ХОРИЖИЙ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИ ТАМОМЛАГАН ЁШ МУТАХАССИСЛАРНИНГ ЛАВОЗИМ МАОШИГА ҚЎШИМЧА УСТАМАЛАР ТЎЛАШ ТАРТИБИ
@uzbyuksalishХориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олаётган, илм-фан билан шуғулланаётган, етакчи компанияларда ишлаётган ҳамда юксак билим ва малакага эга бўлган Ўзбекистон ёшларининг Ватанимизга келиб ишлаши учун зарур шарт-шароит яратиш, уларга уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизим жорий этилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ – 6260-сонли Фармони шу мақсадда эълон қилинди.
Мазкур фармонга кўра, давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилган.
Фармон билан белгиланган қўшимча устамалар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ёш мутахассис ва унинг иш берувчиси ўртасида имзоланган шартнома асосида ҳар ой тўлаб борилади. Шартнома 3 йилгача бўлган муддатга тузилади ва тўловлар иш берувчи томонидан амалга оширилади.
Бугунга келиб, агентлик томонидан ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар рўйхати, давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати шакллантирилиб, Агентликнинг расмий веб-сайти — www.argos.uz га жойлаштирилди.
Халқаро эътироф этилган рейтинг берувчи ташкилотлар:
Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World University ҳисобланади.
Ушбу рейтингларда эълон қилинган университетлар рўйхати Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг расмий веб-сайти — www.tdi.uz да жойлаштирилди.
Устамалар миқдори қуйидагича белгиланган:
Мисол учун (2022 йил рейтинги бўйича):
1. АҚШнинг Stanford University QS рейтингида 3-ўринда туради. Мазкур университетнинг бакалавр босқичини битирган ёш мутахассисга БҲМнинг 30 баробарида устама тўланади.
2. Россиянинг Миллий тадқиқот ядро университети QS рейтингида 319-ўринда туради. Мазкур университетнинг магистратура босқичини битирган ёш мутахассисга БҲМнинг 20 баробарида устама тўланади.
3. Буюк Британиянинг University of Dundee Таймс рейтингида
250-ўринда туради. Мазкур университетда докторлик даражасини олган мутахассисга БҲМнинг 60 баробарида устама тўланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунига асосан, ёш мутахассис — олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битирган, таълим муассасасини битирганидан сўнг олган ихтисослиги бўйича уч йил ичида ишга кирган ва маълумоти тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган ихтисослиги бўйича ишлаётганига уч йилдан кўп бўлмаган ўттиз ёшдан ошмаган ходим ҳисобланади.
Устамалар бўйича шартномалар қуйидаги тартибда расмийлаштирилади:
Давлат органи, ташкилоти ёки муассасаси раҳбарининг мурожаат хати ва унга иловада:
Ёш мутахассиснинг хорижий дипломи, унинг иловаси нусхаси;
Ёш мутахассиснинг паспорт нусхаси;
Ёш мутахассиснинг хорижий давлатда олий таълим олганлик тўғрисида ҳужжатни тан олиш ҳақидаги Гувоҳнома;
Ёш мутахассиснинг ишга қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
Ёш мутахассис ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг нусхаси.
Барча ҳужжатлар Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига электрон шаклда тақдим этилади.
Фармонга кўра, қўшимча устамалар бакалавриатни битирган ёш мутахассислар учун БҲМнинг 15-30 баробари (4-8 млн.сўм), магистратура учун 20-40 (5,4-10,8 млн.), докторантура учун 50-75 (13,5-20,2 млн.) миқдорида белгиланган.
Бугунги кунда Агентлик томонидан 32 нафар ёш мутахассис ва уларнинг иш берувчилари билан уч томонлама шартномалар имзоланган.
Соҳалар кесимида ёш мутахассислар таркибининг 28% – ишлаб чиқариш ва муҳандислик, 19% – иқтисодиёт, 25% – математика, 16% – АКТ, 6% – ҳуқуқ, 6% – бошқа соҳани ташкил этади.
Жараён давом этмоқда.