Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

Buxoro.uz

Бугун, 3 март куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 75-сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида вилоят секторлари, тегишли вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари, вилоят ҳокимлиги бўлинмалари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Видеоконференалоқа шаклида ўтказилган сессияда шаҳар-туманлар студияларидан ҳам тегишли мутасаддилар қатнашишди. Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борди.

Сессияда дастлаб вилоятда 2022 йил мобайнида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат ва жамият манфаатларини муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят прокурори Маҳмуд Истамовнинг ҳисоботи тингланди.

Таъкидланишича, ҳудудда қонунийликни таъминлаш борасида ўтказилган назорат тадбирларида асосан айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал қилишдан кўра қонунбузилишларнинг туб сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш устувор вазифа сифатида қаралган. Республика миқёсида вилоятларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини шакллантириш бўйича махсус портал (ахборот тизими) ташкил қилинган бўлиб, унда 60 га яқин давлат органлари ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, фуқаролик жамияти институтлари томонидан шакллантирилган 85 мингдан ортиқ статистик маълумотлар, 23,5 минг нафар аҳоли ҳамда экспертлар ўртасида ўтказилган социологик сўровлар натижасига кўра, 7 та йўналишда 32 та индикатор бўйича 2021 йилда республиканинг 14 та ҳудуди ўртасида Бухоро вилояти биринчи ўринни эгаллаган. 2022 йилда вилоят прокуратураси органлари томонидан қонунлар ижроси устидан назорат йўналишида ўтказилган ўрганишлар натижасида 8 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. Протест келтириш йўли билан мансабдор шахсларнинг 1561 та қонунга зид ва асоссиз ҳуқуқий ҳужжатлари қонунларга мувофиқлаштирилиб, 272 нафар мансабдор шахс интизомий ва 1652 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Судларга 39,5 млрд. сўмлик зарарни ундириш бўйича 225 та даъво аризалари киритилган. Назорат тадбирлари ва жиноят ишларининг тергови давомида жами 70 млрд. сўмлик зарар ундирилиши таъминланиб, ушбу тадбирлар натижасида 7957 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Ижтимоий соҳадаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, давлат МТТлари тарбияланувчилари учун энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ таъминланмаганлиги, шунингдек, 85 та МТТда маҳсулотларни сақлаш учун совиткичлар, 22 тасида идиш-товоқлар етарли эмаслиги, 51 тасида маҳсулотларни сақлаш қоидаларига риоя қилинмаётганлиги, 42 тасида маҳсулотларнинг сифат сертификатлари, 38 тасида гўшт ва сут маҳсулотларига мутахассис хулосалари мавжуд эмаслиги ва бошқа бир қатор камчиликлар аниқланиб, уларнинг бартараф қилиниши таъминланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонуни 44-моддасида қасддан жиноят содир этганлиги учун илгари ҳукм қилинган шахслар мактабгача таълим ва тарбия тизими органлари ва ташкилотларининг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши мумкин эмаслиги белгиланган бўлсада, таҳлилларга кўра, вилоятдаги 470 та давлат мактабгача таълим ташкилоти директорларининг 42 таси, ёки 10 фоизга яқини муқаддам қасддан содир этган жинояти учун судланганлиги аниқланган.

Прокуратура ташаббуси билан ишлаб чиқилган идоралараро қўшма кўрсатма ижроси доирасида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда жароҳатланиш ёки ўлим билан боғлиқ ҳодисаларнинг барчаси бўйича махсус текширувлар ўтказилиши таъминланган. Ушбу текширувлар натижасида жами 2,5 млрд. сўмдан ортиқ зарар ва бир йўла бериладиган тўловлар жабрлануви ва уларнинг оила аъзоларига ундириб берилган.

2021-2022 йиллар давомида “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунига асосан солиқ органларига ижросиз қайтарилган 267,3 млрд. сўмлик 2 746 та ижро ҳужжатлари бўйича 1787 та юридик шахсларнинг 152 тасидан 9,9 млрд. сўмлик солиқ қарзи ундирилган.

