«Харпа» — Исландия безаги

«Харпа» — Исландия безаги

Enter Engineering Pte. LTD.

Дўстлар! Эътиборингизга дунё замонавий меъморчилигининг яна бир дурдонаси – Рейкьявик (Исландия) бандаргоҳида жойлашган «Харпа» Концерт саройи ҳақидаги маълумотларни ҳавола этамиз. Бир нечта Концерт заллари гўёки Мажлислар зали билан бирикиб кетгандек кўринган ушбу бино тарҳи дунёга машҳур даниялик меъмор Хенинг Ларсен фирмаси томонидан яна бир таниқли ижодкор, табиий ҳодисотлар, санъат ва илмни ақл бовар қилмас даражада уйғунлаштира олувчи рассом Олафур Эллиасоном билан ҳамкорликда яратилган.

Бино деворлари ва шифти оч мовий ҳамда ёрқин сариқ рангдаги, мумкатак шакллардаги пўлат каркас ичига жойланган ойнаванд панеллардан таркиб топган бўлиб, улардан аксланиб ва синиб тушаётган ташқи нур қуёш жойлашувига қараб ёруғлик даражадаси ўзгаргани сайин ажойиб фазовий кенглик тасаввурини уйғотади.  

«Харпа» исланд тилида Арфа деганидир. Бинонинг бундай номланиши уни фақат ташқарисидан кўрган киши учун ғалати туюлиши мумкин, чунки унинг кўриниши арфа чолғусига ўхшамайди. Лекин бинога кирган киши унга энг муносиб ном танланганига амин бўлади.  Бино ичи гўёки қўл учи тегиши ёки енгил шамол эсиши билан ажойиб арфа чолғусининг теран ва мафтункор товуши эшитилиб, бу ерда мужассам улуғворликни янада кучайтираётгандек таассурот ҳосил қилади.

«Харпа»да Исландия табиати манзаралари кўринишида безатилган ва мос равишда номланган тўртта концерт зали мавжуд: 

«Эльдборг»

1600-1800 ўринли энг катта зал Эльдборг (исландча Eldborg — сўнган вулқон кратери); 

«Сильвурберг»

750 ўринли Сильвурберг (исландча Silfurberg — исландияда кўп учрайдиган оҳактош); 

«Нордюрльоус»

450 ўринли Нордюрльоус (исландча Norðurljós — шимол ёғдуси); 

«Кальталоун»

195 ўринли Кальталоун (исл. Kaldalón — муз қоплаган кўл).

«Харпа» яқинида, соҳилда яна бир машҳур иншоот ҳисобланган, қуёш ва эркинликка интилувчи орзу кемаси тимсолига айланган «Хуррам сайёҳ» монументи жойлашган.

«Хуррам сайёҳ»


Report Page