ХОТИРА: УСТОЗДАН СЎНМАС ИБРАТ ҚОЛДИ
Абдулла Қодирий номидаги вилоят Ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг собиқ аъзоси, ҳажвчи ёзувчи, марҳум журналист Ёрқул Умаров таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан “Устоздан сўнмас ибрат қолди” мавзусида хотира кечаси ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ҳарбий қисм аскарлари, марҳум журналистнинг дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари, оила аъзолари ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Кеча давомида устоз журналистни хотирлаб сўзга чиққанлар унинг инсоний хислатлари хусусида сўз юритиш баробарида, бутун ҳаётини матбуот ва оммавий ахборот воситалари соҳаси ривожига бахшида этган, шунингдек, ажойиб насрий асарлари билан халқимиз қалбидан жой олган бетакрор қалб соҳиби, қалами ўткир ижодкор сифатида адабиёт майдонида муҳим из қолдирганлигини мамнуният билан эътироф этишди. Меҳнат фаолияти давомида журналистика соҳасига қўшган беқиёс ҳиссаси ва китоблари ҳақида ҳам тўхталиб ўтишди.
— Ҳаётини илму маърифатга, эл-юрт хизматига бахшида этган халқпарвар, фидойи инсонлар номи асло унутилмайди, — деди кечада сўзга чиққан фахрий журналист, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Олим Хўжаев. — Улар вафот этганларидан кейин ҳам дўстлари, шогирдлари ва яқин инсонлари қалбида мангу яшайди. Ёрқул Умаров ана шундай мангуликка дахлдор инсонлардан эди. У киши 45 йилдан ортиқроқ вақт давомида турли маҳаллий ва марказий ОАВларида самарали меҳнат қилди. Шу соҳада кўплаб шогирдларни тайёрлаб етиштирди. Қатор йиллар давомида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимига раҳбарлик қилиб, вилоятимиз журналистларининг меҳнатларини, ижодини қўллаб-қувватлашда, рағбатлантиришда ўзининг катта ҳиссасини қўшди.
Маълумот ўрнида: Ёрқул Умаров 1950 йил 15 январда Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида туғилган. 1973 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1973 йилда Ўзбекистон телевидение ва радиоэшиттиришлар давлат қўмитаси қозоқ таҳририяти муҳаррири вазифасидан бошлаган. 1975 йилдан Бухоро вилояти телевидение ва радиоэшиттиришлар қўмитаси катта муҳаррири, 1979 йилда “Гидростроевец” газетаси мухбири, Бухоро шаҳар “Бухоро тўқимачиси” газетаси масъул котиби, 1982 йилда Бухоро вилояти телевидение ва радиоэшиттиришлар қўмитаси катта муҳаррири, 1982 йилдан 1997 йилгача Навоий вилояти телевидение ва радиоэшиттиришлар қўмитаси бош муҳаррири, 1997 йилдан 2012 йилгача Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Навоий вилояти бўйича махсус мухбири, 2004 йилда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси вазифаларида фаолият олиб борган. 2021 йил 4 апрелда вафот этган.
Ҳамиша жилмайиб турган нурли чеҳраси, сўзамоллиги, дилкаш суҳбатдошлиги, қолаверса, адабиёт ва журналистика соҳасига оид билимларини ёшларга ўргатишдаги жонкуярлиги билан ўзидан нурли из қолдирган Ёрқул Умаров гарчи бугун орамизда бўлмаса-да, ҳаётлик давридаёқ ёзиб қолдирган “Ўзимизнинг жонон”, “Сир очилди”, “Хотинидан қўрқмайдиган эркак”, “Олачопон кимда кетди” каби қатор китоблари, қимматли асарлари орқали ёрқин хотираси ҳамиша қалбимизда яшайди.
Тадбир сўнгида Ё.Умаров хотирасига бағишлаб ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари ва бошқа яқин инсонларининг илиқ хотиралари ҳамда устоз адиб қаламига мансуб эсдаликлар, хотиралар ва ҳажвиялар ўрин олган “Ўзимизнинг одам” номли китобидан йиғилганларга туҳфа этилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Навоий вилояти бўлими.