Халқаро конференция: «Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт»

Халқаро конференция: «Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт»


Пойтахтимизнинг «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Инсон ҳуқуқлари Бутунжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70-йиллиги муносабати билан «Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган конференцияда дунёнинг 30 га яқин давлатидан халқаро аёллар институтлари вакиллари, сиёсат, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол бўлган аёллар иштирок этди.

Конференция ишида БМТнинг махсус вакили, Бош котиб, БМТ ҳудудий Маркази раҳбари Наталья Герман, гендер масалалари бўйича ЕХҲТ амалдаги раисининг махсус вакили Меланне Вервиир, ЕХҲТ гендер масалалари бўйича катта маслаҳатчи Амарсанаа Дарисурен, Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик ишлари бўйича Жоржтаун университетининг коммуникациялар бўйича менеджери Сара Рутерфорд, ЕХҲТ Италиядаги ваколатхонаси маслаҳатчиси Алессандра Скалиа, Гендер масалалари бўйича маслаҳатчи, ЕХҲТ котибияти Ульрике Шмидт иштирок этади. Шунингдек қуйидаги давлат вакиллари Афғонистон аёллар масалалари бўйича вазири Дилбар Назарий, Озарбайжон Республикаси Оила, аёллар ва болалар масалалари бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари Садагат Гахраманова, Қозоғистон республикаси Президенти ҳузуридаги аёллар, оила-демографик сиёсати бўйича Миллий комиссия вакили Асия Хайрулина, Беларус Республикаси Миллий йиғилиш вакиллари палатаси доимий комиссияси Ольга Петрашова, Прага фуқаролик жамияти Маркази Прага дастури директори Габриела Сваровска, Бутунхитой Федерацияси департаменти раиси Чэнь Сяося, Қирғизистон аёллари дастури Координатори Джамиля Капаровалар иштирок этди.

Конференция иши учта пленар йиғилишдан иборат бўлиб, уларда гендер тенглик, аёлнинг давлат бошқарувидаги роли ва имкониятлари, аёллар бандлиги ва тадбиркорлиги, аёлларни ижтимоий ҳимояси масалалари муҳокама этилди.

Халқаро миқёсдаги мазкур конференцияни ўтказишдан асосий мақсад халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистон аёлларининг жамият ва давлат бошқарувидаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишлари билан таништириш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий йўналишдаги роли борасида халқаро тажрибани ўрганишдан ҳамда келгусида ҳаётга тадбиқ этишдан иборат.

Шунингдек тадбир доирасида келгусида аёлларнинг давлат бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлаш учун узоқ ва қисқа муддатли лойиҳаларни ўз ичига олган халқаро майдон ташкил қилиш кўзда тутилган.

Қандай масалалар ҳал этилди? Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг роли ва аҳамиятини муҳокама этиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида ҳамкорлик ўрнатиш, Аёлларнинг мавжуд салоҳиятини ҳаётга тадбиқ этиш шакллари ва имкониятларини муҳокама этиш. Хотин-қизларни уларнинг иштироки бўлмаган ёҳуд кам бўлган соҳаларга жалб қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, шунингдек гендер тадқиқот натижалари тўғрисида маълумот алмашиш. Имконияти чекланган хотин-қизлар учун иш ўринлари яратиш бўйича чора тадбирлар ишлаб чиқиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, бадиий, илмий, техникавий қобилиятларини ривожлантириш борасида тажриба ўрганиш каби масалалар, Қўмитанинг аёллар масаласидаги халқаро алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Мазкур тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ташқи ишлар вазирлиги, НИМФОГО, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, ЎзЭОАВМА, НАННОУз, БМТнинг Ўзбекистондаги тараққиёт дастури, Ф.Эберт (ФРГ) жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЕХҲТ лойиҳалари Координатори, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЮНФПА ҳамкорлигида ташкил этилди.

8 ноябрь куни конференция иштирокчилари Самарқанд шаҳрига жўнаб кетади.


Report Page