2022 йилда ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилашга қаратилган дастурлар доирасида Бухоро вилоятига 1 тлрн. сўмдан ортиқ маблағлар ажратилган. Ушбу объектларда амалга ошириладиган ишларнинг бошланғич харажатлари қайта ўрганилганда 34 млрд. сўмдан ортиқ реал маблағлар иқтисод қилинишига эришилган. Шунингдек, объектларда бажарилган ишларни ҳар кун жойида кўздан кечириш орқали назорат қилиш тизими жорий қилинган. Бунинг натижасида объектларда 2,4 млрд. сўмлик сифатсиз ва 3,1 млрд. сўмлик қўшиб ёзилган иш ҳажмлари аниқланиб, прокурорларнинг аралашуви билан жойида бартараф қилиниши таъминланган. Президентнинг 2021 йил 14 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5072-сон қарори ижроси ўрганилганда мазкур соҳада ҳам бир қатор тизимли қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Жумладан, жамғарма маблағларининг асосий қисми қарорда белгиланганидек маҳалладаги муаммоларни ҳал қилишга эмас, балки ижтимоий соҳа объектларини, таъмирлаш ва моддий-техник баъзасини мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Назорат тадбирларида 2021 йилда 31 та лойиҳада 114,9 млн. сўм ва 2022 йилда 37 та лойиҳада 218,2 млн. сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланиб, етказилган зарарлар тўлиқ ундирилган. Шунингдек, прокуратура аралашуви билан 5,6 млрд. сўм миқдоридаги маблағ иқтисод қилиниб, кейинги босқичда фойдаланиш учун махсус жамғармага тикланиши таъминланган. Вилоят ҳудудидаги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатига киритилган 287 та археология ёдгорликларининг 18 тасига фуқаролар ҳамда фермер хўжаликлари томонидан зарар етказиш хавфи остида турганлиги аниқланиб, уларни белгиланган тартибда ўраб олиш харажатлари учун 1,4 млрд. сўм сарфланиши аниқланиб, ушбу ишларни 2023 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган. Аграр ва озиқ-овқат соҳасида ўтказилган назорат тадбирларида, 2000 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 156 та ғайриқонуний ҳуқуқий ҳужжатларга протест келтирилган ҳамда қонунбузилиши ва унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф қилиш тўғрисида 184 та тақдимнома киритилиб, 210 нафар шахс интизомий, 315 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган ва 59 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилиб, 304 млн. сўмлик зарарлар ихтиёрий ундирилган. Фойдаланишдан чиққан ерларни ўзлаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида ирригация-мелиорация объектларини қуриш учун бюджетдан ажратилган 149,1 млрд. сўм маблағнинг мақсадли сарфланиши алоҳида назоратга олинган. Вилоят прокуратураси ташаббуси билан ер участкалари бериш ҳақидаги қарорларни хатловдан ўтказиш, электрон нусхасини шакллантириш жараёнини енгиллаштириш мақсадида электрон дастур ишлаб чиқилиб, ушбу дастур ҳозирда республика миқёсида фойдаланишга жорий қилинган.

Шунингдек, сессия ишида вилоят прокурори Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2023 йил 15 февралдаги “Қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида”ги 10.2/10-23-сон тақдимномасининг муҳокамаси ҳақида ҳам тўхталди. Унга кўра, Бухоро вилоятидаги деҳқон бозорларининг аҳволи, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг қиш-баҳор мавсумига заҳирага ғамланиши ҳамда маблағларнинг мақсадли сарфланиши ишчи гуруҳи томонидан жойларга чиққан ҳолда ўрганилган. Ўрганишларда деҳқон бозорлари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, инфратузилмасини яхшилаш, озиқ-овқат соҳасига ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлашда ҳамда маҳсулотларни заҳирага жамғаришда тизимли камчиликлар мавжудлиги аниқланган.

Жумладан, Қоракўл, Жондор, Шофиркон, Пешкў туманларидаги деҳқон бозорлари чиқинди контейнерлари билан таъминланмаган ҳамда Жондор, Шофиркон, Ромитан, Бухоро туманларидаги бозорлар ичимлик суви ва канализация тизимига уланмаган.

Олот туманидаги деҳқон бозорида ветеринария ва санитария лабараториялари ташкил этилмаган. Аксарият шаҳар ва туманлардаги бозорларда жойлашган айрим бино ва савдо айвонларида эксплуатация қилиш қоидалари, хавфсизлик техникаси талабларига жавоб бермайдиган электр ускунаси ва қурилмаларидан фойдаланилмоқда.

