ХОТИНИНИНГ ҚОТИЛИГА АЙЛАНАЁТГАН ЭРКАКЛАР

ХОТИНИНИНГ ҚОТИЛИГА АЙЛАНАЁТГАН ЭРКАКЛАР

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

Оиладаги руҳий мувозанат қачон бузилади?

Никоҳ — муқаддас ришта. У орқали нафақат икки қалб, қўш вужуд боғланади, балки қон-қариндошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр юзага келади, насллар туташади. Шу боис халқимиз азалдан никоҳ масаласига жиддий қараган, уйланиш ёки турмушга чиқиш масаласи фақатгина оила қураётган ёшларнинг ўзига ташлаб қўйилмаган. Эҳтимол, ота-боболаримиз, момоларимизнинг ибратли турмуши, ажралиш деган балодан йироқлиги, оиладаги руҳий мувозанат, соғлом дунёқараш, солиҳ фарзандлар ана шу омилларга боғлиқдир.

Таъкидлаш жоизки, «кўнгил иши», «ҳар ким севгани билан яшасин», «турмуш мажбуран қурилмаслиги керак», деган фикрларга қарши чиқиш ниятимиз йўқ. Аммо ана шу кўнгил қўйиб берса нималар қилмаслигини ҳам инкор этолмаймиз. Жумладан, юртимизда оила-турмуш доирасидаги жиноятлар сони ортаётгани, хотин-қизларнинг ўз оиласида зўравонликка учраётгани, ҳатто айрим ҳолларда қурбон бўлишаётгани аччиқ ҳақиқат. Умид билан оила қурган жуфтликнинг бири ҳаётни тарк этиб, бошқаси панжара ортига кетиши, бўзлаб қолган норасида болалар эса энг оғриқли муаммоларимиздан. Республикамиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан олинган қуйидаги маълумотлар кишини сескантиради. Жиноят тафсилотлари қаҳрамонлари — зўравон эрлар ва уларнинг қурбонига айланган аёллар ҳақида таниша туриб, қачонлардир шулар ҳам бир-бирига меҳр билан тикилганмикан, деган ўйга боради киши.

Жасадни бир йил яширган

2017 йилнинг августида фуқаро Н.Раҳимов маст ҳолда(!) Тайлоқ тумани «Гулобод» маҳалласида жойлашган аҳолига хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган ошхонада турмуш ўртоғи М.Раҳимова билан ўзаро жанжаллашиб, ожизанинг қорин, бел соҳаларига ва танасининг бошқа қисмларига шафқатсизларча тепиб жароҳат етказади. Бу ҳам етмагандек, хотинини бўғади. Оқибатда аёл вафот этади. Эр эса қурилиши битмаган дўкон бурчагидан 70 см.ли чуқур қазиб, жасадни бамайлихотир кўмади. Фарзандларию маҳалладошларига турмуш ўртоғининг Россияга кетиб қолганидан нолиб ҳам қўяди.

Аммо қинғир ишнинг қийиғи очилмай қолмади, қотиллик фош бўлди. Суд жараёнида судланувчи Н.Раҳимов Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва тегишли жазога тортилди.

Рашк — имонданми?

2019 йилнинг 13 май куни соат 13:00 ларда Хоразм вилояти Шовот туманида қотиллик юз берди. Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, «Арбек» маҳалласида яшовчи фуқаро М.О. (1973 йилда туғилган) турмуш ўртоғи Ф.Э.ни рашк қилиб, жанжал кўтарган. Оқибатда эрнинг кўзи қонга тўлиб, ошхона пичоғи билан турмуш ўртоғининг бўйин қисмига жароҳат етказган, Ф.Э. (1978 йилда туғилган) воқеа жойида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан М.О.га нисбатан шу куннинг ўзида Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Худди ўша куни

Айни санада Самарқанд вилояти Самарқанд тумани «Янгижой» маҳалласида яшовчи 41 ёшли эркак (исм-шарифи тергов манфаатларини кўзлаб сир тутилган) маст ҳолатда(!) хотини билан жанжаллашган. Чинни идиш ёрдамида аёлга жиддий тан жароҳатлари етказгани туфайли 40 ёшли аёл оламдан ўтган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Тергов жараёни давом этаётир.

Андижон вилояти Олтинкўл туманида яшовчи эркак маст ҳолда(!) турмуш ўртоғи билан жанжал кўтарган. Жаҳлини жиловлай олмаган эр ётоқхонадаги жавонда турган уяли алоқа воситаларини қувватлантирувчи симни олиб, хотинининг бўйин соҳасидан ўтказган ҳолда бўғиб, ерга йиқитган. Сўнг қўллари билан бўғиб, қасддан ўлдирган.

Туман судининг 2019 йил 15 апрель кунги ҳукми билан фуқаро Ш.А. Ўзбекистон ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Иллатнинг илдизи қаерда?

Оила мустаҳкамлигини заифлаштирувчи энг муҳим омиллар, уларга қарши курашдаги бирламчи маънавий эҳтиёжлар ҳақида Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси Феруза АЗИМОВА билан суҳбатлашдик.

