ХОРАЗМ ВИЛОЯТ СУДЛАРИНИНГ 9 ОЙЛИК ФАОЛИЯТИ

ХОРАЗМ ВИЛОЯТ СУДЛАРИНИНГ 9 ОЙЛИК ФАОЛИЯТИ

Bunyodbek

Хоразм вилоят суди ва вилоят маъмурий судининг жорий йилнинг ўтган 9 ойидаги фаолиятига доир ахборотни жамоатчиликка етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилояти бошқармаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда матбуот анжумани ўтказилди. Унда мутасаддилар ОАВ вакилларига йўналишлар бўйича қилинган ишлар ҳақида маълумот беришди.

Ўтган тўққиз ойи давомида вилоят судларида жами 902 та жиноят, 11 минг 192 та фуқаролик, 6 минг 362 та иқтисодий, 1211 та маъмурий ва 15 минг 529 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган. Шунингдек, 87 нафар шахс суд залидан қамоққа олинган, 45 нафар шахс қамоқдан озод этилган. 619 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ва 19 нафар фуқаро оқланган.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 325 та ёки 36,1 % жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган. Бу кўрсатгич фуқаролик ишлари бўйича судларда 3 минг 524 та яъни 31,5 %ни, иқтисодий ишлар бўйича судларда 2 минг 715 та яъни 42,6 %ни ташкил этган.

Маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг 415 таси, яъни 34,2 %и сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган. Суд амалиётида ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича 447 та ариза кўриб чиқилган ва шундан 260 таси қаноатлантирилган.

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида иқтисодий судларда кўрилган ишларни 2020 йилнинг шу даври билан таққосланганда, солиқ қарздорлигини ундириш бўйича 247 тага, маҳсулот етказиб бериш шартномаси бўйича 669 тага, кредит шартномаси бўйича 255 тага, тадбиркорлик субъектларининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш юзасидан 2036 тага кўпайган.


Хоразм вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими.