Халқ таълими вазирлиги томонидан 4 та синф учун 60 миллион нусхадаги янги авлод дарсликлари белгиланган муддатда ўқувчиларга етказилади
АВВАЛГИ ЙИЛЛАР ТАЖРИБАСИДА БУНДАЙ ҲАЖМДАГИ ДАРСЛИКЛАРНИ ЯРАТИШ КУЗАТИЛМАГАН.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги Фармони билан умумтаълим мактабларининг 3-, 6-, 7- ва 10-синфлари учун янги авлод дарсликларини 2022 йил якунига қадар яратиш вазифаси қўйилган. Олиб борилаётган жадал суратлардаги ишлар натижасида ушбу дарсликлар йил якунига қадар эмас, балки ноябрь ойига қадар ўқувчилар қўлида бўлади.
Режага кўра, йил сўнггига қадар 420 номдаги ўқув-методик мажмуалар, жумладан, 248 та дарслик, 146 та методик қўлланма, 26 та машқ дафтари тайёрланиши белгиланган.
Қандай ишлар амалга оширилди?
Бугунги кунга қадар 3-, 6-, 7- ва 10-синфларда ўтиладиган 16 та фан бўйича 7 та тилда жами 300 номда, жумладан, 248 номдаги дарслик, 26 номдаги машқ дафтари ва 26 номдаги ўқитувчи китоблари тайёрланди. Шунингдек, жорий йилда илк бор 3-синфлар учун ҳам дарслик, машқ дафтари ҳамда ўқитувчи китоблари ягона мажмуа сифатида тайёрланди ва чоп этилди.
Таъкидлаш ўринлики, йил охирига қадар мактаблар учун 60 миллион нусха (ҳозирга қадар 35 миллион нусха тайёрланди)дан зиёд ўқув-мажмуаларини нашр этиш режа қилинмоқда.
Жорий ўқув йилининг I чорак якунига қадар республикамиздаги барча умумтаълим мактаблари юқорида санаб ўтилган 4 та синф учун янги авлод дарсликлари билан тўлиқ таъминланиши режалаштирилган. Унга қадар режага мувофиқ, мактабларда мавжуд бўлган, амалдаги дарсликлардан фойдаланилади.
Хориж амалиётидан қандай тажрибалар ўзлаштирилди?
Дарсликларни тайёрлашда хорижий муаллифлар томонидан яратилган замонавий дарсликларни амалиётга жорий этиш бўйича Cambridge University Press нашриётининг ўқув-методик мажмуалари тажрибасидан фойдаланилди. Хусусан, Инглиз тили (1-11-синфлар учун) дарсликлари тўлиқ комплектацияда мослаштирилди ва нашрга тайёрланди.
Таълим тили рус бўлмаган синфлар учун 2–11 синф рус тили дарсликлари, ўқитувчи китоби ҳамда машқ дафтарлари, жами 25 номдаги адабиётларнинг оригинал макет лойиҳаси Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан тайёрланди.
Шунингдек, немис тили ўқитиладиган синфларда жорий йилда Германиянинг “Klett” нашриётининг 11 номдаги Немис тили дарсликлари амалиётга киритилади.
Қандай мутахассислар иштирок этмоқда?
Янги авлод ўқув-методик мажмуаларини яратишга 325 нафар муаллиф, хусусан, 133 нафар амалиётчи ўқитувчи, 19 нафар методист ва 56 нафар олимлар жалб этилган. Шунингдек, дарсликларни тайёрлаш жараёнида 45 нафар муҳаррир, 53 нафар мусаҳҳиҳ, 19 нафар рассом, 15 нафар дизайнер ҳамда 19 нафар саҳифаловчи фаолият олиб борди.
Янги авлод дарсликларида қандай ўзгаришлар бор?
Дарсликлар шакл ва мазмун жиҳатидан бутунлай ўзгарган ва бу ўзгаришларда халқаро миқёсда тан олинган ривожланган давлатлар дарсликларининг ютуқлари инобатга олинган. Энг муҳими, мактабларимизга янги дарсликлар орқали янги методика – ўқитиш ёндашуви кириб бормоқда.
Айтайлик, Тарих фани дарсликларида формацион ёндашувдан цивилизацион ёндашувга ўтилди. Натижада, ўқувчи нима, қачон, қаерда саволларидан ортиб, нега, қандай қилиб, нима сабабдан каби саволлар атрофида мулоҳаза юритади.
Математика фанида арифметик амаллардан кўра, ўқувчида мантиқий тафаккурни ривожлантириш методикасига ўтилмоқда. Натижада ўқувчи олган билимларини ҳаётий вазиятлар билан боғлай олади.
Она тили фани ва ўқиш саводхонлигида мулоқот кўникмаларини ривожлантириш мақсад қилинган бўлса, Тасвирий санъат фани дарсликлари билан ўқувчилар эндиликда компьютер графикасида ишлашни ўрганади.
Табиий фанлар — Биология, Кимё, Физика фанларида лаборатория, кузатув, муаммога ечим топиш, лойиҳаларни амалга ошириш, намойиш қилиш каби ўқувчида тадқиқотчилик, олимлик хусусиятларини ривожлантирувчи методикалар жорий қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мактабларда дарсликлар билан муаммоли ҳолат юзага келганда ота-оналарнинг мурожаат қилишлари учун @bookedu_bot махсус телеграмм-боти ишга туширилган.