— Оиланинг асосий таянчи бўлган эр-хотин бир-бирини тўғри тушунмаса, борича қабул қила олмаса, бир-бирига мослашишга уринмаса, ҳамкор, ҳамфикр бўлиб ўзаро қўллаб-қувватламаса, бундай оила ич-ичидан емирилиб боради, таназзулга юз тутади, — дейди Ф.Азимова. — Яна бир омил шундаки, телевизор, телефон, интернет тармоқлари орқали ўзлаштирилаётган маълумот ва ахборотлар тақлидчиликни кучайтириб, муносабатларнинг турланиши, кескинликнинг ошишига туртки бермоқда. Бундай ҳолатларнинг энг даҳшатлиси аҳоли ўртасида суицид ва қотилликнинг турли шакл ва кўринишлари оммалашиб боришида яққол кўзга ташланади. Фожиали жараёнлар, фойдаланилаётган усул-воситалар, қурбонлар ўзига хос: қайнота келинини; келин қайнона ёки қайнотасини; невара бобо ёки бувисини; ота ёки она фарзандини; ака-укасини; ука-акасини; эр хотинини; хотин эрини, ҳатто ўз-ўзини шафқатсизларча пичоқлаш, заҳарлаш, калтаклаш, осиш асносида ўлдириб қўйиш ҳолатлари урчиб бораётгани, афсуски, ҳақиқат.

Фожиа сабаблари тубдан ўрганилганда, иштирокчилар руҳий-маънавий қиёфасида эврилишлар, бўшлиқлар мавжудлиги кузатилади. Спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ҳам аксарият фожиаларнинг доясига айланган. Хусусан, бугун мамлакатимизнинг турли ҳудудларида эр томонидан ўз хотинини шафқатсизларча ўлдириш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бунинг сабаблари ҳар бир оиланинг ўзига хос муҳити, муомала-муносабати, ижтимоий-маиший ҳаётига монанд. Ўринсиз шубҳа-гумонлар, яқинларига нисбатан ҳурматсизлик, худбинлик, моддий эҳтиёж фожиани чақирган. Унутмаслик керакки, фожиа қандай сабаб, қандай кўринишда, кимлар томонидан содир этилмасин, унинг туб илдизида руҳий-эътиқодий мезонларнинг саёзлиги ётади, маънавий-ахлоқий тарбиянинг емирилишини кузатиш мумкин. Барча фожиаларда оилавий муҳит мувозанати бузилгани ойдинлашади.

Руҳиятнинг таянч нуқтаси

Инсон руҳияти, маънавиятининг таянч нуқтаси имон-эътиқодга бориб тақалади. Имонли инсон Яратганнинг олдида ҳисобдорлигини унутмайди. Маънавияти барқарор одам фақат яхшиликлар, эзгуликлар сари талпинади. Бундай инсонлар нафақат оиласига, балки бутун жамиятга фойда келтиради. Имон-эътиқоди заифлар ҳар қандай қабиҳликдан тоймайди. Демак, оилада, фарзанд тарбиясида эътиқод, виждон поклигига эришиш керак.

Шуларни эътиборга олсак, бугун биз оилаларда эру хотин, ота-она, фарзанд, ака-ука, опа-сингил ўрнини мустаҳкамловчи, исломий эътиқодни ривожлантирувчи, инсоний қадриятларни сақловчи, одоб-ахлоқ, меҳр-оқибатни тарғиб этувчи манбаларга, амалий ҳаракатларга эҳтиёж ниҳоятда юқори эканини англаймиз. Шу мақсадда, Республика Маънавият ва маърифат марказида тегишли соҳалар ҳамкорлигида узлуксиз маънавий тарбия концепцияси ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий муҳит харитасини шакллантириш ва такомиллаштириш методикаси ишлаб чиқилмоқда. Бу, ўз навбатида, ҳар бир маҳаллага кириб бориб, ҳар бир оиланинг ижтимоий-маиший аҳволи, руҳий-маънавий қиёфасини ўрганиш, аниқланган муаммоларга самарали ечим излаш ва шу орқали жамият ҳаётини юксалтириш имконини беради.

Сўнгсўз ўрнида

Юқорида эру хотиннинг бир-бирига меҳр билан тикилиши ҳақида фикр юритдик. Дарҳақиқат, никоҳ куни қай келин-куёвга разм солманг, бири-бирига муҳаббат ва табассум билан юзланади. Аммо орадан сал ўтмай, аксарият жуфтликлар ўртасида меҳрдан асар ҳам қолмайди. Бир-бирини кўрарга кўзи йўқ бундай эр-хотинларнинг оз эмаслиги оилавий ажралишлар сонининг юксалиб бораётганидан ҳам аён.

Аслида оила қуришдан осон иш йўқ, аммо уни асрай билиш, гард қўндирмаслик, ҳимоя қила олиш — энг катта қаҳрамонликдир. Ахир, ҳаёт йўллари шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Қийин дамларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, ҳурмат кўтарилса, ишончга путур етса, бундай оиладан тотувлик кетади, барака учади. Бир машҳур ёзувчи айтганидай, «Муҳаббат, бу — бир-бировга тикилиб туриш эмас, балки бир томонга биргаликда тикилишдир». Шундай экан, юқоридаги ҳақиқатларни ёшлар онгига янада чуқурроқ сингдириш фойдадан холи бўлмайди.

Юлдуз ҲОЖИЕВА, «Маhаllа»

Манба: «Маhаllа» газетаси

"Ҳуқуқ олами" каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g


Report Page