ХУРШИД ДАВРОН – ДАВР АДИБИ

ХУРШИД ДАВРОН – ДАВР АДИБИ


Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.

Хуршид Даврон туркий-ўзбек адабиётида ўз сўзи, ўз овози, ўз ўлмас ғояларига эга бўлган забардаст шоир, тарихнавис адиб, асл ватанпарвар ва миллатпарвар шахсдир. У ижодкор сифатида ҳам, шахс сифатида ҳам ҳеч қачон майда туйғуларга асир бўлмади, сохта ва ўткинчи мафкуралар билан муроса қилмади, улкан қалб, улкан дард, улкан мақсадлар билан яшади. У Ўзбекистон мустамлака бўлган даврларда – шўро зулмлари остида ҳам тагдор ишоратлар билан ватан ва миллат озодлигини куйлади, мустақиллик замонида ҳам тўғри сўзлилиги билан ўз ҳақиқатларига содиқ қолди.

 

ШЕЪРИЯТИ. Хуршид Даврон шеърияти сокин ҳайқириқли шеъриятдир, миллат тафаккурини уйғотгуви, эрк-ва озодликка ундовчи, инсоннинг заковати ва қалбига хитоб этувчи бедор шеъриятдир.

 “Қадрдон қуёш”, “Шаҳардаги олма дарахти” (1979), “Тунги боғлар” (1981), “Учиб бораман қушлар билан” (1983), “Тўмариснинг кўзлари” (1984), “Болаликнинг овози” (1986), “Қақнус” (1987) ва “Баҳордан бир кун олдин” (1997) каби шеърий китоблари бу сўзнинг далил-ҳужжатидир.

 

Она тилим, омон бўл мангу,

Сен борсанки мен ҳам ўлмайман,

Тилдан қолсам, сени Ойбекдай

Мен кўзларим билан сўйлайман.

 

Баъзан шоирнинг буюк ва ўлмас ғоялари унинг шеърий санъатидан устун эканини ҳам кузатиш мумкин.

 

НАСРИЙ-ТАРИХИЙ АСАРЛАРИ. Хуршид Даврон тарихий хотира орқали, ватандошларига ўз шонли кечмишини эслатиш орқали миллат виждони ва ориятини уйғотишга уринган адибдир.

Ҳар бир ижодкор шоирнинг адабиёт майдонида ўз хизмати, ўз кураш услублари бор. Лекин Хуршид Давроннинг насрий асарлари – ҳужжатли-тарихий қиссалари орқали қилган маърифий ишларини бизнинг давримизда ҳар қандай қалакамкаш ҳам қила олган эмас.

Адибнинг ўлмас тарихий шахслар ҳаёти ва фаолиятига оид асарлари, Султон Соҳибқирон Амир Темур аёли Бибихоним ҳақидаги “Самарқанд хаёли” (1991), буюк аллома Мирзо Улуғбек ҳақидаги “Соҳибқирон набираси” (1995), Кубравия тариқати асосчиси ҳазрати Шайх Нажмуддин Кубро ҳақидаги “Шаҳидлар шоҳи” (1998) каби тарихий-маърифий қиссалари, (“Мирзо Улуғбек” – “Алғул”, (1995), “Бобуршоҳ” (1996) каби драмалари бу сўзга етарли далил бўлса керак.

 

ПУБЛИЦИСТИК МАҚОЛАЛАРИ. Хуршид Даврон ижтимоий ҳаётга оид публицистик мақолалар билан ҳам шуғулланди. Бундай мақолалари оз бўлса ҳам, создир. Босқинчи мустамлакачилар ўз золим зобитларини ҳам қаҳрамон қилиб кўрсатишга уринар эди. Вақтида Хуршид Давроннинг “Босқинчилик қаҳрамонлик бўладими?” сарлавҳали публицистик мақоласи бундай золимлар башарасини очадиган улкан зарба бўлган эди.

Айтиш мумкинки, ижод аҳлининг мустамлака сиёсатини фош этувчи мақолалари бочқинчи тоифаларнинг сиёсатини, ёвуз феълини, зўравонлик сифатларини ўзгартира олмайди. Лекин бундай асарлар мазлум халқнинг тафаккури ва виждонини уйғотади, уни жасорат ва мардликка, эрк ва озодлик учун курашларга ундайди, келажак авлодни етук шахслар қилиб тарбиялашга хизмат қилади.

 

Ўғлим, бу ер –

Бизнинг еримиз.

