Халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга 122 миллион сўмгача пул мукофотлари топширилди

Халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга 122 миллион сўмгача пул мукофотлари топширилди


Жорий йилнинг 17 август куни Тошкент шаҳрида энг нуфузли халқаро олимпиадаларнинг ғолиблари ҳамда уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, фан олимпиадалари ғолиблари, уларнинг устозлари ва ота-оналари иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда фан олимпиадалари ғолибларини рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилган.

Мазкур қарорга кўра дунёда тан олинган математика (IMO), физика (IphO), кимё (IChO), биология (IBO), информатика (IOI) халқаро нуфузли фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

Унга кўра,

1-ўрин (олтин медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравар (122,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 450 баравар (110,25 млн. сўм);

2-ўрин (кумуш медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравар (73,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 250 баравар (61,25 млн. сўм);

3-ўрин (бронза медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравар (49 млн. сўм), ўқитувчисига –150 бараварида (36,75 млн. сўм).

Таъкидлаш жоизки, 2021 йилнинг июль-август ойларида ўтказилган мазкур халқаро олимпиадаларида нуфузли ўзбекистонлик ўқувчиларимиз томонидан жами 10 та (2020 йилда 6 та) медаль, шу жумладан 3 та олтин (2020 йилда 1 та), 2 та кумуш (2020 йилда 4 та) ва 5 та бронза (2020 йилда 1 та)  медаллари қўлга киритилди.

Жумладан, 25 июль – 2 август кунлари Япония давлатида ўтказилган 53-Халқаро кимё олимпиадасида дунёнинг 65 давлатидан 260 нафар ўқувчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоасидан қуйидаги ўқувчилар 1 та олтин ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди.

Собиржон Аманов— Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси олтин медаль;

Фирдавс Собиров — Бухоро шаҳри 35-мактаб ўқувчиси бронза медаль;

Дурдона Мухторхўжаева — Ибн Сино мактаби ўқувчиси бронза медаль;

Икромиддин Боймаҳаммадов — Ибн Сино мактаби ўқувчиси бронза медаль.

14-24 июль кунлари Россия Федерацияси томонидан 62-Халқаро математика олимпиадаси ўтказилди. Унда дунёнинг 110 давлатидан 623 нафар ўқувчи қатнашиб, Ўзбекистон терма жамоасидан:

Диёрбек Толипов — Бухоро вилояти Ғиждувон тумани

5-ихтисослашган математика мактаби ўқувчиси кумуш медаль;

Олимжон Олимов — Бухоро вилояти Халқаро математика мактаби ўқувчиси бронза медалга сазовор бўлди.

Маълумот учун: юртимиз ўқувчилари мазкур олимпиадада сўнгги бор 2017 йилда кумуш медални қўлга киритган.

18-23 июль кунлари Португалияда бўлиб ўтган 32-Халқаро биология олимпиадасида дунёнинг 76 давлатидан 304 нафар ўқувчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин ва 1 та кумуш медалларини қўлга киритди:

Хумоюн Норбеков — Жиззах давлат педагогика университети қошидаги академик лицей ўқувчиси олтин медаль;

Азиза Абдувалиева — Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси олтин медаль;

Ёрқинбек Турдибоев — Навоий вилояти Навоий шаҳри

11-ихтисослашган кимё-биология мактаби ўқувчиси кумуш медаль.

Маълумот учун: 2020 йилда юртимиз жамоаси аъзолари мазкур олимпиадада 1 та олтин ва 2 та кумуш медалларни қўлга киритган.

17-24 июль кунлари Литвада ўтказилган 51-Халқаро физика олимпиадасида дунёнинг 73 давлатидан 365 нафар ўқувчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоасидан Тошкент шаҳридаги 71-мактаб ўқувчиси Раил Хашаев бронза медаль билан тақдирланди.

Маълумот учун: Ўзбекистон тарихида физика халқаро олимпиадасидаги иккинчи медаль, мактаб ўқувчисининг илк медали.

Юқоридаги номлари келтирилган нуфузли халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз имтиёзли равишда қабул қилинади.

Бундан ташқари минтақавий халқаро олимпиадаларда ҳам ўқувчиларимиз муносиб иштирок этиб, 31 та медалларни (2 та олтин, 14 та кумуш, 15 та бронза) қўлга киритди.

55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида иштирок этган

7 нафар ўқувчиларимизнинг барчаси ғолиб деб топилди.

28 та давлат ўқувчилари орасида 1 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медалларини олишга муваффақ бўлди;

17 – Халқаро Жаутиков олимпиадасида ўқувчиларимиз 13 та медални – 1 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 10 та бронза медаль;

6 – Халқаро Кавказ математика олимпиадасида ўқувчиларимиз 5 та медаллларни – 4 та кумуш ва 1 та бронза медаль;

27 – Халқаро математика мусобақасида ўқувчиларимиз якка тартибдаги олимпиадларда 6 та медаль – 4 та кумуш ва 2 та бронза, жамоавий баҳсларда кичик ёшлилар жамоаси 3-ўрин (4 та бронза медаль), катта ёшлилар жамоаси 2-ўринни (4 та кумуш медаль) қўлга киритди.

Тадбир доирасида ушбу олимпиадаларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.