Халқ таълими тизимидаги муаммолар вазирлик томонидан ҳал этилмоқда
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари 6 / 11 / 2018
Халқ таълими вазирлигида жисмоний ва юридик шахслардан тушаётган мурожаатлар вақтида назоратга олиниб, қонун доирасида ҳал этилмоқда. Вазирликнинг мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, Халқ таълими вазири маслаҳатчиси Ғайрат Шоумаров билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.
— Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётади. Вазирлик шу нуқтаи назардан барча аризаларни қонуний ҳал этишга интилмоқда. Мурожаатлар келиб тушган вақтидаёқ, мазмунан ўрганилиб, тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга юборилмоқда, — дейди ў.Шоумаров. — Масъул ходимлар шикоят ва аризаларни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқиб, натижаси ҳақида ёзма маълумот бермоқда. Қонуннинг 4-моддасида мурожаатлар ёзма ва оғзаки шаклда, 5-моддасида ариза, таклиф ёки шикоят кўринишида бўлиши мумкинлиги белгиланган. 18-моддада фуқаролар мурожаатини кўриб чиқиш муддати келтирилган.
Ариза ёки шикоятлар масалани моҳиятан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига тушган кундан эътиборан бир ой муддатда, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб этмайдиган ариза ёки шикоятлар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бош¬қа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлса, муддати тегишли давлат органи раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда мурожаат этувчига маълум қилинади.
Тизимдаги ноқонуний ишлар, адолатсизликлар тўғрисида тезкор маълумот олиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида вазирликнинг 10-06 рақамли ишонч телефони ишлаб турибди.
— Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Халқ таълими вазирлигига фуқаролардан нечта мурожаат келиб тушди, уларнинг қанчаси ижобий ҳал этилди? Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда вазият қандай?
— Айни пайтда республикамизда 9691 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд. Уларда 408 135 нафар педагог ходим фаолият юритиб, 5 821 861 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Контингентнинг катталигини инобатга олсак, Халқ таълими вазирлигига, жойлардаги халқ таълими бошқарма ва бўлимларига тушаётган мурожаатлар тўғрисида қисман бўлса ҳам тасаввур ҳосил қиламиз. Тизимда турли муаммолар юзасидан бевосита фуқароларни қабул қилиш ҳам йўлга қўйилди. Шу билан бирга барча ҳудудлардаги педагог ходимлар, ота-оналарнинг мурожаати тингланмоқда. Қувонарлиси, кўплаб юртдошларимиз турли таклиф ва мулоҳазаларини ҳам билдирмоқда.
Агар мурожаатлар географиясига қарайдиган бўлсак, Тошкент шаҳри ва Тошкент, Қашқадарё вилоятидан нисбатан кўп мурожаат келиб тушган. Шу йилнинг август-сентябрь ойларида Халқ таълими вазирлигига келган 346 та мурожаатнинг 134 таси (38 фоиз) Тошкент шаҳри, 83 таси (24 фоиз) Тошкент вилояти, 23 таси эса (7 фоизи) Қашқадарё вилоятига тўғри келади. Бу жами шикоятларнинг 68,6 фоизини ташкил этади.
Мурожаатларни мазмунан таҳлил қилсак, уларда асосан ўқитувчилар фаолиятидан норозилик, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги тушунмовчилик, таълим муассасаси раҳбари, яъни мактаб директорлари, ўринбосарларида муомала маданиятининг етишмаслиги, таълим муассасасидаги шарт-шароитнинг қониқарсизлиги каби муаммолар кўтарилган.
Мактаб раҳбари фаолиятидан (мактаб директори, туман, шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари) норози бўлиб, бу ердаги носоғлом психологик муҳитдан шикоят қилганлар сони таҳлил этилганда республикада Тошкент вилояти биринчи ўринда экани кўзга ташланди. Жами мурожаатларнинг 34 таси (9,8 фоизи) шу мазмунда. Бу Тошкент вилоятидан тушган барча аризаларнинг 41 фоизини ташкил қилади. Кейинги ўринда Тошкент шаҳри (20 та — 5,7 фоиз) турибди. Қашқадарё вилоятида шу мазмундаги шикоятлар жами мурожаатларнинг 35 фоизини ташкил қилади.
