ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИ САРҲИСОБ ҚИЛИНДИ

ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИ САРҲИСОБ ҚИЛИНДИ


   Хоразм вилояти ИИБда Тергов бошқармасининг жорий йил 6 ой якунига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлим ва бўлинма бошлиқлари, терговчилар ҳамда суриштирувчилар иштирок этишди.

Йиғилишни вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, тергов бошқармаси бошлиғи, подполковник А. Пўлатов очиб, жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалаларига тўхталиб ўтди.

   Шунингдек, тадбирда шаҳар ва туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими ва бўлинмалари бошлиқларининг ҳисоботлари ҳам тингланди. Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилиш давомида вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган ҳар бир терговчи ва суриштирувчиларнинг хизмат фаолияти алоҳида таҳлил қилинди. Сарҳисоб натижаларига кўра, хизмат фаолиятида камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди.

  Шу билан бирга, хизмат вазифасини бажаришда юқори натижаларга эришган 4 нафар ходимга 2 миллион 500 минг сўмдан пул мукофоти, 5 нафари эса, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг қўл соатлари, яна 5 нафари вилоят ИИБ раҳбариятининг “Ташаккурнома”си билан тақдирланди.

Бундан ташқари, ижобий натижаларни қўлга киритган шаҳар ва туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимлари ва бўлинмаларига “Артел” русумли телевизорлар, компьютер жамланмалари ҳамда “Epson” ва “Canon” русумли принтерлар топширилди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

 “Postda” мухбири.

                                                                                       

 


Report Page