ХОЛИСОНА ХУЛОСА ОЛИШ: БУНИНГ НИМАСИ ЁМОН?

ХОЛИСОНА ХУЛОСА ОЛИШ: БУНИНГ НИМАСИ ЁМОН?




Куни-кеча яна бир мутлақо ўринсиз ёки асоссиз “эътироз”га дуч келдим. У қуйидагича “янграмоқда”: “Қачондан давлат органининг назорат функциясини бажаришда чет эл консалтинг компанияларининг хулосасини олиш талаби пайдо бўлиб қолди. Тушунарсиз. Қонун талабими бу...?”.

 

Давлат органи ўз назорат функциясини қандай бажарганлигига баҳо беришда чет эл консалтинг компаниялари хулосасини олишнинг нимаси ёмон? Бунинг нимаси тушунарсиз? Ҳатто, хулоса олишни ҳам қонунда белгилаб қўяйликми?...

 

Ўз фаолиятимизга ўзимиз баҳо бериб, ўз-ўзимизга ўзимиз “шайдо” ёки “маҳлиё” бўлгандан кўра ўзгаларнинг  холис ва объектив баҳосини эшитиш маъқул эмасми? Одатда, фаолиятимизга доир ўзгаларнинг баҳосини эшитиш бизда ўз-ўзимизга нисбатан ишончни мустаҳкамламайдими?

 

Бунинг устига, биз мурожаат қилмоқчи бўлган чет эл консалтинг компаниялари ихтисослашган компаниялар ҳисобланади. Ўзбекона айтганда, улар ўз ишларининг “қассоб”ларидир. “Чумчуқ”ни сўйишда “қассоб”га мурожаат қилмасдан, кимга мурожаат қилиш керак?...

 

Бу ўринда масаланинг бошқа бир жиҳати ҳам бор: чет эл ихтисослашган консалтинг компаниялари хулоса беришда, энг аввало, холисликдан келиб чиқишади. Бу ўринда улар учун “Эшмат” ёки “Тошмат”нинг манфаатларига устуворлик бериш, “одамгарчилик” қилиш ва ҳ.к.лар – бир тийин. Улар ҳам “нега”дир менга ўхшаб, доим “оқ”ни – оқ, “қора”ни – қора дейишади. Шу “принцип”га ҳатто бирор марта ҳам риоя этмаслик, бу компанияларнинг келажак “тақдир”ига “крест” қўяди.  Буни эса улар асло исташмайди...

 

Бу сафар ҳам “эътироз” билдирувчиларни тушунишга ҳаракат қилдим-у, лекин – бўлмади. Уларнинг юқоридаги мазмун ва тарзда билдирилган “эътироз”ларига қай томондан қарамай, барибир, баён қилганларимдан бошқа “вариант”ларни топа олмадим.

 

Ўйланманг: ҳукумат маддоҳи эмасман. Зеро, доим “Борини – бор, йўғини – йўқ” дейиш ҳаётим мазмунини ташкил этган. Шунинг учун бу сафар ҳам шундай иш тутдим. Узр, тарки одат – амри маҳол.

 

Тоҳир МАЛИКОВ

Иқтисод фанлари доктори, профессор



Report Page