Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ички аудит хизмати: 2021 йилда амалга оширилган ишлар

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ички аудит хизмати: 2021 йилда амалга оширилган ишлар


       Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги муассасаларда молиявий хато ва камчиликларни бартараф этиш, ноқонуний ва мақсадсиз харажатларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирларини амалга ошириш учун вазирликнинг ички аудит бошқармасида 4 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари таркибидаги ҳудудий ички аудит хизматларида 12 нафар ҳамда олий таълим муассасаларида ташкил эилган ички аудит хизматларида 45 нафар мутахассислар фаолият юритмоқда.

Мазкур ички аудит хизматлари томонидан 2021 йилда тизимдаги 479 та таълим муассасаларида, жумладан 56 та олий таълим муассасаси ҳамда 423 та касб-ҳунар ва ўрта махсус таълим муассасасида молиявий фаолиятга доир мониторинг ва профилактика тадбирлари ўтказилди.

Ўтказилган профилактика тадбирлари натижасига кўра, 49 та олий таълим муассасасида 9,4 млрд. сўмлик, 253 та профессионал таълим муассасасида 7,0 млрд сўмлик, жами 302 та таълим муассасасида 16,4 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди. Бунда:

3,3 млрд сўм вазирликнинг ички аудит бошқармаси томонидан;

7,0 млрд сўм ҳудудий ички аудит хизматлари;

6,1 млрд сўм олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган бош аудиторларимиз томонидан ўтказилган профилактика тадбирлари натижасида қайд этилган. 

Ушбу қайд этилган 16,4 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг:

11,4 млрд сўмлик мақсадсиз ва ортиқча харажатларнинг олди олинди (амалдаги меъёрий нормативларга нисбатан ортиқча штатларни сақлаш ҳолати, ортиқча ҳисобланган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, таъмирлаш харажатлари, ижара тўловлари, инвентаризация жараёнида аниқланган инвентарлар камомади, дебитор-кредитор қарздорликлар ҳамда бошқа турдаги ҳисоб-китоблар);

2,3 млрд сўмлик ортиқча ҳисобланган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, таъмирлаш харажатлари, ижара тўловлари, инвентаризация жараёнида аниқланган камомад ёки ортиқчаликлар ва бошқа турдаги ҳисоб-китоблар кейинги ойларда ҳисоб-китоб қилиш учун ундирувга қаратилди;

2 та олий таълим ҳамда 10 та касбий таълим муассасаларида ўтказилган профилактика тадбирларида аниқланган 2,7 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларда жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли, ўрганиш материаллари расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга юборилди.

Профилактика тадбирлари жараёнида молиявий хатоликка йўл қўйилган хатоликлар таҳлил қилиб, уларни 3 турга бўладиган бўлсак:

1-турга техник хатоликларни;

иш ҳақи, стипендияларни ҳисоблашда, турли таъминотчи (товар, иш, хизматларни етказиб берувчи) ташкилотлар билан боғлиқ ҳисоб-китобларда, шунингдек, товар-моддий қийматликларни балансга кирим қилишда ёки ҳисобдан чиқаришда тегишли маълумотларнинг УзАСБО дастурига нотўғри киритилиши.

2-турга штатлар жадвали ва харажатлар сметасини режалаштиришдан олдин муассасанинг йил бошидаги тегишли кўрсаткич ва маълумотларни инвентаризация қилмасдан эски маълумотлардан фойдаланиш, шунингдек, масъул молиявий-хўжалик бўлинмалар бошлиқларининг масъулиятсизлиги;

ташкилотлардаги товар-моддий қийматликларни қайта саноқдан ўтказиш комиссиялари ҳамда ҳисобдан чиқариш комиссияларининг ўз ишига совуққонлик билан ёндашиши натижасида камомадларга йўл қўйилиши;

айрим таълим муассасаларида молиявий бўлинмалари масъул ходим (бош ҳисобчиси, ҳисобчи, иқтисодчи)ларининг етарли даражада билим ва малакага эга эмасликлари натижасида йўл қўйиладиган хатоликлар деб қараймиз.

3-турдаги хато эса қисқача қилиб айтганда — онгли равишда, ғараз мақсадни кўзлаб қилинган хато ҳисобланади. Бундай ҳолатга дуч келинганда, ўрганиш материаллари расмийлаштирилади ҳамда якуний молиявий назорат тадбирини ўтказиш, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга юборилади.

Шуни ҳам таъкидлаш керак, юқорида айтиб ўтилган молиявий қонун бузилишларга йўл қўйган масъулларнинг билиб ёки билмасдан хато қилишликлари бу — уларни жавобгарликдан халос этмайди. Шу сабабли, кўрсатиб ўтилган хато ва камчиликларга, молиявий қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган раҳбар ва масъул ходимларнинг 161 нафарига нисбатан интизомий жазо қўлланилди, 46 нафари эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

 





Report Page