Халқ таълими вазири АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси билан халқ таълими соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Халқ таълими вазири АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси билан халқ таълими соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди


Халқ таълими вазирлигида Шерзод Шерматов ҳамда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида халқ таълими соҳасида олиб борилаётган ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди.

Жумладан, “Онлайн мактаб” лойиҳаси доирасида Американинг маданият бўйича Атташеси мактаб ўқувчилари учун инглиз тили дарсларини ўқитишни бошлагани, бу каби амалиётлар ўқувчилар чет эллик мутахассислардан инглиз тилини ўрганиш йўлида имконият эканлиги алоҳида қайд этилди.

Америкалик мутахассис томонидан олиб бориладиган дарслар ўқувчиларга инглиз тилини ўрганишда оддий ва самарали тил ўрганиш усулларидан фойдаланишда ёрдам беради. Яқин ойларда Қўшма Штатлардан яна 16 нафар инглиз тили ўқитувчилари ҳамда АҚШнинг етакчи университетларининг профессорлари (PhD) келиши ва халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

Халқ таълими вазири пандемия шароитига қарамай, Америка томони билан биргаликда IT, инглиз тили, бошланғич таълим ва EGRA EGMA баҳолаш тизимини ривожлантириш бўйича лойиҳалар USAID (19,5 миллион доллар) ҳамда Америка Қўшма Штатлари Департаменти (5 миллион доллар) давлат грантлари эвазига муваффақиятли амалга оширилганини алоҳида таъкидлади.

Элчи Ўзбекистонда пандемия шароитида таълим соҳасида олиб борилаётган ҳаракатларни алоҳида таъкидлаб, халқ таълими соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Халқ таълими вазирлиги Америка Кенгашлари билан биргаликда Қарши шаҳридаги «Баркамол Авлод» болалар марказида «Америка дарчаси» ("American window") кутубхонасини биргаликда очиш масаласи устида иш олиб бормоқда. «Amerika ойнаси» болалар, ёшлар, ўқитувчи ва бошқалар учун ахборот-ресурс маркази бўлиб, инглиз тилини ўрганиш бўйича юқори сифатли материаллар билан танишиш, STEM ва робототехника курслари, суҳбат клублари ва шу каби бошқа йўналишлар билан танишиш имконини беради. Таъкидлаш жоизки, Қарши шаҳрида жойлашадиган ушбу марказ Марказий Осиёдаги энг йирик марказ бўлади.

Учрашув чоғида вазир АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Жон Браунга Ўзбекистондаги фаолиятини якунлаши муносабати билан таълим соҳасини ривожлантириш учун қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган ҳолда “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонини берди. 

Айтиш жоизки, Жон Брауннинг Инглиз тилида сўзлашувчи миллат (English Speaking Nation) лойиҳаси учун Ўзбекистонга 5 млн. АҚШ доллар миқдоридаги грант маблағларнинг жалб этилишида ўрни беқиёс. У икки йил давомида Ўзбекистонда халқ таълимининг турли соҳаларини ривожлантириш учун 15дан ортиқ халқаро эксперт ва профессорларни жалб этди. Кўкрак нишони кейинчалик Браунга етказилиши учун АҚШ элчисига топширилди.

Халқ таълими вазирлиги Америка томонидан тақдим этилган "Сезам кўчаси", «Виви», "Гарри ва унинг динозаврларга тўла челаги", "Йўлбарс Дэниэлнинг қўшнилари" каби мультфильмлари учун миннатдорлик билдирди. Ушбу анимацион фильмлар Халқ таълими вазирлигининг “Онлайн мактаб” лойиҳасида намойиш этилаётган ҳамда улар ўқувчиларга инглиз тилини пухта эгаллаб, фарзандларимизнинг келажакдаги муваффақиятларида муҳим роль ўйнаши таъкидланди.

Томонлар АҚШнинг етакчи университетларида мактаб ўқувчилари ва ёшларни ўқитиш бўйича мавжуд ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашди.

Report Page