Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди


Бугун, 17 январь куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 90-сессияси бўлиб ўтди.Сессия ишида вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари, вилоят ҳокимлиги бўлинмалари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, видеоконфренцалоқа тарзда шаҳар-туман ҳокимлари ва масъуллари иштирок этди. Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борди.

Сессияда дастлаб ижтимоий соҳа объектларини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тўғрисида вилоят прокурори Маҳмуд Истамовнинг ахбороти тингланди.

Таъкидланишича,  бугунги кунда давлат мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини кафолатлаш, юқумли касалликларнинг тарқалишига йўл қўймаслик, маҳсулотларни қабул қилиш ҳамда сақлашда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя қилиш ҳар қачонгиданда долзарб вазифа бўлиб бормоқда. Айниқса, таълим муассасаларига санитария нормаларига тўлиқ жавоб берадиган сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш алоҳида аҳамият касб этади. Таҳлилларга кўра, вилоятдаги 1 минг 912 та (485 та давлат, 21 та хусусий, 98 та давлат хусусий шерикчилик, 1308 та оилавий) мактабгача таълим ташкилотларида 125 минг 675 нафар 3-6 ёшли болалар қамраб олинган. 485 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида 79 мингдан ортиқ тарбияланувчилар 3 маҳал овқатлантирилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси давлат санитария врачи томонидан 2021 йил 17 июлда тасдиқланган санитария қоидалари ва меъёрлари асосида 24 турдаги маҳсулотлар мактабгача ёшдаги болаларнинг овқат рационига киритилган. Жумладан, бир ойда ўртача 90 тонна мол гўшти, 21 тонна товуқ гўшти, 278 тонна қуруқ сут, 140 тонна кефир, 7 тонна сметана,  28 тонна творог, 27 тонна сигир сутидан тайёрланган ёғ миқдори 82,5 фоизли сариёғ, 35 тонна шакар ва 11 тонна ўсимлик ёғи ҳамда бошқа маҳсулотлар сарфланмоқда.

Ушбу маҳсулотлар сақлаш муддати кам ва сифати тез бузилувчан бўлиб, таъминотчи корхоналар ўртасида ҳар ойда тузиладиган шартномалар асосида етказиб берилади. Бироқ озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи аксарият корхоналар томонидан санитария - ветеринария талабларига жавоб бермайдиган, тегишли сифат сертификатлари мавжуд бўлмаган, ишлаб чиқариш манзили ноаниқ бўлган маҳсулотларни етказиб бериш ҳамда маҳсулотларни тўлиқ етказиб бермаслик ва давлат харидлари тўғрисидаги ва бошқа қонунчилик талабларини бузиш ҳолатлари кундан кунга кўпайгани қайд этилди. Бу эса мавжуд давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болаларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдиради. Бу йўналишда аниқланган камчилик ва қонун бузилиш ҳолатлари аниқ мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, мазкур масала бўйича вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбоновнинг ҳисоботи эшитилди.

Кун тартибидаги навбатдаги масалада вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича 2023 йилда амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги тўғрисида вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари- жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Ўктам Аскаров ахборот берди.

Қайд этилишича, вилоятда ўтган 2023 йилда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда, кўча ва жамоат жойларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ижобий ишлар амалга оширилган. Ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан вилоятдаги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ўрганилиб, аниқланган 613 та муаммолардан 593 таси ёки 97 фоизи ижобий ҳал этилган. Ёшлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, уларнинг маънавий дунёқарашини мустаҳкамлаш, мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида 7301 маротаба, шу жумладан, 3530 маротаба умумтаълим муассасаларида, 835 маротаба касб-ҳунар мактабларида, 670 маротаба олий таълим муассасаларида ҳамда 2268 маротаба маҳаллаларда маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари амалга оширилган.

Туманлар ва шаҳарлардаги 9 минг 134 та оилада яшовчи 6 минг 999 нафар хотин-қизнинг яшаш шароити ўрганилиб, аниқланган 3379 та муаммоларнинг 3026 таси ёки 89 фоизи ижобий ҳал этилган ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 2798 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилган. Илгари судланган шахслар билан махсус профилактик тадбирлар ўтказилиб, маъмурий назорат қонуни таъсир остига тушувчи 611 нафар шахсларнинг 429 нафарига ёки 70 фоизига маъмурий назорат ўрнатилиши таъминланган. Шунингдек, тиббиёт муассасаларида ҳисобда турган спиртли ичимликка ружу қўйган 4 486 нафар шахсларнинг 1 266 нафари даволанишга юборилган. Жамоат тартибини сақлаш хизмати ҳамда унинг қуйи тизимлари томонидан вилоятда олиб борилган профилактик чора-тадбирлар натижасида жамоат жойларида оғир турдаги қотиллик, талончилик, босқинчилик, қасддан баданга оғир тан жароҳат етказиш каби жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаган. Вилоят ҳудудида, 7,7 млн. фуқаролар иштирокида жами 8403 маротаба сиёсий ва оммавий тадбирлар ўтказилиб, уларда ички ишлар органлари ва ҳамкор хизматлар томонидан жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги тўлақонли таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2022 йил 12 июлдаги “2022 - 2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари талаблари асосида вилоятдаги марказий кўчалар, умумфойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларига жами 2725 дона янги йўл белгилари ўрнатилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган 3622 донаси янгисига алмаштирилган.

Шунингдек, 201 та мактаблар олдида 572 дона тезликни чекловчи йўл белгилари ҳамда йўналишларда 114 дона дастлабки йўналтирувчи ва масофа кўрсатувчи йўл кўрсаткичлари ўрнатилиб, автомобиль йўллари ва кўчаларга 38 та янги светофор объектлари қурилган ҳамда 21 та светофор объектлари реконструкция қилинган. Туманлар ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум ҳудудларда пиёдалар ўтиш жойларига пиёдалар бошқарадиган 20 та светофорлар ўрнатилган.

Бухоро шаҳри ва Бухоро туманида 8 та ер ости пиёдалар ўтиш жойи фойдаланишга топширилиб, тирбандликларнинг олди олинди.

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида вилоятнинг 544 та маҳаллаларида хизмат олиб борувчи профилактика инспекторлари томонидан 1 млн.дан ортиқ хонадонлар ўрганилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ёхуд ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 39 609 нафар шахсларнинг рўйхати шакллантирилди. Олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида вилоятдаги 544 та маҳалланинг 153 таси ёки 28,1 фоизида жиноят содир этилмаган бўлса, 235 таси ёки 40,2 фоизида жиноят суръати камайишига эришилган. Маҳалла бешлиги томонидан ҳамкорликда жиноят қилишга мойил ҳамда жиноят қурбони бўлиш эҳтимоли бўлган шахсларнинг муаммолари ҳал этилиши натижасида маҳаллада олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар камайишига эришилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан маҳалладаги жиноятлар 485 тага камайган.

Сессияда Бухоро вилоятида 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар тўғрисида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов ҳамда вилоятда ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижроси тўғрисида вилоят ҳокимининг рақамлаштириш бўйича маслаҳатчиси Толиб Мирзаевларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Бу борада депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page