билан учрашди.
Учрашув давомида нуфузли меҳмонларга аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдами тақдим этишнинг автоматлаштирилган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини фаолияти ва унда яратилган қулайликлар бўйича маълумотлар берилди.
Шунингдек, бугунги кунда аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестр” ахборот тизими орқали бола парвариши бўйича нафақа, 14 ёшгача болалари бўлган ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамларни тайинлаш жараёнлари ҳақида ҳам тушунтириш бериб ўтилди.
Ахборот тизими орқали инсон омилисиз ҳаракатлар амалга оширилиб, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам бериш масаласини кўриб чиқиш ва тайинлаш тартиби тизимга киритилган маълумотлар асосида автоматик тарзда ҳал этилиши меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир сўнгида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда UNICEFнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан қўллаб-қувватланиши билдириб ўтилди.