"HUDUDGAZTA’MINOT" АЖ ГАЗ ҲИСОБЛАГИЧ КЎРСАТКИЧЛАРИНИ УЗАТИШНИ ОНЛАЙН РЕЖИМГА ЎТКАЗМОҚДА

"HUDUDGAZTA’MINOT" АЖ ГАЗ ҲИСОБЛАГИЧ КЎРСАТКИЧЛАРИНИ УЗАТИШНИ ОНЛАЙН РЕЖИМГА ЎТКАЗМОҚДА


Маълумки, 2020 йилда "Hududgazta’minot" АЖ томонидан табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган бошқарув тизими (ГНҲАТ/АСКУГ) лойиҳаси амалга ошириш бошланди ҳамда унинг доирасида истеъмолчиларнинг барча тоифалари учун истеъмол қилинган табиий газ учун кўрсаткичларни реал вақт режимида марказга узатувчи "ақлли" газ ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда.

Айни вақтда газни ҳисобга олиш қурилмалари истеъмол кўрсаткичи ва дебиторлик қарзи юқори бўлган ҳамда газ тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш зарурати мавжуд бўлган 77 та шаҳар/туманларга ўрнатилмоқда. Ҳозирда ГНҲАТ лойиҳасини амалга ошириш Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота ва Қибрай туманларида, Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида, Навоий вилоятининг Кармана туманида тўлиқ якунланди. Бутун мамлакат бўйлаб 991 мингдан зиёд янги "ақлли" газ ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинди ва уларда қайд этилаётган маълумотлар автоматик равишда "BillingGaz" тизимига юборилмоқда.

"Ақлли" ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари жадал давом этаётганидан келиб чиқиб, "Hududgazta’minot" АЖ томонидан илгари истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларни йиғиш ҳамда тизимга киритиш билан шуғулланган инспектор лавозими бекор қилинди. Қабул қилинган қарор газ етказиб берувчи ва абонент ўртасида ўзаро ишончга асосланган муносабатларни ўрнатиш, шунингдек, ГНҲАТ тизимига уланмаган ҳамда аввал ўрнатилган газ ҳисоблагичларидан табиий газ истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни "BillingGaz" тизимига киритишда инсон омилини қисқартиришга имкон беради.

"Hududgazta’minot" АЖ "сотувчи ва харидор" муносабатларидаги янги шартларга мувофиқ ҳамда абонент ва табиий газ етказиб берувчиси ўртасидаги амалдаги келишувга биноан, истеъмол қилинган "зангори ёқилғи" учун тўловларни ҳар ойнинг 10-кунигача амалга ошириш кераклигини эслатади. Етказиб берилган табиий газ учун тўлов шартномада белгиланган муддатларда, ўз вақтида тўланмаган тақдирда, истеъмолчи етказиб берувчига газ етказиб бериш шартномасига мувофиқ, тўлови кечиктирилган ҳар бир кун учун тўлов миқдорининг 50 фоизидан кўп бўлмаган ҳолда, 0,1 фоиз миқдоридаги пеня тўлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, "Hududgazta’minot" АЖ истеъмолчилардан хонадонларига ўзларини газ таъминоти ташкилотларининг инспектори сифатида таништириб келган шахслар билан алоқага киришмасликларини ва уларни ГНҲАТ тизимига уланмаган газ ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларни тақдим этмасликни, шунингдек, тўловларни мобил телефон орқали электрон тизимлар ёки банк кассаларига мурожаат қилган ҳолда амалга оширишларини сўрайди. Яқин кунларда истеъмолчилар ГНҲАТ тизимига уланмаган, истеъмолдаги газ ҳисоблагичларининг кўрсаткичларини юборишлари учун махсус телеграм бот ҳамда илова ҳам ишга туширилади.

Барча савол ва таклифлар юзасидан, 1104, 712000804, 712021104 телефон рақамлари орқали ёки "Facebook" ижтимоий тармоғидаги "Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари" гуруҳига мурожаат этинг.

 

"Hududgazta’minot" АЖ матбуот хизмати

Report Page