ХОЛИС ЭЪТИРОФ

ХОЛИС ЭЪТИРОФ

@quranuz_kanali

Кейт Мур Канаданинг (Онтариё) Торонто университетида жарроҳлик факултети, анатомия кафедрасининг фахрий профессорларидан бўлган. У Америка клиник анатомлари ассоциацияси асосчиларидан бири ҳамда «Амалиётга йўналтирилган анатомия» ва «Амалий анатомия асослари» каби анатомия фанига оид машҳур китобларнинг ҳаммуаллифи ҳамдир.

1980 йили доктор Мур Қирол Абдулазиз университетида анатомия ва эмбриология фанларидан маъруза (лекция) бериш учун Саудия Арабистонига таклиф қилинади. Ушбу сафар давомида Қирол Абдулазиз номидаги Эмбриология фани Қўмитаси, профессорга Қуръони Каримнинг инсон пайдо бўлиши ва унинг эмбриологик ривожланиши ҳақидаги оят ва ҳадисларни илмий таҳлили учун мурожаат қилади.

Профессор Кейт Мур милодий еттинчи асрда нозил бўлган Каломнинг бир неча оятларидаги илмий аниқликни кўриб лол қолган эди.

«Охирги уч йил давомида Саудия Арабистони, Жидда шаҳрида жойлашган Қирол Абдулазиз номидаги Эмбриология фани Қўмитаси билан Қуръон ва Суннатдаги инсон пайдо бўлиши ва унинг эмбриологик ривожланиши ҳақидаги оят ва ҳадисларни илмий таҳлил қилишда кўмаклашиб, ишлаб келдим. Бошланишига, ҳали эмбриология фани пайдо бўлмасиданоқ милодий еттинчи асрда нозил бўлган оятларнинг аниқлигидан ҳайратга тушдим», - дейди профессор Мур.

Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган конференцияда профессор ўз илмий тадқиқот ишини тақдим қилар экан нутқининг сўнггида қуйидагиларни сўзлади: «Қуръони Каримда зикр қилинган эмбрион ва ҳомила ривожланиши босқичлари мусулмон талабаларига (уларга дарс бериш жараёнида) ўқитилиши керак, сабаби у маълумотлар она қорнидаги гўдак ривожланишининг энг замонавий тушунчаларига мувофиқ келади. Шунингдек, бу мусулмон доктор ва ҳамширалар ўз беморларига инсоннинг ривожланишини Қуръон оятлари билан тушунтириш имконини беради. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) еттинчи асрда инсон ривожланиши ҳақидаги бу маълумотларга эга эмас эди, сабаби маълумотларнинг аксари йигирманчи асрга қадар ўз тасдиғини топмаган эди. Муҳаммадга бу илм барча нарсани - бизнинг қандай ривожланишимиздан тортиб, қандай яшашимиз ва қай тарзда фаолият юритишимизгача билувчи Зотдан ато этилган, деб, хулоса қилган мусулмонлар ҳақдирлар».

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 1983 йили Профессор Кейт Мурнинг эмбриологияга доир «Ривожланаётган одам» китобининг Қирол Абдулазиз университети билан ҳамкорликда махсус (Қуръон оятлари билан шарҳланган) исломий нашри чоп этилган. Ушбу исломий нашрни тайёрлаш давомида унга Шайх Абдулмажид аз-Зиндоний ва бошқа олимлар кўмаклашган. Китоб асл инглиз тилидаги нусхаси билан рақобатлашишини олдини олиш учун сотувга чиқарилмаган, балки исломий кутубхоналар учун мўлжалланган.


Манбалар асосида Жавоҳир Абдуллоҳ ўғли тайёрлади


Report Page