ХУШХАБАР: ОКМК да соф палладий олишга эришилди

ХУШХАБАР: ОКМК да соф палладий олишга эришилди


Ўзбекистонда, айнан Олмалиқ кон-металлургия комбинати ташаббуси ва илмий тадқиқотлари туфайли  биринчи бор юқори тозаликдаги 99,00% соф палладий кукунини олишга эришилди. Тозаланган соф палладий кукуни ажратиб олиш учун 17 та жараённи босиб ўтиш керак бўлади. Ўтказилган тадқиқотлар асосида паст концентрацияли электролит эритмаларидан юқори тозаликка эга бўлган соф палладий кукунини ажратиб олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилиб, металл ажратиб олиш даражаси 80 фоизга олиб чиқилди. Шу маънода комбинат раҳбариятининг фаол ва илғор ташаббуси билан 2018 йилдан буён олиб борилган илмий тадқиқот ишлари диққатга моликдир.   

Бугун  дунё бозорида 1 грамми 67 долларга баҳоланаётган палладий ишлаб чиқариш саноати йилдан йилга соҳавий тарзда такомиллашиб бормоқда. Платинадан 7,3 фоизга қиммат юрадиган бу нодир металл асосан заргарлик, тиббиёт, хусусан, стоматология соҳасида, электроника, машинасозлик ва кимёвий ишлаб чиқариш тармоқларида кенг қўлланилади. Палладий ишлаб чиқариш саноатининг 40 фоизи асосан Жанубий Африка Республикаси ҳамда Россия, Шимолий Америка ҳамда Зимбабве ҳиссасига тўғри келмоқда.

-Дунё миқёсида мазкур нодир металлга бўлган талаб жуда юқори бўлиб, улар ҳар доим ҳам рудаларда етарли даражада учрамайди. Шу маънода Олмалиқ кон-металллургия комбинати АЖ томонидан мис ишлаб чиқариш чиқинди шлам маҳсулотларининг қайта ишланган электролит эритмаларидан қимматбаҳо металлни тўлиқ ва соф ҳолада ажратиб олишнинг янги технологияларини яратиш ва такомиллаштиришга йўналтирилган илмий-тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Комбинат раҳбариятининг топшириғи билан соф ва ўта тоза палладий металлини ажратиб олиш борасида 2018 йилнинг ноябрь ойидан буён илмий тадқиқот ишлари олиб борилди. Мақсад палладий миқдори кам бўлган чиқинди электролит эритмаларидан, гарчи 50 мг 1 литрда бўлган тақдирда ҳам соф палладий кукунини ажратиб олиш усулини ишлаб чиқишдан иборат эди. Комбинат раҳбарияти томонидан қўйилган мақсад ўзини оқлади ва бунга эришилди. Бугунги кунда ҳатто 40 мг палладий бир литр эритмада қолгунча чўкмага тушириб олинмоқда. Аввалги технологик йўриқномаларда бундай натижаларга эришилмас эди. Чўктирилган палладий комплексини куйдириш ва қайта тиклаш жараёнларини қайта тадқиқ қилиш асносида пиро-гидрометаллургик  оптимал параметрлар ишлаб чиқилди. Палладий таркибли эритмаларни зарарли қўшимчалардан тозалаш ва фойдали металларни ажратиб олиш учун ишлаб чиқаришга жўнатишни мўлжалловчи комплекс чўктириш ва тозалаш усуллари саноатга жорий этилди - дейди биз билан суҳбатда Янги технологиялар марказий лабораторияси Мис металлургияси бўлинмаси бошлиғи Орифжон Усмонқулов  

Бугун дунё миқёсида Европа, Япония, Хитой ва Шимолий Америка давлатлари саноат бозорида палладийдан унумли фойдаланаётган давлатлар сафига киради. Бу фактлар кўплаб соҳаларнинг равнақи демакдир. Шундай экан, қайта ишланган электролитдан соф палладий кукунини ажратиб олишни саноат соҳасига кенг тадбиқ этаётган Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг бу саъй-ҳаракатлари мамлакатимиз иқтисодий ишлаб чиқариш салоҳиятига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади ва албатта, палладийдан унумли фойдаланаётган ривожланган давлатлар сафига киришимизга умид қилиб қоламиз.

ОКМК Ахборот хизмати