ХОТИРА УЙҒОНСА ГЎЗАЛ

ХОТИРА УЙҒОНСА ГЎЗАЛ


Яқинда Урганч шаҳрида филология фанлари номзоди Сайёра Самандар ва тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Умид Бекмуҳаммад ҳаммуаллифлигида «Хоразм жадидлари: ислоҳотлар, таълим ва адабиёт» монографиясининг нашр қилинганини ўзбек жадидшуносларининг навбатдаги ютуқларидан бири сифатида баҳолаш мумкин.Яқинда Урганч шаҳрида филология фанлари номзоди Сайёра Самандар ва тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Умид Бекмуҳаммад ҳаммуаллифлигида «Хоразм жадидлари: ислоҳотлар, таълим ва адабиёт» монографиясининг нашр қилинганини ўзбек жадидшуносларининг навбатдаги ютуқларидан бири сифатида баҳолаш мумкин.
Маълумки, Исмоил Ғаспрали томонидан асос солинган ва «Тилда, фикрда, ишда бирлик» шиори билан чинакам маънода янги Ренессанс феноменини юзага келтирган ушбу маърифатпарварлик ҳаракати туркий халқлар тарихининг ёрқин саҳифаларини ташкил қилади. 

Мазкур ҳаракат фаолиятига теран назар солсак, жадидлик туркий мусулмон халқлар тарихида ҳақиқатан ҳам ноёб ҳодиса эканига амин бўламиз. Не­га­ки, истиқболли стратегик ғояга эга, амалий фаолият бобида дадил ва шиддатли бўлган бундай фидойилар ҳамма даврларда ҳам пайдо бўлавермайди.

Монографияда Қримда юзага келган жадидлик ҳаракатининг туркий мусулмон халқлари тарихи ва тақдирида тутган ўрни атрофлича таҳлил қилинган. Шунингдек, унда «Таржимон» газетасида 1883-1916 йилларда Хоразмдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида чоп этилган 158 та мақолани чуқурроқ ўрганиш зарурлигига эътибор қаратилиб, ушбу заминда кечган маърифатпарварлик ҳаракатининг ўзига хос хусусиятлари, жамият ривожи ва оддий инсонлар ҳаётига таъсири тадқиқ этилади.

Хива хонлигида бош вазир лавозими­да хизмат қилган Исломхўжа томони­дан амалга оширилган ислоҳотлар ўша давр жамияти учун катта янгилик бўлган эди. Монографияда Феруз­хон, Асфандиёрхон каби ҳукмдорлар­нинг жадидларга хайрихоҳлик билан қа­раб, ўзлари ҳам янги мактаб­лар очиш­гани ҳамда уларга Қозон ва Оренбург шаҳарларидан ўқитувчилар таклиф қилишганига оид қизиқарли тарихий фактлар қаламга олинган.

Асарда Хоразмда жадидлар ташкил қилган мактаблар, улардаги ўқитиш усули ҳамда дастлабки жадид муаллимлари тўғрисида ҳам илк бор аниқ манбалар асосида ҳикоя қилинганини ҳам қайд этиш ўринлидир.

Бундан ташқари, муаллифлар ўлка жадид­ларининг адабий меросини янгича руҳда таҳлил қилиш борасида ҳам муайян ютуқларга эришган. Айниқса, таниқли маърифатпарвар Бобоохун Салимовнинг ижодий фаолияти, машҳур шоир Аваз Ўтар ҳаёти ва ижодининг жадидларга боғлиқ жиҳатлари ишонарли далиллар, янгича қарашлар асосида ёритилгани эътиборга ло­йиқ. Монографияда Муҳаммадшариф Сўфизода ва Ҳамза Ҳакимзоданинг Хоразм заминида кечган ҳаёти ва фаолияти ўлкадаги жадид адабий муҳити билан уйғун ҳолда таҳлил этилгани ҳам мантиқан ўринлидир.

