“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар мадрасаси янги бинога кўчиб ўтди

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар мадрасаси янги бинога кўчиб ўтди

Muslim.Uz


Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасига ташриф буюриб, ушбу мадрасанинг янги биноси очилиши маросимида иштирок этдилар.


Муфтий ҳазратлари билим юртининг устоз ва талаба-қизларини янги бино билан муборакбод этиш баробарида ушбу ишга ҳисса қўшган мутасаддилар ва ҳомийлар ҳақига дуо қилдилар. Шунингдек, динимизда аёл-қизларнинг ўрни, юртимизда хотин-қизлар таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор ва диний-маърифий соҳадаги аёл-қизларнинг фаоллиги тўғрисида суҳбат қилдилар.


Ташриф асносида Муфтий ҳазратлари талаба-қизларнинг таълим-тарбия олиши учун яратилган шарт-шароитлар, дарс жараёнларида уларнинг ҳозиржавоблиги, хорижий тилларда эркин сўзлашаётгани, ўз мутахассислиги билан бирга замонавий илмларни ҳам яхши ўзлаштираётганларини кўриб, мамнун бўлдилар. Энг фаол талаба қизлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан рағбатлантирилди.


Билим юрти устоз ва талабалари учун ифтор дастурхони ёзилди.


Маълумот учун, таълим муассасасининг янги биносида 15 та ўқув хонаси, 1 та мажлислар зали, 1 та умумий дарс ўтиш хонаси, шунингдек, кутубхона, қироатхона, информатика ва архив хонадан ташкил топган. Эътиборлиси, ўқув биносидаги ҳар бир хона махсус фанларга ихтисослашган бўлиб, хусусан, тафсир, фиқҳ, ҳадис, араб тили, ислом тарихи, ақоид, таҳфизул Қуръон, хорижий тиллар, тикувчилик хоналарига мувофиқ жиҳозланган. Бундан ташқари, муассаса ҳудудида 50 кишига мўлжалланган талабалар турар жойи ҳам бўлиб, унда барча зарур шарт-шароитлар муҳайё этилган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Report Page