Айрим мурожаатлар мавсумий характерга эга. Жумладан, август ойида аксарият ота-оналар фарзандини мактабга жойлаштириш масаласини кўтарган. Мисол учун, Тошкент шаҳридаги мурожаатларнинг 35 фоизи (47 та) фарзандини мактабга жойлаштириш ва мактабдан мактабга кўчириш масалалари бўйича бўлган. 18 фоизи (63 та) лавозимидан бўшатилганлик, ишга қайта тиклаш ва ишга жойлаштириш масаласида. Бу мавзуда Жиззах (85 фоиз), Хоразм (40 фоиз), Қашқадарё вилояти (34 фоиз) етакчи эканини кўриш мумкин.
Фуқаролар мурожаатини ҳал этишда “Устоз овози” — ўқитувчиларнинг шикоятини қабул қилувчи виртуал инспекторга келиб тушган аризаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шундай мурожаатлардан бири август ойида фуқаро Ольга Ким томонидан бўлди. Аризада 2017-2018 ўқув йили сўнгида Миробод туманидаги 31-мактаб директори Нурия Семмарининг ноҳақ ишдан бўшатилгани айтилиб, Халқ таълими вазирлигидан бу ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқиш сўралган. Ўрганиш натижасида ҳақиқатан ҳам мактаб раҳбари лавозимидан ноҳақ бўшатилгани аниқланди. Педагогик фаолияти давомида самарали ишлагани ва юқори натижаларга эришгани инобатга олиниб, Нурия Семмари лавозимига қайта тикланди.
Вобкент туманидаги 1-мактабда чет тили сифатида асосан немис тили ўқитилган. Лекин ота-оналар томонидан мазкур таълим масканида инглиз тили ўқитилиши сўралган. Шу боис мактабнинг немис тили фани ўқитувчиси Феруза Жўраева мактабда немис тилини ўқитишни сақлаб қолишни сўраб мурожаат қилди. Унинг айтишича, 10 нафар немис тили мутахассиси ишсиз қолади. Мурожаат ўрганиб чиқилиб, мактабда немис тили асосий тил сифатида сақлаб қолинди. Айни пайтда мазкур таълим маскани немис тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига айлантирилмоқда. Шунингдек, ўн нафар немис тили фани ўқитувчисининг дарс соати сақлаб қолинди. Бундан ташқари, ҳудуддаги мактабгача таълим муассасаларида ҳам тарбияланувчиларга немис тилини ўргатиш белгиланди. Қолаверса, ота-оналар хоҳиши ҳам эътиборга олиниб, 2-синфдан инглиз тили ҳам иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилмоқда.
— Муаммоларнинг келиб чиқиш сабаби кўпроқ қайси омилларга боғлиқ бўлмоқда?
— Муаммоларнинг илдизи мактаб, таълим муассасасининг ўзи билан чекланмайди. Унинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий, касбий, ҳуқуқий омиллари бор. Аввало, раҳбар кадрлар нотўғри танлангани ва лавозимга тайинлангани билан ҳам боғлиқ. Бу айрим ҳудуд бошқарма бошлиқларидан тортиб, шаҳар, туман халқ таълими бўлими мудири ва мактаб директорларининг ишига нолойиқлигини кўрсатмоқда. Баъзан иш бошлаганига 2-3 йил тўлмаган ёш ўқитувчилар ёки умуман мактаб соҳасида ишламаган шахслар директор лавозимига тайинланмоқда. Улар бу лавозимга тайёрми ёки йўқми, деган савол иккинчи даражали бўлиб қолмоқда.
Тизимдаги муаммоларнинг олдини олишда раҳбар кадрларни тўғри танлаш, таълимга зид бўлган мезонлардан фойдаланмаслик, иқтидорли ва етакчилик салоҳиятига эга ёшларни раҳбарликка тайёрлаб бориш, уларга мунтазам қисқа муддатли семинар, малака ошириш курсларини ташкил этиш лозим.
Яхши ишлаётган раҳбарларни маънавий ҳамда моддий рағбатлантириш, бошқарув психологияси бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришга эътиборни янада кучайтириш керак. Зеро, педагогика институтларида ва малака ошириш курсларида таълим менежментига эътиборни кучайтириш ҳамда шу йўналишда мутахассис кадрларни тайёрлаш замон талаби. Шу мақсадда Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида айнан раҳбарлик лавозимига номзодлар учун менежерлик курси ташкил этилмоқда.
Шунингдек, вилоятларда фуқароларга енгиллик яратиш, самарали мулоқотни таъминлаш мақсадида жойларда сайёр қабулларнинг ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
“Ma’rifat” мухбири Гулюз ОРИФЖОНОВА суҳбатлашди.