Шу ўринда заҳматкаш олимлар томонидан Аваз Ўтарнинг «Тил», «Мактаб» ва «Ҳуррият» каби маърифат ғояси билан суғорилган шеърлари янгича талқинда таҳлил қилингани каминага анча манзур бўлди. Тарихдан маълум, Аваз Ўтар сил хасталигига чалингач, 1905-1906 йилларда даволаниш учун Кавказ ва Қримга борган. Ўша сафари асносида Бокуда озарбайжон жадид мактаблари фаолияти билан яқиндан танишган. Монографияда ҳам Аваз Ўтарнинг Тоҳирзода Собир (1860-1911) сингари Озарбайжон шоирлари би­лан учрашиб, дўстлашгани ва кейин­чалик ҳам улар билан ижодий алоқада бўлгани акс эттирилган. Қолаверса, Аваз Ўтарнинг Озарбайжонда Султон Мажид Ғанизода (1886-1937) ташкил қилган мактабларни кўздан кечиргани, Сафарали Вали­беёв (1861-1902)нинг «Ватан тили», «Усули жадид», «Лисони форсий» номли асарлари ҳамда «Хазинайи ахбор» деб номланган икки жилдлик қомусий луғатни Хоразмга олиб келгани, фарзандини Мамат маҳрам­нинг жадид мак­табига ўқишга берганига оид тари­хий фактлар ҳам ҳар қандай ўқувчини қизиқтириши шубҳасиз.

Монографияда 1913-1918 йилларда Туркиянинг Истанбул университети­да таҳ­­­сил олган хоразмлик Бекжон Раҳ­мон­нинг ҳаёти ва фаолияти ҳам кенг ёритилган. Зотан, ўша кезларда Боку шаҳрида ўтказилган Шарқ халқлари қурултойи ва халқаро туркшунослик анжуманида иштирок этган озарбайжонлик таниқли давлат арбоби Самад оға Ағамали билан яқин дўст бўлган бу фидойи инсон ўзбек маърифатпарварлик ҳаракати тарихида ўзидан муносиб из қолдирган.

Бир сўз билан айтганда, ушбу мо­но­графияни Хоразм жадидлик ҳара­катига бағишланган дастлабки кенг қамровли фундаментал илмий тадқиқот сифатида эътироф этиш мумкин. Бундай асарлар бош­қа туркий давлатлар, жумладан, Озарбайжон илмий жамоатчилиги учун ҳам фойдалидир. Каминанинг шу йил 1 май куни Озарбайжондаги АЗEРТАГ ахборот агентлиги орқали эълон қилинган «Озарбайжон маърифатпарварларининг Хоразм жадидлари билан ҳамкорлиги тарихига бағишланган мо­но­графия» сарлавҳали мақолада ма­са­­ланинг мана шу жиҳатларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилган.

Тўғриси, ўзбек ҳамкасбларимиз­нинг ушбу монографияси билан тани­шиш жараёнида хоразмлик зукко мунаққид ва шоир Баҳодир Содиқнинг «Хотира уйғонса гўзал», деган гўзал сатри ёдимга тушди. Ҳа, хотира уйғонса гўзалдир. Шу маънода, ушбу монография орқали хоразмлик фидойи жадидларнинг порлоқ хотирасини уйғотмоқ, уларнинг ибратли ишларини бугунги ва келажак авлод вакилларига яқиндан таништиришнинг аҳамиятини ҳеч бир мезон билан ўлчаб бўлмайди. Изланувчан муаллифлар шу кунлар­да яна бир нечта илмий лойиҳалар устида биргаликда ишлаётганидан ха­барим бор. Бундай эзгу ва савобли йўлда уларга омад ва муваффақиятлар тилаб қоламан.


Алмаз УЛВИ,

филология фанлари доктори, профессор.

Озарбайжон

 «Жадид» газетаси 2024 йил 10 май 20-сон

Report Page