Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг XXIII сессияси ҳақида ахборот
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг XXIII сессияси ҳақида ахборот
Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг XXIII сессияси кун тартибига кўра, 7 та масала кўриб чиқилди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда дастлаб вилоят давлат солиқ бошқармаси масъулларининг ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Акмал Тиллаев ҳисобот-маърузасида 2020 йил учун маҳаллий бюджетга тушумларнинг бажарилиши, бунда туман ва шаҳарлар, соҳа ва тармоқлар тутган салмоғи бўйича ахборот берди.
Маълум қилинишича, вилоятда 2021 йил 1 январь ҳолатига фаолият юритаётган солиқ тўловчи юридик шахслар сони 45 минг 395 тани, якка тартибдаги тадбиркорлар 18 минг 550 тани ташкил этади. Ўтган йил учун бюджет (контингент) даромадларига белгиланган 3 триллион 94 миллиард сўм прогноз амалда 3 триллион 288 миллиард сўмга (100 фоиздан зиёд) бажарилиб, 192 миллиард 800 миллион сўм қўшимча тушум таъминланган.
Маҳаллий бюджетга 2 триллион 161 миллиард сўм тушум тушиши таъминланиб, йиллик режа 112 фоизга бажарилди. Шу тариқа маҳаллий бюджетлар ихтиёрида жами 240 миллиард сўм қўшимча маблағ қолдирилди. Нолегал тарзда ишлаётган 72 минг 928 нафар фуқаронинг иш фаолияти йил давомида легаллаштирилди. Мазкур тадбир натижасида, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига яна 45 миллиард сўм қўшилди.
Шунингдек, сессияда Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилаётган ва маҳаллий кенгашлар фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган мазкур муҳим ҳужжат депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Ўз навбатида, кенгаш котибиятини юқори малакали, салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам сессия давомида муҳокама қилинди. Унга кўра, Файзиева Сайёра Мавляновна Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши котиби этиб тайинланди.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг мазкур сессиясида вилоятда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари, маҳаллий бюджетнинг 2021 йилда шаклланиши кутилаётган қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.