Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Madina To'xtaboyeva


Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, бола бу дунё, бу ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли.


1-июн яъни, ёзнинг 1- куни дунёнинг деярли барча мамлакатларида келажагимиз эгалари учун турли консертлар, кўргазмалар, сайиллар, спорт мусобақалари ва турли хил тадбирлар ўтказилади. Истироҳат боғлари эса болаларнинг табассумлари билан гўёки мўжизалар дунёсига айланади. Мамлакатимизда ҳам ушбу байрам ҳар йили дилларда қувонч ила нишонланади. Бу байрам "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида 1925-йилда Женевада болалар фаровонлиги бўйича бутунжаҳон конференсиясида эълон қилинган. Ва 1950-йилдан эътиборан 1-июн Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошлади.


1989-йилда БМТ Бош Ассамблеяси болалар ҳуқуқлари тўғрисида Конвенсия қабул қилди. Унда бутун дунё мамлакатлари учун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашни жорий қилиш тўғрисида ёзилган.

Дунёнинг кўпчилик мамлакатлари ва шаҳарларида бу байрам болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида мунозара ва лекциялар ўтказиш билан нишонланади. Шунингдек, болалар кунида турли-туман қувноқ ва маданий оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари, консертлар ўтказилади.

Шу куни оғир бемор, даволанишга муҳтож ва ногирон болалар учун хайрия акциялари ва тадбирлар ташкил қилинади.

Болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир.


Мадина Тўхтабоева




Report Page