“HUDUDGAZTA'MINOT” АЖ: БУГУНГИ КУНДА ГАЗ ТАЪМИНОТИ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲОЛАТ ЮЗАСИДАН ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИШЛАР ҲАҚИДА РАСМИЙ МАЪЛУМОТ

“HUDUDGAZTA'MINOT” АЖ: БУГУНГИ КУНДА ГАЗ ТАЪМИНОТИ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲОЛАТ ЮЗАСИДАН ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИШЛАР ҲАҚИДА РАСМИЙ МАЪЛУМОТ


Аввал хабар берганимиздек, республика бўйича 3,7 миллиондан зиёд табиий ва 3,6 миллионга яқин суюлтирилган газ истеъмолчиларининг кундалик истеъмоли ҳажмини тизимли мониторинг қилиш йўлга қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, “зангори ёқилғи”нинг бугунги кундаги истеъмоли деярли 72 миллион куб метрни, аҳолига етказилган суюлтирилган газ миқдори эса 2310 тоннани ташкил этмоқда.

2020 йил 24 ноябрь ҳолатига кўра, газ қувурларида меъёрий босимнинг пастлиги сабабли республика бўйича жами 1100 дан зиёд маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонларнинг табиий газ босими меъёрдан пасайиши кузатилмоқда. “Hududgazta'minot” АЖда юзага келган ҳолатлар бўйича ҳудудлар, жумладан, туман, шаҳар ва маҳаллалар кесимида маълумотлар мавжуд бўлиб, барчаси назоратга олинган.

Жамиятнинг таркиби кесимида  236 та тезкор авария-таъмирлаш гуруҳлари жойларда юзага келувчи авария ёки техник носозликларни бартараф этмоқда.

Масалан, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилган Сирдарё вилояти, Ширин шаҳрида автомобилнинг юқори босимли газ қувурига бориб урилиши оқибатида юзага келган авария ҳолати ҳам, “Hududgaz Sirdaryo” газ таъминоти филиали “Shirinshahargaz” газ таъминоти бўлими томонидан бартараф этилди.

Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрининг “Алишер Навоий” ҳамда “Насаф” кўчалари кесишган чорраҳасидаги ер ости газ қувурининг уланиш қисмида тирқиш юзага келиши билан боғлиқ авария ҳолати “Hududgaz Qashqadaryo” газ таъминоти филиали томонидан зудлик билан бартараф этилди.

Тошкент шаҳри, Яшнобод туманида “Олмос” МФЙдаги ўрта босимли газ қувурида юзага келган авария ҳолати “Hududgaz Poytaxt” газ таъминоти филиали “Yashnobodtumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан таъмирланди.

Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри “Саноатчилар” кўчасида табиий газ қувурига шикаст етказилганлиги ҳамда авария ҳолати аниқланиб, мазкур носозлик “Hududgaz Buxoro” газ таъминоти филиали “Buxoroshahargaz” газ таъминоти бўлими томонидан бартараф этилди.

Фарғона вилояти, Қўқон шаҳрида аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида, “Бақачорсу” газ тақсимлаш станциясига келтирувчи юқори босимли газ қувурининг таъмирталаб қисми янгисига алмаштирилди.

Андижон вилояти, Андижон шаҳри “Боғишамол” газ тарқатиш шаҳобчаси иккинчи тармоғининг чиқиш қисмидаги шайбани навбатдаги мавсумий шайбага алмаштириш ҳамда газ қувурларида юзага келган носозликларни бартарф этиш мақсадида авария-тиклаш ишлари олиб борилди.

Ҳамкор ташкилотлари марказий диспетчерлик бошқармалари билан ўзаро ҳамкорликда алоқа тизими ўрнатилиб, ўз вақтида истеъмолчиларни ёнилғи билан узлуксиз таъминлаш ҳамда газ қувурларида табиий газ босимини меъёрга келтириш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш мақсадида, ҳар бир ҳудудда тегишли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, якка тартибдаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейдлар ўтказилмоқда. Жумладан, ўтган 17 кун давомида газ тармоқларига ноқонуний уланиш ва фойдаланиш бўйича 234 ҳолат аниқланди.

Хусусан, якка тартибдаги уй хўжаликлари томонидан паррандачилик хоналарини ва иссиқхоналарини иситиш, яширин оҳак печларини ёқиш ёки хонадоннинг газлаштириш лойиҳасига киритилмаган қўшимча газ ускуналаридан фойдаланиш оқибатида табиий газни меъёрдан ортиқ сарфлаш ҳолатлари аниқланмоқда.

Мавжуд муаммоларга қарамай, “Hududgazta'minot” АЖ учун ҳар бир истеъмолчи манфаати муҳим саналади. Шу сабабли, газ таъминоти билан боғлиқ ҳар қандай мурожаат қатъий назоратда ва газ таъминоти ташкилотлари мутахассисларининг мурожаат жойига тезкорлик билан етиб боришлари орқали ҳал қилинади.

Фурсатдан фойдаланиб, “Hududgazta'minot” АЖ тизимидаги диспетчерлик хизматлари томонидан авария-таъмирлаш гуруҳларни тезкор равишда носозликлар юзага келган жойларга юборилиши учун истеъмолчилардан 11-04, 71 200 08 04, 71 202 11 04 телефон рақамлари ҳамда “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари” ва “Коммуналка” ва бошқа жамоат гуруҳлари орқали мурожаат қилишларини ҳамда ўз мурожаатларида манзил ҳамда қайта алоқага чиқиш учун аниқ маълумотларни тақдим этишларини сўраб қоламиз.

Ҳурматли истеъмолчилар! Мавжуд ресурслар жумладан табиий ва суюлтирилган газдан оқилона фойдаланинг, уларнинг беҳуда сарфланишига йўл қўйманг! 





Report Page