Қоракўл, Шофиркон, Жондор, Ғиждувон, Қоровулбозор туманлари ҳамда Когон шаҳридаги деҳқон бозорларидаги жами 21 та савдо дўконларида ёнғин ҳақида хабар бериш мосламаси носоз ҳолатда бўлиб, ушбу бозорларга кириш йўлаклари тўсиб қўйилган.

Вилоятдаги бозорларда самарали бошқарув йўқлиги оқибатида 4686 та савдо растасидан 1372 таси ёки 29 фоизи фойдаланилмасдан келинмоқда.

Шунингдек, бозорлар ҳудудидаги ер майдонлари ноқонуний хусусийлаштирилган. Жумладан, Бухоро шаҳар, Шофиркон, Ғиждувон, Вобкент, Пешкў, Қоракўл, Бухоро туманларидаги деҳқон бозорларида жами 0,84 гектар ер майдони ноқонуний эгаллаб олинган.

Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи Олимжон Мардоновнинг 2022 йилдаги фаолияти бўйича ҳисоботини тингладилар.

Қайд этилишича, бошқарма фаолиятидаги асосий эътибор суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларига йўл қўйилишининг олдини олиш, меҳнат ва ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўтган йилда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси органларига 3,9 трлн. сўмлик 249 000 та ижро ҳужжатлари қабул қилиниб, 2,5 трлн. сўмлик 179 210 таси тамомланган ҳамда МИБ органлари томонидан амалда 1,2 трлн. сўм маблағ ундирилди. Жумладан, давлатга ундирув билан боғлиқ ҳужжатлар бўйича 578,5 млрд. сўм, солиқ қарздорлигини ундириш билан боғлиқ ҳужжатлар бўйича 506,9 млрд. сўм, давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулклар ижросига доир ҳужжатлар бўйича 1,2 млрд. сўм, жиноий жаримани ундиришга оид ҳужжатлар бўйича 2,0 млрд.сўм, банклар фойдасига қарз ундириш билан боғлиқ ҳужжатлар бўйича 748,8 млрд.сўм қайтарилишига эришилган.Ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлар номида бўлган 153,6 млрд. сўмлик 342 та мол-мулклар хатланиб, улардан 112,1 млрд. сўмлик 172 таси сотувга чиқарилган. Фуқаролар ва юридик шахсларни бузилган уй-жойлари, иморатлар, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иншоотлар учун маҳаллий ҳокимликлардан компенсация ундириш билан боғлиқ 6,8 млрд. сўмлик 48 тасининг ижроси амалда таъминланган. Ўтган йилда алимент ундируви билан боғлиқ 14 888 та ижро ҳужжатлари юзасидан ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, даъвогарларга 69,4 млрд. сўм маблағлар ундириб берилган.

Вилоят прокуратураси ва бюронинг вилоят бошқармаси томонидан ишсиз алимент тўловчиларни ишга жойлаштириш бўйича йиллик режа тасдиқланиб, ўтган йилда 1401 нафар ишсиз қарздорлар ишга жойлаштирилган. Жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда олиб борилган тушунтиришлар натижасида 3144 та оила яраштирилган. Аҳолининг ночор, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб- қувватлаш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармаларига 33,4 млрд. сўм йўналтирилган. Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда 69 790 та 1,4 трлн.сўмлик иш ҳужжатларининг ижроси таъминласдан қолган. Жумладан, иш юритувида бўлган банк кредитлари билан боғлиқ 35,6 млрд сўмлик 3067 та ижро ҳужжатлари бўйича кредитлар гаровсиз берилгани оқибатида қарздорликни тўлиқ ундириш имконияти бўлмаган. Шунингдек, вилоят бўйича алимент тўловчиларнинг 5641 нафари ёки 38 фоизи иш билан таъминланмасдан қолмоқда. 2022 йилда Бюро органларига 7 296 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 543 тага камайган, мурожаатларнинг 6891 таси кўриб чиқилиб, 3138 таси қаноатлантирилган.

Навбатдаги масалада вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Адилов  вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йилда шаклланган қўшимча манбаларини йўналтириш тўғрисида ҳисобот берди.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page