Халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлида

Халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлида

Ички ишлар вазирлиги

Аввал хабар берганимиздек, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари А.Ташпулатов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 15-18 октябрь кунлари Интерпол Бош Ассамблеясининг сессиясида иштирок этиб қайтди.

Интерпол Уставига мувофиқ ҳар йили бир маротаба ўтказиладиган ташкилотнинг энг нуфузли тадбирини Чили Республикаси Президенти Себастьян Пиньера очиб, тадбир иштирокчиларини табриклаб, нутқ сўзлади ва барчани доимий равишда, тезкорлик билан ўзгариб бораётган жиноятчилик ва таҳдидларга қарши биргаликдаги курашни янада фаоллаштиришга чақириб, барча полиция органлари ва Интерпол фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Иштирокчилар уч кун давомида бўлиб ўтган сессияда уюшган трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси, кибер жиноятчилик ва бошқа хавфли турдаги жиноятчиликка қарши кураш, тезкор-қидирув фаолиятини ҳамкорликда ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд муаммоларни муҳокама қилиб, галдаги вазифаларни белгилаб олдилар.

Шунингдек, сессия ишида Интерпол Бош котиблигига ва Ижроия қўмитаси таркибига сайловлар ўтказиш, 2020-2025 йилларда Интерпол Бош Ассамблеясининг сессиялари бўлиб ўтадиган давлатларни аниқлаб олиш, ташкилотнинг 2021 йилга мўлжалланган бюджетини тасдиқлаш, аъзо мамлакатларда хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган полиция ходимларининг оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиш ҳамда Интерпол низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш каби ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, ҳар бир масала юзасидан якуний тўхтамга келинди.

Мазкур тадбир доирасида вазирлик делегацияси томонидан халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган бир қатор учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, Вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ташпулатов ва Туркия Ички ишлар вазирининг ўринбосари Мехмет Эрсой учрашувида томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари сезиларли даражада мустаҳкамланиб, сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарилганлиги ва ҳамкорликнинг барча жабҳаларини қамраб олаётганлигини ҳамда бундай ютуқларда икки давлат раҳбарларининг дўстона алоқалари асос бўлиб хизмат қилаётганлигини эътироф этдилар.

Учрашувда иккала вазирлик ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва истиқболлари, уюшган жиноятчилик, наркотик воситаларнинг ноқонуний савдоси, терроризм, ноқонуний миграция, одам савдосига қарши кураш ҳамда бошқа шу каби долзарб масалалар муҳокама этилди.

Конструктив ва дўстона руҳда ўтган яна бир муҳим учрашувда Афғонистон Ислом Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Абдул Жаббор Пурдил билан ҳар икки давлат ички ишлар вазирликлари ўртасидаги иккитомонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш ҳамда доимий маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама этилди. Учрашувда жаноб Абдул Жаббор Пурдил ўзбек-афғон ҳамкорлигининг кун сайин ривож топиб бораётганини, айниқса, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги ташаббус ва саъй-ҳаракатларини ҳамда амалий ҳамкорликни юксак қадрлашини мамнуният билан таъкидлади.

Чили давлатига бўлган уч кунлик ташриф давомида Интерпол бош котиби Юрген Шток, Россия Федерацияси, АҚШ, Озарбайжон ва Корея республикаларининг Интерпол миллий марказий бюролари билан ҳам идоравий учрашувлар ўтказилиб, ўзаро маълумот алмашиш ва амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Ҳеч шубҳасиз, сафар давомида ўтказилган самарали учрашувлар ва эришилган келишувлар вазирликнинг халқаро ҳамкорлигини ривож топиши ва жиноятчиликка қарши курашда хорижий мамлакатлар билан янада самарали ва тезкор ҳамкорлик қилишга хизмат қилади.

ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси

Report Page