Ўзимизнинг еримиз.

Қўрқмасдан қадам ташла.

Ер жуда қаттиқ –

Боболарнинг қони қотирган уни,

Момоларнинг кўзёши қотирган.

Ўғлим, бу ер –

Ўзимизники,

Ҳадиксирама, ишонгин отангга,

Ҳадеб қарайверма орқангга.

Йиқилсанг, кўтарар

Сени бу тупроқ.

Йиқилсанг, турмоқни ўрганасан,

Турмоқни ўрган, ўғлим.

Йиқилсанг, эмаклама,

Эмаклаганим етар, ўғлим,

Қад тиклашни ўрган,

Шунинг учун бизга берилган

Бу ер – бу Ватан.

 

ТАРЖИМАЛАРИ. Баъзи шоирлар таржима учун асар танлаганда ўз руҳи, ижодий услубига тўғри келиш-келаслигига қарамайди. Хуршид Даврон эса таржима учун манба танлаганда ўз ижодий услубига яқин шоирлар шеъриятини танлади ва ўз шеъриятини машриқзамин ва мағрибзамин, хусусан, япон шеърияти намуналари билан зийнатлади. Ғарбу шарқ шеърияти таржимасидан иборат “Қирқ бир ошиқ дафтари” (1989) ва япон шеърияти таржимасидан иборат “Денгиз япроқлари” (1988) китоблари бунга далилдир.

 

ТАШАББУСЛАРИ. Хуршид Даврон ношир ва раҳбар сифатида ўрнак бўларли ташаббуслар кўрсатди: “Ёш гвардия” нашриётида хизмат қилган даврида Москва нашриётларида урф бўлган ЖЗЛ – “Жизнь замечетельных людей” (“Нодир инсонлар ҳаёти”) туркум китобларига ўхшаш “Ажойиб кишилар ҳаёти” туркум нашрларини ташкил этди. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир сингари атоқли адиб ва шоирлар ҳақидаги хотира китоблари ўша даврда чоп этилди. Устоз шоир Миртемир ҳақидаги тавсиф китобини раҳматлик шоир ва олим Отаёр ёзган эди.

Мазкур даврда у яна “Ҳозирги замон ўзбек шеърияти” рукнини ҳам ташкил этди ва кўплаб шоирлар қаторида каминанинг “Шарқ тили” деб номланган шеърий китобим ўша вақтда (1988) нашр этилди.

Нашриётда у киши истеъдодли ижодкорлар рўйхатига эътибор қаратди ва имкон қадар истеъдодсиз ёзарлар ҳужумининг олдини олишга ҳаракат қилди.

Оинаижаҳонда раҳбарлик лавозимида хизмат қилган вақтида болаларнинг заковат, илм ва топқирлик мусобақаларини ташкил этдики, бундай кўрсатувлар маърифат ва маънавиятдан тобора узоқлашиб бораётган халқнинг фарзандлари учун жуда зарур эди.

 

КУТУБХОНАСИ. Хуршид Даврон номини юртда ва хорижларда машҳур қилган манбалардан бири “Хуршид Даврон кутубхонаси” ўзанидир. Бу кутубхонада туркий-ўзбек адабиёти ва санъатига доир кейинги юз йил ичида нашр этилган барча асарларни топиш мумкин. Бу жавонсиз кутубхонада зукко ўқувчи писанд қилмайдиган асарлар ҳам учрайди. Ўйлаб қарасам, ўша асарлар ҳам кимгадир керак бўлар экан. Адабиёт боғи фақат муҳташам ва баланд дарахтлардан таркиб топмас, балки бу боғ хилма-хил шаклли, хилма-хил рангли, хилма-хил мевали дарахлардан ташкил топар экан.

 

ШАХСИЯТИ. Каминага 1979 йилдан 1982 йилгача Навоий кўчаси 30-уйда жойлашган “Ёш гвардия” нашриётида устоз Хуршид Даврон билан бирга хизмат қилиш насиб этди. Аввал иккимиз ҳам ишлаб чиқариш бўлимида нашр назоратчилари эдик. Кейинчалик Хуршид ака шеърият бўлимига хизматга ўтди. Мен эса “Муштум” журнали адабиёт бўлимига хизматга ўтиб кетдим.

Ўша даврдаги ижодий ўйларимиз, ватан ва миллат тақдирига доир қайғули суҳбатларимиз, бир-биримизга бўлган самимий эътироф ва эҳтиромларимиз, беғубор ҳазил-мутоибаларимизни гоҳ ўкинч, гоҳ соғинч билан эслайман.

