Халқ таълими вазирлиги 50 000 нафар ходимнинг бепул таълим олиши учун имконият яратмоқда

Халқ таълими вазирлиги 50 000 нафар ходимнинг бепул таълим олиши учун имконият яратмоқда


Халқ таълими вазирлиги томонидан Coursera платформасида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари ва ташкилотларининг 430 та йўналишлар бўйича 3 800 турдаги ўқув курсларида халқ таълими тизимидаги 50 000 нафар ходимлар, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва юқори синф ўқувчилари учун бепул таълим олиш имконияти яратилди.

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Coursera ташкилоти (АҚШ) ҳамкорлигида “Coursera Workforce Recovery” дастури доирасида таълим тизимида фаолият кўрсатиб келаётган ходимлар, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва юқори синф ўқувчилари учун бепул онлайн ўқув курслари ташкил этилмоқда.  

Аксарият курслар ва мутахассисликларда таьлим олиш одатда обуна асосида ойига 39-79 АҚШ долларини ташкил этади. Онлайн курслар инглиз ёки рус тилларида олиб борилади.

Дастур доирасида мактаб битирувчилари ва юқори синф (10-11-синфлар) ўқувчиларини келажакда касбга тайёрлашда қўшимча зарур билимларни эгаллашлари учун Coursera платформасида мавжуд фойдали курслар рўйхати шакллантирилади ҳамда улар бўйича онлайн таълим олишлари таъминланади.

Coursera онлайн курсларини муваффақиятли тугатган мамлакатимиз ўқитувчи ва ўқувчилари халқаро миқёсда тан олинган сертификатларга эга бўлишлари ва қўшимча даромад олишлари мумкин. Таъкидлаш керакки, ушбу сертификат дунёнинг ривожланган давлатларида, хусусан, АҚШ, Канада, Австралия ва кўплаб Европа мамлакатларида тан олинади.

Турли мутахассисликлар бўйича халқаро сертификатни қўлга киритган тингловчилар нафақат касбий ривожланиш йўлида илғор қадам қўйган бўладилар, балки онлайн freelancing платформалардан фойдаланган ҳолда ўз даромадларини ошириш имкониятига ҳам эга бўлишлари мумкин. Халқаро сертификатлар билан Preply, Fiver, Upwork ва шу каби freelancing платформаларида қўшимча даромад топиш мумкин. 

Мазкур курсларда таълим олиш учун тингловчилардан инглиз тили ёки рус тилини билиш даражаси камида B1 бўлиши талаб этилади.

Онлайн рўйхатдан ўтиш учун: https://bit.ly/37wDabK

Батафсил маълумот учун: https://t.me/courserauz.

Coursera ёрдамида янги билим ва кўникмаларга эга бўлинг!

Report Page