Ўша вақтда ёшлар нашриётида ҳаётда меҳрибон, хизматда қаттиққўл инсон Абдулазал Ваҳобов – раҳбар, Эркин Воҳидов – бош муҳаррир эдилар. Яна Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Раҳмон, Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам, Шамси Одил, Сафар Барноев, Аҳмаджон Мелибоев каби ижодкорлар хизмат қилишар эди.

 

Хуршид Давроннинг мутойиба тариқасидаги бир таклифи ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир гал қадимий Самарқанд мавзуйида бир нарса ёзмоқчи бўлдим. Хуршид ака табассум билан кулиб: “Самарқандни бизга қўйиб беринг, сиз ўз Сурхондарёнгиз, ўз Термизингиз ҳақида ёзинг!” деб танбиҳ берди. Бу таклифни кўп ўйлаб, охири Сурхон воҳаси – қадимий Чағаниён ва Термиз тарихини ўрганишга киришдим. Натижада, кўп йиллар ўтиб, 2001 йилда “Термиз тазкираси”, 2017 йилда “Буюк Термизийлар” китобим тасниф этилди. Аввалгисида ўн саккиз нафар Термизий ва Чағоний зотларни зикр қилган бўлсам, кейингисида тўқсондан ортиқ – юзга яқин зотларни зикр қилдим. Эҳтимол, бу тазкира китобларининг юзага келишида Хуршид Давроннинг ўша вақтдаги табассумли сўзи биринчи сабаб бўлгандир.

Яхшилик ортидан яхшилик келади, деганларидек, бир гал, 2001 йилда Бухоро шаҳрига борганимда, раҳматлик Садриддин Салим Бухорийга улуғ Термизийлар ҳақида китоб ёзганимни, у киши ҳам Бухоро азизлари зикрини китоб қилса, яхши бўлишини арз қилдим. Шундан сўнг биродаримизнинг бугунги Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳудудида ўтган неча азиз-авлиёлар ҳақидаги китоблари бирин-кетин юзага кела бошлади. Эҳтимол, бунга ҳам Хуршид Давроннинг менга айтган сўзи боис бўлгандир. 

 

Лекин хайрхоҳ акам ва самимий дўстим Хуршид Давроннинг танбиҳига тўлиқ амал қилдим дея олмайман. Барибир, Самарқандга юзландим. Атоқли нақшбандия шайхи Саййид Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратларининг улуғ саҳоба, жаноб Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Мадина шаҳридаги биринчи мезбони, муборак қабри Истанбулда бўлган ҳазрати Абу Аййуб ал-Асорий (розияллоҳу анҳу) ҳақларидаги китобидан таъсир олиб, камина ҳам “Ҳазрати Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда” (розияллоҳу анҳумо) деган китобимни ёздим. Бу азиз саҳоба Самарқандда шаҳид бўлганлар ва муборак қабри ҳам ўша “балдаи маҳфуза”дадир. Устоз-биродарим Хуршид Даврон бу нозик мавзуга ҳар ким ҳам қўла ура олмаслигини тўғри тушуниб, бу мавзу муаллифдан бирмунча исломий билим ва қамровни талаб этишини инобатга олиб, менинг бу густохлигимга хайрхоҳлик билдирса керак.

 

Хуршид Даврон сермазмун ва сермаҳсул ижоди билан, ватанпарварлиги ва миллатпарварлиги билан, хусусий фаолияти ва ўрнак бўлгулик одобу ахлоқи билан, ҳақиқатгўйлиги, ҳақиқат ва адолат майдонидаги собитқадамлиги билан устоз мақомига етган шахсдир. Унинг ижод карвони абадият манзилини кўзлаган ва бунга ҳақдор бўлган ҳаёт ва маърифат карвонидир.

Туркий-ўзбек адабиётида ўз собит мақомига эга бўлган, улуғ Даҳбедийлар авлоди, Махдуми Аъзам Нақшбандий (қуддиса сирруҳу) ҳазратларининг зурриёти, шарафли насаб силсиласи вакили, самимий Дўст мартабасида собит турган устозга доимий саломатлик, узоқ, хайрли ва баракотли умр тилайман.

 

МИРЗО КЕНЖАБЕК

 

Ҳижрий 1443 йил 16-Ражаб, пайшанба.

Милодий 2022 йил 17-февраль.


Report Page